Мақолалар

«Жин» ҳайқириғи билан эмас, илму-маърифат билан…

Маълумки, бир неча кун илгари “Бухородаги тарихий минорадан “Жин”нинг хайқириғи янгради” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинган эди. Мухлисларимизнинг билдираётган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳолат юзасидан баъзи фикрларимизни баён қилишни лозим деб топдик.

Бухорои шарифнинг осори атиқалари орасида, шу жумладан, қадимдан азон янграган Минораи Калонда рэпер MC Doniнинг “Жин” таронасига клип суратга олинибди. Рэпер сеҳрли чироқдан чиқиб, бир ҳаракат билан хоҳлаган инсон ва ҳолатларини ўзгартира оладиган жин ролини ижро этган ва минорадан жинга хос хайқириқлар янграган.

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро қуббатул исломи дин аст.

Барчамизга фахр бўлган мазкур сатрларда Бухоро Ислом динининг гумбази эканлиги таъкидланмоқда.

Келинг, Исломда жин масаласига қандай қаралишига қисқача тўхталиб ўтсак. Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз.

Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар эса уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Одамларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Кишилар овозини эшитиб, тилини тушунади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.

Қуръони Каримнинг ўнта сурасидаги қирққа яқин оятларда жинлар ҳақида хабарлар келтирилган. Шунингдек, бутун бошли бир сура “Жин” деб номланган. Жинлар оловдан яратилган махлуқот эканликларини Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сурасидаги: “Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди. Ва жинларни ўт-алангадан яратди” (14-15-оятлар), деган сўзлари исботлайди.

Мана шу ерда яна клипга қайтадиган бўлсак, ундаги воқеа ҳодисалар одамларни нимага чақирмоқда?! “Мени жин деб аташади” дея ибодат учун азон янграган минорадан туриб хайқираётган қўшиқчининг ҳатти-ҳаракатлари бизнинг динимизга, боринки, миллийлигимизга қанчалар тўғри келади?! Кимлардир “Ахир бу чет эллик ижрочининг клипи бўлса, уни бизникилар кўрармиди”, дея эътироз билдириши мумкин. Тўғри, балки бу ижрони юртдошларимиздан озчилик кўрар, лекин аҳамиятли жиҳати шундаки, нима сабабдан динимиз, миллатимиз учун муҳим бўлган тарихий обидаларимизга мана шундай тарзда ҳурматсизлик қилинишига имкон бериб қўйишимиз керак?!

Шу ўринда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиришни ўринли деб топдик: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар: “Аллоҳумма аъузу бика минал хубси вал хабоиси (“Эй, бор Худоё, сендан эркагу урғочи жин (шайтонлар)дан паноҳ тилайман”)”, дер эдилар” (Беш буюк муҳаддис ривоят қилишган).

Эътибор беринг-а, макони нопок жойлар бўлган ушбу хилқатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраганлари ҳолда, биз уларни азон янграган минораларга чиқазиб хайқиртириб қўйсак, бу ҳам етмагандай Бухорои шариф кўчаларида кездириб “реклама” қилсак. Ҳа-ҳа, реклама қилсак!

Биз реклама сўзига бекорга урғу бермадик. IslamNewsда берилган хабарда ушбу клипни шу тарзда суратга олишга рухсат берилишига сабаб туризмни ривожлантиришга уриниш бўлиши мумкинлиги таъкидланади. Бундан ташқари, клипнинг охирида уни суратга олишда кўрсатган кўмаги ва қўллаб-қувватлаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига алоҳида ташаккур изҳор этилади.

Наҳотки, бизнинг тарихий обидаларимиз, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ана шундай “реклама”га муҳтож бўлса?!

Наҳотки, Ислом динининг қуввати бўлган Бухорои шарифда ислом ақидасига умуман тўғри келмайдиган мана шундай клиплар суратга олинишига рухсат берилса?!

Наҳотки, фахрлансак арзийдиган тарихий обидаларимизни мана шундай тарзда ҳурматсизлантириб, оёқ ости қилиб қўйсак?!

Бир пайтлар мана шу минорадан айтилган азон, Масжидул Калонда ибодат ортидан қилинган дуолар ва мадрасада улашилган илму-зиё сабабидан Бухоро ислом қувватига айланган. Дунёнинг чор тарафидан илм толибларию-сайёҳлар, зиёратчию-тижоратчилар оқиб келишган. Уларнинг барчаларини мазкур бебаҳо минорада айтилган азонлар чорлаган, мазкур рэперга ўхшаган жинлар эмас! Шунинг учун ҳамма нарсанинг ўз қоидаси, тартиби бўлгани каби реклама ва меҳмон чақиришнинг ҳам ўз одоби ва йўсини бор. Юртимизни бутун дунёга илму-маърифат билан, гўзал хулқу-одоб билан, буюк боболаримиздан қолган бебаҳо мерослар билан тараннум этайлик. Бунинг дунёда ҳам охиратда фойдаси баракали бўлади.

Манба: fitrat.uz

 

4906 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Энг биринчи... Туркиядаги энг йирик масжид »

Мақолалар

Top