Мақолалар

Имом Абу Ҳанифанинг тавҳид тўғрисида васиятлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Имом Абу Ҳанифа – Аллоҳ таоло раҳматига олсин – деди: “имон тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрорнинг якка ўзи имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, мунофиқларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Шунингдек, маърифат1нинг якка ўзи ҳам имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, аҳли китобларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида деди: “Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” [Мунофиқун, 1]. Аллоҳ таоло аҳли китоб ҳақида деди: “Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар” [Бақара, 146]. Имон зиёда бўлмайди ва озаймайди. Чунки, имоннинг озайиши фақат куфрни зиёдалашуви билангина тасаввур қилинади. Унинг зиёда бўлиши фақат куфрни озайиши билангина тасаввур қилинади. Қандай қилиб, битта шахс бир ҳолатда ҳам кофир ва ҳам бўлиши мумкин бўлади. Мўмин ҳақиқий мўминдир. Кофир эса, ҳақиқий кофирдир. Куфрда шак бўлмаганидек, имонда ҳам шак бўлмайди. Аллоҳ таоло деди: “Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир” [Анфол, 4], “Ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир” [Нисо, 151]. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлган осийларнинг барчаси ҳақиқий мўминдирлар. Кофир эмаслар.

Амал имондан бошқа ва имон амалдан бошқадир. Далил шуки, кўп вақтларда мўминдан амал кўтарилади. Лекин, ундан имон кўтарилди дейиш тўғри бўлмайди. Масалан, ҳайз кўрган аёл, Аллоҳ таоло ундан намозни кўтаради. Лекин, ундан имон кўтарилди ёки Аллоҳ таоло унга имонни тарк қилишга буюрди дейиш тўғри бўлмайди. Шориъ унга рўзани тарк қил сўнгра уни қазосини тут деди. Лекин, имонни тарк қил сўнгра қазосини қил дейиш тўғри бўлмайди. Фақирни зиммасида закот йўқ дейиш мумкин. Лекин, фақирга имон вожиб эмас дейиш жоиз эмас.

Яхшилик ва ёмонликнинг барчасининг тақдири Аллоҳ таолодандир. Чунки, бирор киши яхшилик ва ёмонликнинг тақдири Аллоҳдан бошқасидан деб ўйласа, Аллоҳ талога кофир бўлади ва унинг тавҳиди бекор бўлади.

Амаллар учтадир: фарз, фазилат ва маъсият эканлигига иқрормиз. Фарз Аллоҳ таолонинг буйруғи, хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, яратиши, ҳукми, илми, тавфиқи ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, ҳукми, илми, тавфиқи, яратиши ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. {Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Агар шундай бўлганида фарз бўларди. Лекин, у Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қадари ва қазоси, ҳукми, илми, (амаларни бажаришга) сабабларни тўла-тўкис қилиб бериш ва иститоат2 орқали тавфиқ бериши ва яратиши яъни таквини – чунки, Аллоҳ таоло банадларнинг феълларини яратувчисидир. Бу борада баҳс ўтади – ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир}3. Маъсият Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, яхши кўрмаган ҳолда Унинг хоҳиши билан, рози бўлмаган ҳолда Унинг қазоси билан, тавфиқ бермаган ҳолда тақдири билан, қўллаб-қувватламаслиги, илми ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги билан бўлади.

Аллоҳ таоло эҳтиёжи бўлмаган ҳолда ва ўрнашиб олишликсиз Аршга истиво қилганига иқрормиз. У Арш ва Аршдан бошқасини эҳтиёжи бўлмаган ҳолда сақловчисидир. Агар муҳтож бўлганида, худди махлуқотлар каби оламни яратишга ва тадбир қилишга қодир бўлмас эди. Агар ўтиришга ва ўрнашишга муҳжтож бўлганида Аршни яратишдан олдин Аллоҳ таоло қаерда бўлган? Аллоҳ таоло бу ҳолатдан пок ва олийдир.

Қуръон Аллоҳ таолонинг махлуқ4 бўлмаган каломи, ваҳийси, нозил қилгани, Унинг айни ўзи эмас ва Ундан бошқа ҳам эмас. Балки, у Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати, мусҳафларда ёзилган, тиллар билан ўқилинувчи ва қалбларда унга тушмаган ҳолда ёдланувчидир. Сиёҳ, қоғоз ва ёзувларнинг барчаси махлуқдир. Чунки, булар бандаларнинг феълларидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Чунки, ёзув, ҳарфлар, калималар ва оятлар бандаларнинг буларга ҳожати бўлгани учун Қуръоннинг далолатқилувчиларидир. Аллоҳ таолонинг каломи Унинг отида қоим ва маъноси ўша нарсалар воситада тушунилувчиди. Ким Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ деса, буюк Аллоҳга кофир бўлади. Аллоҳ таоло маъбуддир. У ҳар доим қандай бўлса шундай бўлади. Унинг каломи Ўзидан ажралмасдан ўқилинувчи, ёзилган ва ёдланувчидир.

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сшнг бу уматнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар, сўнгра Усмон, сўнгра Али розияллоҳу анҳум эканликларига иқрормиз. Далил: “Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, (Аллоҳга) яқин бўлганлар. Сернеъмат жаннатлардалар” [Воқеа, 10-12]. Пешқадамроқ бўлган ҳар бир шахс борки, у афзалдир. тақводор ҳар бир мўмин уларни яхши кўради. Бахтиқаро ҳа бир мунофиқ уларни ёмон кўради.

