Мақолалар

Таҳажжуд намози фазилатидан бир шингил

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Термизий ривояти), дейилган.  Аллоҳ таоло Расулига хитобан: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79), деб марҳамат қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон канда қилмаганлар. Ҳатто, оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).

Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар. Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади. Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар.

Ҳурматли мўмин биродар. Агар уйингиз нурли, ўзингиз файзли бўлиб доимо фаришталар эътиборида бўлишни истасангиз, бугундан бошлаб тунги намозни бошланг, агар ўқиб юрган бўлсангиз давомий бўлишида Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

4685 марта ўқилди

Мақолалар

Top