Мақолалар

“Дуоларингда мени унутма, болажоним...”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг жаннатда даражаси кўтарилиб қўйилади. Шунда у: “Бу мен учун қаердан ҳосил бўлди?” дейди. “Фарзандинг сенинг ҳаққинга истиғфор айтгани учундир” дейилади, дедилар».

Исломнинг илк даврларида Роҳиба исмли басралик солиҳа бир аёл яшаб ўтган. У ҳақида ўғли бундай ҳикоя қилади: “Онам ўлим тўшагидалигида назарини осмонга қаратиб: “Эй борлиғим, эй икки дунёда суянганим! Ўлим бўсағасида мени ташлаб қўймагин, қабрда ёлғиз қолдирмагин”, деди ва жон таслим қилди.

Орадан вақт ўтди. Мен ҳар жума кунида унинг қабрини зиёрат қилиб, ҳаққига дуолар қилар, у учун ҳам, қабристондаги бошқа маййитлар учун ҳам истиғфор айтар эдим.

Тунларнинг бирида онам тушимга кирди. “Онажоним, аҳволингиз қандай?” деб сўрадим. Онам эса: “Болагинам, ўлимни ўзига яраша аччиғи ва машаққати бўлар экан. Аллоҳга шукр, ҳозирбарзахдеб аталмиш жойда, мақталадиган ҳолдаман. Райҳонлар устида, сундус (юпқа ипак) ва истаброқ (қалин ипак) ёстиқларга суяниб маҳшар кунини кутиб ётибман”, деди.

“Бирор-бир нарсага эҳтиёжингиз борми, бажарай”, дедим. Онам: “Ҳа, эҳтиёжим бор. Бизни зиёрат қилиш ва ҳаққимизга дуойи хайр қилишни ташлаб қўйма. Чунки менга ҳар жума кунги зиёратинг хушхабар қилиб етказилади. “Эй Роҳиба. Ўғлинг сени зиёрат қилгани келди”, дейишади. Бундан мен ҳам, атрофимдагилар ҳам жуда хурсанд бўламиз”, деб жавоб қайтарди”.

Ҳижрий V асрда яшаган бир йигит айтган экан: “Ўзим учун бир ишни вазифа қилиб олганман. Ҳар кечаси икки ракат намоз ўқийман. Унда жуда кўп Қуръон тиловат қиламан. Барчасининг савобини эса ота-онамга бағишлайман. Бир сафар отамни тушимда кўрдим. У менга: “Эй ўғлим, Аллоҳ сени мукофотласин. Бизга бағишлаётган савобларинг етиб келди”, деди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

503 марта ўқилди

Мақолалар

Top