Банда ўзининг амаллари, иқрори ва маърифати билан бирга махлуқдир. Ҳар қачон бажарувчи махлуқбўлса, унинг феъллари махлуқ бўлишга лойиқроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни улар учун кучқувват йўқ бўлган ҳолатда яратди. Чунки, улар кучсиз ва ожиздирлар. Аллоҳ таоло уларнинг яратувчиси ва уларга ризқ берувчисидир. Далил: “Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир” [Рум, 40]. Ишлаб топиш ҳалолдир. Ҳалолдан мол тўплаш ҳалол ваҳаромдан мол тўплаш ҳаромдир.

Одамлар уч турлидирлар: имонида содиқ мўмин, куфрида кўрнамак (муккасидан кетган, давом этувчи, маҳкам туриб олган) кофир ва имонида тилёғламачи мунофиқ. Аллоҳ таол мўминга амални, кофирга имонни ва мунофиққа ихлосни фарз қилди. Далил: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!” [Нисо, 1]. Яъни, эй, мўминлар итоат этинглар! Эй, кофирлар имон келтиринглар! Эй, мунофиқлар ҳаққоний бўлинглар!

Иститоъат феъл билан биргадир. Феълдан олдин ҳам эмас кейин ҳам эмас. Чунки, феълдан олдин бўлса, банда (феълга) ҳожати тушган пайтда Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиб қолади. Бу эса насснингҳукмига хилофдир. Далил: “Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар” [Муҳаммад, 38]. Агар иститоъат феълдан кейин бўлса, бу маҳол бўлади. Чунки, феъл иститоъатсиз ва тоқатсиз ҳосил бўлиши лозим келади. Икки маҳсига масҳ ториш муқим учун бир кеча-кундуз муддатда, мусофир учун уч кеча-кундуз муддатда вожиб эканлигига иқрормиз. Чунки, ҳадис шу тарзда келган. Ким буни инкор қилса, унга куфр хавф қилинади. Чунки, бу мутавотир хабарга яқиндир. Сафарда қаср5 ва ифтор6 қилиш Қуръон насси билан рухсатдир. Далил: “Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитнақилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир” [Нисо, 101]. Ифтор тўғрисида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” [Бақара, 184].

Аллоҳ таоло қаламга ёзишга буюргани, шунда қалам нимани ёзаман эй, Робб дегани, Аллоҳ таоло қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз деганига иқрормиз. Далил: “Ва уларнинг ҳар бир иши китоблардадир.Ҳар бир кичигу катта сатрлангандир” [Қамар, 52, 53].

Қуйидагиларга иқрормиз: қабр азоби шубҳасиз собитдир. Бир неча ҳадисларнинг мавжудлиги далил бўлгани учун мункар ва накирнинг сўроғи ҳақ. Дўзах ва жаннат ўз аҳллари учун яратилган7. Мўминларҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи далил: “тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” [Оли Имрон, 133]. Кофирлар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар” [Бақара, 24]. Аллоҳ у иккисини савоб ва иқоб учун яратди. Мезон ҳақдир. Далил: “Бизқиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз” [Анбиё, 47]. Китоблар8нинг ўқилиши ҳақдир. Далил: “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)” [Исро, 14].Қуйида келтирилганларга иқрормиз: Аллоҳ таоло бу жонларни ўлгандан кейин тирилтиришга ва миқдори эллик минг йил бўлган кунда жазо ва савоб ҳамда ҳақларни адо этиш учун чиқаради9. Далил: “Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур” [Ҳаж, 7]. Жаннат аҳли учун Аллоҳ таолога йўлиқиши кайфятсиз, ташбеҳсиз ва тарафсиз бўлган ҳолатда ҳақдир. Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоати жаннат аҳлидан бўлган мўминнинг ҳар бирига гарчи, у кабира гуноҳсоҳиби бўлсада ҳақдир. Оиша Хадичаи Кубродан кейин оламларнинг аёлларидан афзал, мўминларнинг онаси, зинодан пок ва рофизийлар айтганларидан йироқдир. Ким унинг зиддига зинога гувоҳлик берса, бас, у валади зинодир10. Аҳли жаннат жаннатда абадийдирлар. Аҳли дўзах дўзахда абадийдирлар. Мўминлар ҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи: “ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадийқолурлар” [Бақара, 82] далил бўлса, кофирлар ҳақида эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи “улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар” [Бақара, 39] далилдир”.

 Арабчадан Абдулҳодий таржимаси

1 Ақоид фанида имон масаласи баҳсида маърифат сўзидан Аллоҳ таолони таниш ва билиш тушунилади

2 Ақоид фанида иститоъат сўзи термин сифатида қўлланилиб, ундан бирор амални бажаришга Аллоҳтаоло томонидан берилган имконият, куч-қудрат, тоқат ва иқтидор тушунилади. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин маънодаги сўзлар бўлиб, бири бошқасининг ўрнида ишлатилаверади.

3 Ушбу белги ичида келтирилган гаплар “Васият” рисоласининг айрим нусхаларидагина мавжуд

4 Шариат истилоҳида махлуқ сўзи Аллоҳ таоло ва Унинг исм ва сифатларидан бошқа ҳамма мавжудотга қўлланилади.

5 Яъни, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракаъат қилиб адо этиш

6 Яъни, рўза тутмасдан оғзини очиб юриш

7 Яъни, ҳозир яратиб қўйилган

8 Яъни, номаи аъмолларнинг ўқилиши

9 Яъни, қабрларидан чиқаради

10 Ким Оиша розияллоҳу анҳу ҳақида Қуръон у зотни оқлаб, нозил бўлгандан кейин ҳам шу гапларни гапирса, нафақат валади зино бўлади, балки у шубҳасиз, ислом миллатидан чиққан кофир бўлади

 

10054 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top