Мақолалар

“У исроф қилгувчиларни суймас”

“Тўй энг кўпи 150 кишига, ош 200 кишига бўлади. Мен ўзим юрагимдан билган ҳолда шуни айтяпман. Иккинчидан, тўй қилишнинг меъёрини ҳам ёзиб берамиз

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон президенти 

Куни кеча ўтказилган видеоселекторда юртбошимиз тўйларда йўл қўйилаётган исрофгарчиликни қаттиқ танқид қилди: Тошкентда тўртта қизи бор одам ўзини осиши керак, тўй қилиш учун. Оддий одам, оилали, бюджетдан ойлик оладиган одам ўзини осиши керак. Тўртта қизини эрга бериш учун ўзини осса тўғри бўлади. Нимага?! Ҳеч қандай имконияти йўқ, барибир, бечора қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормайди, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй? Бўлди, биз олдин ташвиқот қилиб кўрдик, бўлмади бу ташвиқот. Хиёнат қиляпмиз халқимизга, тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади.

Дарҳақиқат, сўнгги вақтлар тўйдаги исрофлар чегарадан чиқиб кетди. Одамлар бир-биридан ўзаман деб, йиллар давомида тер тўкиб тўплаган пулларини исроф қилишнинг янги ва янги турларини кашф қилишди. Қайси вилоятга назар солманг, тўйдаги исрофнинг ўзига хос турини кўрасиз. Исрофга чек қўйишга Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаоллари ҳам мурожаат билан чиққан эди. Лекин бу ҳам натижа бермади. Аммо мўмин-мусулмон инсон пулини сарфлашдан олдин “Қаерга сарфлаяпман, ишлатган жойим дунё ва охиратда менга фойда келтирадими?” деб ўйлаши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилгувчиларни суймас” (Аъроф сураси, 31-оят), деб марҳамат қилди.

Демак, Аллоҳ таоло исроф қилган бандаларини суймас экан, балки шу сабаб ҳам кўплаб дабдабали тўйлар қилган оилаларда тушунмовчиликлар, ажримлар бўлаётгандир? Чунки баъзида “яқиндагина тўйни жудаям чиройли, ҳашаматли ўтказган эди. Энди қара, афсуски, келинни жавобини бериб юборишибди”, деб қолишади.

Бойлик ёки дабдабали ўтказилган тўй оила мустаҳкамлигини таъмин этмайди. Икки ёш ўртасига меҳр-муҳаббат риштасини ҳам солмайди. Ёхуд тўйи ҳашаматли ўтганлар бахтли-саодатли бўлади-ю, ўртамиёна ўтказганлар бахтсиз бўладими. Ахир қачонгача моддиятга берилиб юрамиз? Йиллар давомида топган пулимизни бир кунда бефойда жойга исроф қилиб юборамиз? Инсоф билан айтганда, ўша тўйларда исроф бўлаётган жарақ-жарақ пулларни 10 нафар муҳтож оилага бўлиб берилса, хийла вақт уларнинг дастурхони тўкин бўлиб қолмайдими, тадбиркорроқлари бўлса, ишларини ҳам юриштириб юборади.

Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратишни лозим деб билдик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида шундай деб марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ҳақиқатки, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг ўрнак оладиган комил шахси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зот бизга ҳаётдаги энг гўзал намуна ва энг яхши ўрнакдир. Ҳар биримиз у зотга ўхшашга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина оналаримизга уйланганларида тўйни қандай ўтказган эдилар? Келинг, шунга бир назар соламиз:

1 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ва Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинту Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага (тўй маросими) даъват қилиб (чақириб) келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди”.

Мана Оламлар сарварининг тўйи қандай ўтган.

  1. Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ “Тобақот” ида ёзади:

“Ўша куни (София бинти Ҳуяйга уйланган куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг ортиқча зоди (таоми) бўлса, бизга олиб келсин”, дедилар. Биров ортган талқон, биров хурмо, биров сарёғ олиб кела бошлади. Анчагина нарса йиғилди. Булардан ҳийс (номли таом) пиширдилар ва у зот билан ўтириб еб-ичдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга (қилиб) берган тўйлари эди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дабдаба билан ўтказишга қодир эмасмидилар?

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма (тўй) қилгандек валийма қилганларини кўрмаганман. Унга бир қўй ила валийма қилганлар”.

Шунингдек, Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари – Фотима онамиз розияллоҳу анҳонинг тўйи ҳам бир қўчқор ва бир неча соъ жўхори билан ўтказилган

Бизга энг гўзал ўрнак бўлган зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйларини шундай камтарона ўтказишларининг сабаби шароит бўлмаганидан бўлганми? Албатта, йўқ! Ҳашаматли ўтказиш учун Аллоҳ таолога бир илтижо қилишлари ёки асҳобларига буюришларининг ўзи кифоя эди, лекин уни хоҳламадилар, чунки бунда фойда йўқ эди. Аксинча, зарар бор. Чунки исроф бўлади. Аллоҳ таоло эса ояти каримасида: “У исроф қилгувчиларни суймас”, деб марҳамат қилди. Демак, ким исроф қилса, Аллоҳ уни суймайди. Унга барака бермайди, ундан баракасини кўтариб қўяди.

Ҳақиқий эҳсон, тўй аслида кимга қилинади? Кимга эҳсон қилса эҳсон қилган бўлади?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилинган валийма таомидир. Ким даъватни (камбағалларни чақиришни) тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди”, дер эдилар”.

Муқаддас динимизда ҳар қандай эҳсон, тўй маросимларидан асосий мақсад – ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Агар тўйга камбағаллар қолиб, бойлар келса, жуда ҳам  хунук иш бўлади. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким даъватни (камбағалларни тарк чақиришни) тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди”, деб айтмоқдалар.

Шундай экан, тўйларни ихчам ўтказиб, ортганига президентимиз айтганидек, битта камбағалнинг уйига бориб краска қилиб бер(айлик), телевизор олиб бер(айлик). Бева-бечоралар, мискинлар, ногиронлар, ота-онасидан айрилиб қолган болалар, тўй қилишга пул топа олмаётганлар ва бошқа ҳақдорларга эҳсон қилиб, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишимиз аввало ўша мискинлардан ҳам кўра, ўзимиз ва оила қураётган фарзандларимиз учун фойдалидир. Ана шунда юртимизга хайр ва барака ҳам ёғилади.

ЎМИ матбуот хизмати

4369 марта ўқилди

Мақолалар

Top