Мақолалар

Чин уммат бўлишга ошиқайлик

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган рабиъул аввал муборак ой ҳисобланади. Жорий йилги милодий ҳисоб бўйича ушбу ғанимат дамлар 2017 йилнинг 20 ноябридан 19 декабригача давом этади.


Мўмин-мусулмонларимиз ушбу ойда Набий алайҳиссаломни ёд этиб, ул зотнинг ҳаёт йўллари баён этилган китобларни мутолаа қилишади, суннат амалларини кўпроқ бажаришга ҳаракат қилишади ва салоту саломлар айтилади. Бу амаллар билан ул зоти шарифга бўлган муҳаббатимиз янада зиёда бўлади, иншоаллоҳ.
“Мавлид” сўзи луғатда “туғилиш”, “туғилиш они” каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса, Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунлари, ойлари ҳамда шу муносабат билан қилинадиган йиғин ва унда ўқиладиган саловот, дуою зикрларга айтилади.


Мавлид тадбирларини ўтказиш анъаналари 6-7 асрларга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳурмат кўрсатиш, хотирлаб туриш мақсадида жорий қилинган. Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий, Шайх Шаҳобиддин Қасталоний каби машҳур олимлар мавлид кунини нишонлаш, ушбу кунда Расули Акрам ҳақларида қасидалар ўқиш, дуруду салавотлар айтиш дурустлигига фатво берганлар.


Шу ўринда айтиш керакки, Ўрта асрларда ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутганлиги сабабли мавлид маросимларига тасаввуф намоёндалари бош бўлишгани манбаларда қайд қилинган.


Диёримиз мўмин-мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид ойини нишонлаш одат тусига кирган. Шу муносабат билан робиъул аввал ойи келгач, юртимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида қуйидаги мавлид тадбирлари ўтказилади:


Биринчи, республикамиздаги барча жоме масжидларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинади. Масалан, диёримиз масжидларида 2017 йилнинг 24 ноябрь куни “Мавлиди Набий муборак” жума тезиси асосида маъруза қилиниши режалаштирилган. Шу муносабат билан жоме масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” китоби ўқилади.


Иккинчи, мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларига асосан хонадонларда ўтказиладиган мавлид тадбирларида имом-хатиблар ҳам иштирок этиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гўзал сифатлари баён этилиб, мавлиди шариф ўқилади.


Учинчи, мавлид тадбирларида масжидлар томонидан ва ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва меҳрибонлик уйларига меҳр-мурувват ҳамда хайрия ишлари амалга оширилади.


Тўртинчи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида Мавлид ойи муносабати билан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ибрат мактаби” номли давра суҳбати, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларимиз” мавзусида “Сийрат” фани бўйича мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган.


Бешинчи, уламолар, диний соҳа ходимлари ҳамда имом-хатиблар даврий нашрлар, интернет тармоқлари ва теле, радио дастурларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, тутган йўлларининг бағрикенглиги, ҳеч кимга зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканларини тарғибу ташвиқ қилишади. Шунингдек, турли танлов ва мусобақалар ўтказилади.


Ўз навбатида биз ҳам барчани диний идора томонидан ташкил этилаётган мана шундай хайрли ишларнинг хайрихоҳи ва иштирокчиси бўлиб, ҳақиқий уммат бўлиш бахтига муяссар бўлишга даъват этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

6989 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top