Мақолалар

Қайси нодон ўзининг зарарига дуо қилади!

Бир киши аёлини болаларининг кўз ўнгида урди ва уларнинг қалбига қўрқув ва хавф солди. Аёли хафа бўлиб турганда, эри унинг юзига тарсаки туширди.

Шунда аёли:

– Ҳозир бориб сизнинг устингиздан арз қиламан, – деди.

Эр:

– Сенга ким айтди, мени сени кўчага чиқишинга изн беради деб?! – деб дағдаға қилди.

Аёл:

– Эшик ва деразаларни беркитиб қуйсам, қаёққа ҳам борарди, деб ўйлаяпсизми? Сиз барибир мени арз қилишимдан тўхтатиб қола олмайсиз, – деди.

Эр унинг қатъиятидан ҳайратланиб:

– Нима қилмоқчисан ўзи? – деб сўради.

Аёл:

– У билан боғланаман, – деди.

Эр:

– Қўл телефонинг менда, хоҳлаганингни қил! – деб жавоб қилди.

Аёл ҳаммомга қараб юра бошлади. Буни кўрган эр, аёлим ҳаммомнинг деразасидан ошиб қочмоқчи бўлса керак деб уйлади-ю, ташқари томондан дераза рўпарасига қараб юрди. Деразадан қочиб кетади деган гумон билан бир оз муддат у ерда турди. У ердан чиқмаганини кўргандан кейин, ҳаммом эшиги олдига келди. У ерда юзларидан сув томиб турган ва табассум ила чиқиб келаётган хотинига дуч келди.

Аёли унга:

– Мен фақат Унинг номи билан қасам ичиладиган Зотгагина шикоят қиламан. Сиз бекитиб қўйган эшик ва деразангиз ҳамда қўлимдан олиб қўйган телефонингиз ҳам мени унга арз қилишимдан тўса олмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг эшиклари ҳеч қачон ёпилмайди, – деди.

Бу сўзни эшитган курсига чўкиб фикр юрита бошлади. Аёли эса хотиржам намоз ўқий бошлади ва саждада узоқ муддат қолиб кетди. Эр бу ҳолатни зимдан кузатиб турарди. Аёл намозни тугатиб, қўлларини осмонга кўтариб узоқ дуо қила бошлади. Буни кўриб турган эр аёлига:

– Саждада менинг зараримга қилган дуоингнинг ўзи кифоя қилмайдими? – деди.

Аёл унга майин овозда:

– Менга қилган салбий муомалангизга кифоя қиладими? – деди.

Эр:

– Аллоҳга қасамки, мен бу сўзим билан ғазабланган вақтимни назарда тутмадим, – деди.

Аёл:

– Шунинг учун мен ҳам дуодан тўхтамадим. Аслида дуони сизга эмас, балки шайтоннинг зарарига қилдим. Мен аҳмоқ эмасманки, кўзимнинг оқу қораси бўлган жуфти ҳалолимнинг зарарига дуо қилсам, – деди.

Бу сўзни эшитиб, эр ўзини тутиб тура олмасдан йиғлаб юборди ва аёлининг дуо қилиб турган қўлидан ўпиб,

– Аллоҳга қасамки, бундан кейин сенга ҳеч қачон озор бермайман, – деди.

Хулоса: ушбу аёл Аллоҳ таоло ва унинг Расули бизга  амр қилган солиҳа аёлнинг айнан ўзидир.

 

Абдушукур Муродов

ЎМИ Матбуот хизмати

4130 марта ўқилди

Мақолалар

Top