Мақолалар

Ҳожилик мақоми

Муборак ҳаж ибодати – ислом динининг энг муқаддас ва шарафли амалларидан бири. Ҳаётда ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаж зиёратига бориш орзуси билан яшаса керак. Аллоҳ таолонинг инояти билан бу муборак амални адо этганларга шу боис ҳавасимиз келаверади.

Муборак ҳадисларда: Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Банда уч нарса: дил, тил ва бадан орқали амалга оширилган амаллар орқали савобга эришади, дейилади. 

Барчамизга маълумки, ислом дини ички ва ташқи амаллардан иборатдир. Ният ички амал ҳисобланиб, у қалб билан боғлиқ бўлади. Бу ҳадиснинг буюклиги, шаъни улуғлиги, саҳиҳлиги, фойдаси, манфаати ниҳоятда кўплигини барча муҳаддислар ва уламолар таъкидлашган. Бугун улуғ сафарга тайёргарлик кўраяпмиз, бориб келяпмиз. Бу – гўзал ниятларимиз ижобат бўлаётганидан нишона.

Ҳар бир зиёратчи улуғ ҳаж ибодатига етказгани учун Ҳақ таолога беҳисоб шукроналар келтириши, ҳожилик мақомига муносиб бўлиш учун ибодатларни ихлос билан адо этиши, юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиши зарур.

Шунингдек, ҳар бир ҳаж ва умра зиёратини адо қилган ҳожилар машаққат чекиб қилинган ибодатлари янада мукаммал бўлмоғи учун умр бўйи ҳаракатда бўлиши, жумладан, ўз юртларига қайтганда қўни-қўшнисига, маҳалласи ва қавми-қариндошлари олдида доимо намунали ва тартиб-интизом билан ўрнак бўлмоғи лозим. Хайрли ишларда бардавом, бева-бечоралар, ногиронлар ва касалманд кишилардан хабардор бўлиб, атрофдагиларга насиҳат қилиб, имкон қадар қўлидан келганча яхшиликка буюриши, ёмонликдан қайтариши, инсонлар ўртасида ҳимжиҳатлик, аҳиллик ва тотувликни таъминлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъдаларига кўра, ҳаж ибодатини мукаммал адо этган кишининг мукофоти, шубҳасиз, жаннатдир. Шундай улуғ мақомга эга бўлиб қайтган ҳожи энди мутлақо бошқа инсондир. Зеро, у ҳарами шарифда буюк Пайғамбарлар юрган йўллардан юрди, муборак заминни кезди, улар қилган саъй-ҳаракатларни қилди, улар бажарган ибодатларни адо этди, гўё ўша улуғ зотларнинг зумрасига дохил бўлди. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муқаддас ерларни зиёрат қилди, қалбан покланди, гуноҳлари кечирилди.

Ҳаж ибодати гуноҳларига тавба қилган, хатоларини англаган, ҳаётини ислом мезони билан сарҳисоб қилган ва умр китобидан янги саҳифа очган ҳожи учун янги, покиза ҳаётга қўйилган илк қадамдир.

Аллоҳ таоло бандаларга нимани буюрган бўлса уни адо этиши, нимадан қайтарган бўлса, шундан қайтиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, тавсиялари, ахлоқларига, унингдек яхши сифатларга эргашиш керак. Энг аввало, ота-онани эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, улар вафот этган бўлса, руҳларини шод этиш, қариндош-уруғлар билан алоқани боғлаб туриш, уларга мурувват кўрсатиш, кўнгилларини олиш энг мақбул амаллардир.

Бундай шарафга муяссар бўлган юртдошларимиз мамлакатимиз остонасига қадам қўйишлари биланоқ, энг аввало, ҳар қандай дабдабабозликка чек қўйишига аминмиз. Дилларига тугиб қўйган эзгу тилакларини халқ билан баҳам кўрсинлар. Зеро, ҳожилик мақоми энг гўзал инсоний фазилатлар билан зийнатланганини кўрган ёш авлод эртага улар каби бўлишга интилиши, дуоларини олишга қизиқиши, шубҳасиз.

Бугун ҳар бир ўзбекистонликнинг кўнгли муқаддас зиёратгоҳга интилса, кўнгиллар обод бўлади, гўзал фазилатли инсонлар сафи кенгаяди. Янги Ўзбекистон сизу биздан юрт тинчлиги, маҳаллаларда осойишталик бўлиши, фарзандларимиз камоли йўлида бирлашишимизни, аҳил-иттифоқ бўлишимизни, эзгу ниятларимизни амалга оширишда якдил бўлишимизни сўрайди. Биз ҳамиша бунга муносиб бўлмоғимиз лозим. 

 Абдулбосит Раҳимов,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударирси

1575 марта ўқилди

Мақолалар

Top