Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: Ота-она ва фарзанд

1-савол: Ота-онамиз вафот этишган. Биз қандай амаллар қилсак, уларга савоби тегиб туради? 

Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу: “Инсон вафот этиши билан унинг амали тўхтайди, фақат уч томондан унга савоб бориб туради: садақаи жория, фойдали илм ва дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанд”, деганлар. Демак, сизнинг дуонгиз ва солиҳ амалларингизнинг савоби ота-онангизга тегади. 

2-савол: Тиббий кўрик натижалари эрнинг бепуштлиги, хотиннинг фарзанд туғиши мумкинлигини кўрсатди. Замонавий илм-фан эса, бундай ҳолатда бегона эркакнинг пуштини хотиннинг бачадонига сунъий йўл билан юбориш орқали ҳомила пайдо қилиш имкониятига эга. Ҳар бир эр-хотиннинг фарзанд кўришга бўлган истагини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг умидини шу йўл билан рўёбга чиқариш шаръан жоизми? 

Жавоб: Сунъий уруғлантиришнинг икки тури мавжуд. Биринчиси жоиз. Бу никоҳда бўлган эр-хотиннинг ўртасидаги мазкур амалиётни ўтказишдир. Иккинчиси шаръан ножоиз. Яъни, никоҳи бўлмаган эркакнинг уруғини солиш. Ҳозирги илм-фан сунъий йўл билан уруғлантириш борасида, шаръий никоҳ орқали эр-хотин бўлганлардан ташқари, бегона эркак ва аёлнинг ҳам уруғ ва тухум ҳужайраси бир-бирига сунъий йўл орқали чатиштирилиб, фарзанд туғдириш ҳолатлари кузатилмоқда. Маълумки, эркак ва аёлнинг шаръий никоҳсиз жинсий яқинлик қилишлари зино ҳисобланади. Бегона эркак билан аёлнинг бевосита қўшилишлари ҳаром саналганидек, билвосита, яъни сунъий йўл билан уруғларини бир-бирига чатиштириш ҳам ҳаромдир. Шундай экан, беникоҳ эркак билан аёлдан сунъий йўл орқали туғилган фарзанд ҳам зинодан туғилган деб ҳисобланади. 

3-савол: Халқимиз фарзанд туғилгандан кейин кўп касал бўлса ёки вафот этса кейинги фарзандига Турсун, Турғун, Тўхтахон каби исмлар қўйишади. Бу ширк бўлмайдими? 

Жавоб: “Шу исмни қўйганимиз учун, шу исмнинг таъсирида бола ўлмади”, дейиш ширкдир. 

Касал бўлиш ҳам, вафот этиш ҳам Аллоҳ таолонинг изни биландир. Мазкур исмларда эса дуо маъноси бор. Агар дуо фаришталарнинг оминига тўғри келиб қолса, Парвардигори олам уни ижобат қилса, ажаб эмас. Зеро, ота-онанинг дуоси рад қилинмайди. 

Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифасидир. 

4-савол: Ўгай ота ва фарзанднинг бир бирлари устидаги ҳаққлари ҳақида ҳақ динимизда қандай кўрсатмалар берилган? Бу ҳақиқий ота ва фарзандлар каби Қуръон ва ҳадисларда баёни каби бир хилми? 

Жавоб: Бир одам етим бола асраб олса, унга ҳам ўз болалари каби қарамоғи даркор. Лекин улар аслида ҳақиқий ота-бола бўлмаганлари учун ҳақиқий ота-бола орасидаги бурч ва ҳақлардек вожиб ёки фарз даражасида бўлмайди. Бу алоқа икки тарафдан ҳам савоб умидида, инсонийлик юзасидан гўзал муносабат талаб қилади. Лекин бир томон бунга эътиборсиз қараганда ёки бош тортганда уни бу ишга мажбурланмайди. 

5-савол: Турмуш ўртоғим билан жанжаллашиб қолганимизда жахл қилиб “талоқсан” деб юборган эдилар. Билмай гапирвордим деб биринчи талоқ қайтариб олса бўлади деб суриштириб ўтирмасдан яна яшашда давом этдик. Ундан кейин ҳомиладор бўлдим, айтингчи фарзандимиз ҳалол эмасми? 

Жавоб: Бу ҳолатда талоқ тушгани аниқ. Лекин уни қайтиб олишнинг масаласи бошқа алоҳида масала бўлгани учун яшаб турган жойингизга яқин жойлашган масжидга чиқиб юзма-юз гаплашиб масалага ойдинлик киритиб олинглар. 

6-савол: Фарзандларнинг ёши катта бўлиб қолди. Фарзандларимнинг бахти очилиши учун қайси суралар, дуолар қилсак бўлади. Бу ҳақда алоҳида дуолар борми? 

Жавоб: Бунинг учун махсус дуолар йўқ. Сизлар ибодатда мустаҳкам бўлинглар, дуолар ижобат бўладиган вақтларни ғанимат билиб, Аллоҳ таолога дуо қилиб сўранглар. Истиғфор айтишни кўпайтиринглар. 

7-савол: Агар қиз асраб олинган бўлса, унда меросхўрлик ҳаққи бўлмайдими? У қиздан кейин туғилган ука бўлса, ота ҳовлини иккаласига баравар бўлиб берилса, ўғил(ука) рози бўлса бу ҳовлининг ярми қизга жоизми? 

Жавоб: Агар асраб олинган фарзанд икки ярим ёшга тўлгунча асраб олган аёлнинг сутидан эмган бўлса, у бола ҳам, шу аёлнинг туққан фарзандларидек бўлади. Мазкур муддат ичида эмган бўлмаса, у ўз фарзандидек бўлмайди. Асраб олувчи ота-оналар вафот этгач мерос олмайди. Мерос масаласи мерос қолдирувчи вафот этгандан сўнг унинг қолдирган мол-мулки ота-онаси, фарзандлари орасида тақсимланади. Агар фарзандлари бўлмаса, ака-ука, опа-сингиллари ҳам ундан мерос олади. Сиз айтган ҳолат мерос дейилмайди. Яъни тириклик ва соғломлик (ўлим тўшагида ётилмаган) чоғида қилган мулк тақсимоти мерос эмас, ҳадя бўлади. Бунда ҳадя қилувчи ихтиёрли. Асранди фарзандига ҳам, ўз фарзандига ҳам маълум миқдорда бўлиб бериши мумкин. Ҳадя қилишда фарзандларидан бирига кўп, иккинчисига оз бермасдан, адолат қилиши тавсия қилинган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

10000 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top