Мақолалар

Меҳр-муҳаббат булоққа ўхшайди

Телеэкранда кўп қисмли миллий кино намойиш этиларди. Тасвирда ота билан ўғил атиргуллар тагини юмшатишяпти. Ўғилнинг юзи тунд.

– Ҳа, нега кайфиятинг йўқ? Шу мияси айниган онангнинг айтганини қилиб ширин рўзғорингни бузмоқчимисан? – дейди ота ўғилга...

Тавба, ота ўғлига ўзининг хотинини, яъни шу боласинининг онасини ҳақоратлаб сўзлади. Ўғил ҳам уни бошқа гаплар қатори пинагини бузмай эшитди. Демак, бундай суҳбатлар олдинлари ҳам бўлиб турган.

“Ўтган кунлар” киносидаги бир саҳна кўз олдимга келди: Ўзбек ойим Тошкентдан келин олиш ниятига етиш учун ўғли Отабекни марғилонлик “анди”ни хотин қилиб юриш­да айблайди. Юсуфбек ҳожи хотинининг бу гапидан беғараз кулади. Аслида, ўзи кўрмаган, билмаган одам ҳақида ҳар хил хулоса чиқариш тўғри эмаслигини, қолаверса, ўғлининг ўзига яраша фаҳм-фаросати борлигини зукко ҳожи билмасмиди? Билганида ҳам фарзанди олдида она обрўсини тўкишга йўл қўймасди, менимча. Ўғил ўстирган Ўзбек ойимнинг келин кўриш орзуси табиий ҳол эканини Отабекка вазминлик билан изоҳлайди Юсуфбек ҳожи. Халқимизда азалдан ота-она шаънини баланд тутиш оддий одатий ҳол бўлиб келган.

“Жанжалсиз рўзғор йўқ”, дейишади. Эски замонларда ҳам ота-оналаримиз бир-бирлари билан жанжаллашган пайтлари бўлган, аммо улар болалари олдида юзма-юз туриб айтишишмаган ёки болаларига орқаваротдан бир-бирларини ёмонлашмаган. Бошқача айтсак, уларнинг жанжаллашишлари ҳам одоб доирасида бўлган.

Надоматлар бўлсин, ҳозир айрим бадиий фильм, сериал, саҳна асарларида эр-хотинларнинг турли ҳолатларда бир-бири билан гап талашиши, уришиши, ёмонлаши, бир-бирини ҳақоратлаши одатий тусга кириб қолди. Бунинг “тарбиявий” таъсирини ҳаётда кўп кўряпмиз.

Болаларига эридан нолиётган аёлнинг ҳам, шунингдек, хотинини ёмонотлиқ қилмоқчи бўлган эрнинг ҳам мақсади битта: ўзини оқлаш ва ўзига нисбатан ўғил-қизларининг меҳру шафқатини орттириш. Фақат унутмаслик керак, юракдаги меҳр-муҳаббат истаган томонга йўналтирса бўлаверадиган оқар сув эмас. У булоққа ўхшайди, кўзига тош тушмаса бас, ташналар қанча бўлса, қондираверади. Лекин кўзига тош тушса, ҳамма учун бирдек қуриб қолиши мумкин.

Эр-хотин ва болалар ўртасида меҳр-муҳаббат иплари пишиқ бўлиши оила мустаҳкамлигининг асоси, дейдилар. Саҳнада ҳам, кинода ҳам, ҳаётда ҳам шуни тарғиб қилайлик, ибрат бўлайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА

 

4055 марта ўқилди

Мақолалар

Top