Мақолалар

Қайтар дунё

Қадимда бир заргар бўлиб, усталикда номи етти иқлимга тарқалган эди. Узоқ-яқиндан келган мижозларнинг кети узилмасди. У художўйлиги ва адолатпарварлиги билан ҳам ном қозонган тақво аҳлидан эди. Аёлларнинг парда ортидан узатилган бармоқларини ип билан ўлчаб, узук ясарди. Иш жараёнида бирорта бегона аёлнинг юзига қиё боқмас, бармоқларига қўлини теккизмасди.

Кунларнинг бирида парда ортидан бир нозик бармоқ узатилди. Шу пайт иблис алайҳилаъна унинг оппоқлигини кўз-кўз қилиб, заргарни васваса қилди. Заргар ҳеч ким кўрмаяпти-ку деган гумон билан бегона бармоққа секин тегиб қўйди. Аммо шу заҳоти қилган ишидан пушаймон бўлиб, қаттиқ тавба ва истиғфорга киришди.

Кечқурун уйига келса, хотинининг кўзлари йиғлайверганидан қизариб кетган. Заргар қўрқиб кетиб, сабабини сўраган эди, аёли шундай деди: «Ҳар куни бўш челакни эшик олдига чиқариб қўярдим. Хизматчи унга сув тўлдириб келиб, эшикни секин тақиллатиб кетарди. Мен бориб челакни ичкарига олиб кирардим. Бугун ҳам одатдагидек челакни эшик олдига қўйдим. Бироздан кейин эшик тақиллади. Челакни олмоқчи бўлиб чиқсам, хизматкор пойлаб турган экан, қўлимдан маҳкам ушлаб олди. Лекин Аллоҳдан қўрқди шекилли, қўйиб юборди. Шундан бери йиғлаб ўтирибман. Илтимос, мени кечиринг» деб, йиғлашда давом этди.

Заргар шу заҳоти бугунги хатосини эслади. Агар ўшанда ўзини қўлга олмаса, хотинига ҳам худди шундай муомала қилиниши мумкинлигини ўйлаб, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлди.    

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

ЎМИ Матбуот хизмати

3942 марта ўқилди

Мақолалар

Top