Мақолалар

Аллоҳ илмсиз амални қабул қиладими?

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмни ҳар кимга ҳам насиб этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривояти)

“Фақиҳ” фиқҳ илмини яхши билгувчи инсон демакдир. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм” яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдир. Демак, кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билувчи қилиб қўяр экан.

Уламоларимиз шариат илмларини “зоҳирий фиқҳ” деб атайдилар. Ёки оддий қилиб “фиқҳ илми” дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизларга ҳақиқий фақиҳнинг хабарини берайми? У одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган ва уларга Аллоҳ таоло осий бўладиган ишларга рухсат бермайдиган кишидир. Одамларни Аллоҳнинг макридан бепарво қолдирмайдиган кишидир. Бошқага рағбат қилиб Қуръонни тарк қилмайдиган кишидир”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Фақиҳ дунёда зоҳидлик қилувчи, охиратга рағбат қилувчи, динини яхши билувчи, Роббининг ибодатида бардавом, мусулмонларнинг обрўсини сақловчи, молларида иффатли ва уларга насиҳат қилувчи шахсдир”, деган.

Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Илм”, дедилар.

У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у киши:

“Ё Аллоҳнинг расули, Сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?” дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир”.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга илм ва маърифатни ҳамиша ҳамроҳ айласин.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

805 марта ўқилди

Мақолалар

Top