Мақолалар

Аёлларга улуғ мартабани ҳадя этган, уларни ҳимоя қилган дин Исломдир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат оналар оёғи остида эканлигини хабар беришлари ҳам оналик мартабаси қанчалик юқорлигидан далолатдир.

Афсуски, бугун она­сига, аёлига яхши муо­мала қилмаётган ким­салар бор. Ачи­нарлиси, ке­йинги пайтларда ота-онасидан норози бўлиб, имом-домлаларга шикоят қи­ла­ётганлар пайдо бўляпти. Буни кўриб ёқа ушлайсан киши. Наҳот фарзанд ўз онасидан норози бўлса? Ахир она дакки эшитиш учун боласини катта қилганми?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Раб­бингиз сизларга ёлғиз унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онангизга ях­шилик қилишингизни амр этди, деб буюради (Исро сураси, 32-оят)

Демак, ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилгандан кейинги му­ҳим амал ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

Ожиза аёлларимизга меҳр кўрса­тиш, ҳурмат-иззат қилиш ҳар бир киши­нинг бурчидир.

Хадича розияллоҳу анҳога Аллоҳ­нинг саломи ва раҳмати Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида келганини унутмаслигимиз керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линган ҳадисда Набий соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу Хадича у идишдан нонхўрак олиб келмоқда. У сизни олдингизга келса, Раббисидан салом етказинг ва жаннатдаги олтиндан бўлган уйнинг башоратини беринг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Албатта, Пайғамбаримиз суннатларига амал қилиб, онасини, аёлини ҳурмат-эҳтиром қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай йигитлардан бирининг иши барчамизга ибрат бўлиши керак.

Машина олди-сотдиси билан шуғулла­нади­ган тадбиркор шу воқеани ай­тиб бер­ди: .

«Бир дўстим қиммат автомашинасини сотишга мажбур бўлиб қолди. Бозорга тай­ёрлаш учун менга олиб келиб берди. Уч кун машинани ювиб, чиройли ҳолат­га келтирдим. Тўртинчи куни дўстим ҳов­лиқиб кириб келди: “Оғайни, ишқилиб машинамни бирор кишига сотишга ваъда қилиб қўймадингми?” деди. Мен: “Йўқ, энди тайёр бўлди-ку”, дедим. Дўстим: “Худога шукр. Хабаринг бор, ҳар якшанба онамни манзарали жойларга олиб бориб, айлантириб келаман. Бундан онам маза қилиб ҳордиқ чиқаради. Кеча онам: “Ўғ­лим, шу машинанг менга жуда маъқул-да. Айниқса, табиатни томоша қилишни завқи бўлакча”, деб қолди. Машинани сотаётганимдан хабари йўқ эди-да. Кел, дўстим, шу машинани сотмайлик. Пулни бошқа жойдан топарман. Онам хурсанд бўлса бўлди, қолгани ё Раззоқ”, деди. Онасининг бир оғиз сўзи учун дўстим ма­шинасини сотмади. Аммо кўп ўтмасдан унинг иши юришиб, тижоратдан катта даромад кўрди. Ҳозир ҳам шу маркабда доим онасининг хизматини қилади».

Ҳа, онани рози қилишда кўп хайрлар бор. 

Маъруфхон АЪЛОХЎЖАЕВ,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби

 
596 марта ўқилди

Мақолалар

Top