Мақолалар

Зиёрат одобларига риоя қилайлик

Ислом динида дастлаб қабрларни зиёрат қилиш ман қилинган эди. Негаки, жоҳилият даврида араблар мусибат етганида Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиб ғазабланишар, қабр тепасига бориб оҳу-воҳ қилишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини фитнадан сақлаш учун қабр зиёратидан қайтарган эдилар. Кейинчалик саҳобаларнинг қалбларига иймон чуқур ўрнашиб, эътиқодлари мустаҳкам бўлгач, уларга қабрларни зиёрат қилишга рухсат бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилинглар”, — дедилар.

Қабрларни зиёрат қилиш одамларни ёмонликлардан узоқ бўлишга, диёнатли бўлишга, ўзини ислоҳ қилишга, қилаётган амаллари тўғрисида бир кун келиб яратганнинг олдида жавоб бериши ҳақида ўйлашга ундайди. Ривоят қилинишича Умар розияллоҳу анҳунинг узукларига ҳам “Ўлим ваъз насиҳат олишга кифоя қилади, эй Умар”, деб ёзилган экан.

Ҳар бир ишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби бўлгани каби қабр зиёратида ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби мавжуд:

  1. Аввало зиёрат учун руҳан ва жисмонан покланиш лозим (имкони борича қабристонга таҳорат билан кириш яхши). Барча ишлардаги каби қабр зиёратида ҳам биринчи навбатда инсон ниятни тўғри қилиши керак. Зиёратдан фақат Аллоҳни розилиги, ибрат олиш ва қабрдаги кишининг ҳақига дуо қилишни мақсад қилмоқ лозим.
  2. Қабр зиёратига келганда қабр аҳлига салом берилади.
    Қабристонга кирилганда аввал: “Ассалому алайкум йа аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, деб салом берилади.
  3. Зиёратга келган кишилар динимизга хос кийимларда бўлиши лозим. Эркакми аёлми авратларини беркитиб зиёрат қилишлари лозим. Маълумки, бугунги кунда ёшларимизнинг аксарияти динимизга, миллийлигимизга мос келмайдиган кийимларда зиёратларга боришмоқда.
  4. Қабристон ҳудудида баланд овозда гаплашиш, шовқин солиш, ҳазил мутойиба ва номақбул ишлар қилиш мумкин эмас.
  5. Зиёрат жараёнида қабрда ётган марҳумлардан мадад сўраш, ёки уларга атаб жонлиқ сўйиш асло мумкин эмас.
    Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳеч бир зиёратчи қабрда ётган киши авлиё бўладими ёки оддий инсонми улардан ҳожатини раво бўлишини талаб қилмайди. Агар шундай қилса бу улкан гуноҳ яъни ширк амаллардан ҳисобланади. Ҳар қандай ҳожатларни раво қилувчи фақат Аллоҳнинг ўзидир.
  6. Қабрларга ёки зиёратгоҳдаги мақбара ғишт ва безакларига турли сўзлар ва ниятларни ёзиш ҳам мумкин эмас.
  7. Қабрлар устига пул сочиш, шам ёқиш, уларни тавоф қилиш, болани кокилини аташ, атрофларини айланиш ҳамда дарахтларига турли хил латта парчаларини боғлаш ҳам динимизда қаттиқ қоралангандир.
    Қабр тепасида шам ёқиш бидъатдир. Бу ишнинг нафи йўқ. Унинг қабрига солиҳ амаллар, Қуръон тиловати, қилинган садақа каби савобли ишлар нур бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрга чироқ ёқадиганларни лаънатлаганлар. Билимсиз кишилар қабрларга сажда қиладилар, тавоф қиладилар остонасини ўпадилар бу ишлар шаръан ножоиз ҳисобланади. Шариатимиз қабрларни эҳтиром қилишда бу каби йўл тутишдан қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик умматлари шу ишларга қўл уришини билиб бундан қайтарганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги бетобликларида: “Аллоҳ таоло пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънатлади”, дедилар.

  1. Мақбара олдида жонлиқ сўйиш, таом пишириш ва тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш мумкин эмас.
  2. Зиёрат ниҳоясида қабристон ёки зиёратгоҳдан оҳиста чиқилади.
    Қабрларга таъзим қилиш, у ерга турли чиқиндиларни қолдириб кетиш мумкин эмас.

Қабристонга зиёратга келган киши ўтганларнинг ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилмоғи лозим. Қабр ичида ётганларнинг ҳолати ва вақти келиб ўзининг ҳам олдида турган охират сафари борасида тафаккур қилмоғи даркор. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўз раҳматига олсин!

Абдурауф ЁРБЕКОВ,

Ховос тумани «Абу Ҳанифа»

жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

7097 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Кичик ширкдан хабардормизми? Қайтар дунё »

Мақолалар

Top