Мақолалар

Сунъий уруғлантириш  ҳақида

Малика турмуш қурганига 5 йил бўлганида фарзанд кўриш ниятида турли табиб ва шифокорларга мурожаат қилишди. Шифокорларнинг хулосасидан айб турмуш ўртоғида эканини билганида дунёси қоронғу бўлиб кетди.  Атрофдагиларни тана-ю дашномлари, фарзанд кўришга бўлган кучли иштиёқи, боз устига эрига бўлган кучли муҳаббати дугонасининг маслаҳатига  киришга мажбур қилди.

“Дугонажон гулдек оиланг бор. Ҳозир ҳамма  муаммонинг ечимини топса бўладиган замон. Тиббиёт ривожланиб кетган. Сунъий уруғлантириш билан фарзандлик бўласан. Буни эса ҳамма билиши шарт эмас!”.

Эридан оилани сақлаб қолиш, фарзандлик бўлиш учун, орадаги муҳаббати ҳурматидан бу муолажага рухсат олди.  Эри ҳам шифокорлар ташхисидан изтиробга тушгани учун ҳам, бу жараён оилани сақлашнинг ягона усули бўлиниб туюлди.

Сунъий уруғлантириш жараёнида ким уруғ бериши ҳам суриштирилмади, шунинг учун номаълум бўлган эркак уруғидан олиб,  сунъий уруғлантириш ўтказилди. Малика фарзандлик бўлиш орзусида  кунларни ўтказди. Вақт ўтиб, ўзида ҳомиладорлик белгиларини пайқай бошлади.

Дард бошланиб, ўғиллик бўлганида эса ҳамма орзулари рўёбга чиққанидан шодланарди.

Ўғли катта бўлгани сари  фарзандининг феълидаги  нуқсонлар асли номаълум эркак насабига бориб тақаларди.

Бир даврада шаръий никоҳида бўлмаган кишидан сунъий уруғлантириш орқали фарзандли бўлиш мумкин эмаслигини эшитиб, устидан совуқ сув қуйгандек бўлди. Дардини ҳеч кимга айтолмас, юрагининг сиқилиши кундан-кунга  ошиб борарди.

Маҳалла масжиди имомига учрашиб, дилидагиларни айтганида, домланинг юзларидаги ўзгариш оғир гуноҳ қилингандаги изтиробга ўхшарди. Домла бир оз тин олиб, “Суриштирмасдан гуноҳ ишга қўл урибсизлар! Эрингиз  бу муолажага қандай рухсат берди?...”

“Шифокорлардан турмуш ўртоғим фарзанд кўра олмасликларини билганларида оилани сақлаб қолиш учун рухсат бердилар”.

“Тавба қилинглар, тавба қилинглар!”...

Фарзанд кўриш иштиёқида юрган оилалар ўз замонасидаги тиб илми тараққиёти даражасидаги турли услубларни қўллаб келишган. Ниҳоят, бизнинг асримизга келиб, сунъий йўл билан ҳомила пайдо қилиш, яъни бачадонга  уруғликни табиий йўл билан эмас, сунъий йўл билан тушириш пайдо бўлди.

Тиб илми ривожланиши натижасида эр-хотин уруғликлари ташқарида урчитиб олиниб, бир йўла тайёр ҳомилани бачадонга қўйиш жорий қилинди. Бу услуб илмда “найча усули” ёки “найча боласи”  деб аталади. Баъзан “сунъий уруғлантириш” деб ҳам юритилади.

Бу услуб аввал Ғарбда, Европа давлатларида йўлга қўйилди, кейинчалик мусулмон  давлатларига ҳам кириб келди. Бизнинг муқаддас динимиз таълимотларида  сунъий урчитишга қандай қаралади?

Мўътабар уламоларимиз Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига суяниб жавоб ахтаришади. “Азҳари  шариф”, “Ислом фиқҳи академияси” каби мўътабар муассасалар масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, йирик анжуманлар ўтказиб, сўнгра фатволар чиқаришган.

Сунъий ҳомила пайдо қилиш масаласида уламоларимиз фатволарида – бачадонга сунъий йўл билан уруғлик киритиладими ёки найчада урчитиб, сўнгра бачадонга қўйиладими, асосий шарт – уруғлик аёлнинг эридан, шаръий жуфти ҳалолидан олинган бўлиши лозим. Бегона эркакдан олинса, зино ҳисобланади. Зино эса шаръан ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро, 32).

Буюк Аллоҳ Ўз каломида: “Зинога яқинлашмангиз!” , деб қатъий огоҳлантирмоқда.  Фақат зино қилиш эмас, балки  зинога яқинлашиш ҳам  гуноҳ эканлигини таъкидлайди.

“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!” (Нур, 31).

Шаръий никоҳдаги  оилалар узоқ вақт фарзанд кўра олмаётган бўлсалар ўзларини мутахассисларга кўрсатиб, даволанишлари керак. Бунда эр ва хотин баробар кўрикдан ўтишлари ва даволанишлари шарт.

Эрнинг уруғлигини олиб, хотинининг бачадонига солиб қўйиш йўли ила ҳомила орттириш жоиздир. Бунда эр-хотин ораларида тўлақонли никоҳ бўлиши шарт.

Ораларида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл орасида бундай амалиётни бажариш мутлақо ҳаром бўлиб, зино ҳукмида бўлади. Баъзи ҳолларда эрнинг акаси ёки укаси қондоши бўлгани учун  ака ёки уканинг хотини билан сунъий уруғлантириш мумкин деб, эрининг акаси ёки укасининг уруғидан  ҳомиладор бўлганлар ҳам учрайди. Эрнинг ака-укалари номаҳрам ҳисоблангани боис, бундай услубларни қилиш мутлақо мумкин эмас. Бундай ҳолатларда насаб аралашиб,  кўпгина дилхираликларга ҳам олиб келиши мумкин.

Сунъий урчитишнинг ҳаром бўлган  услубларидан яна бири эр-хотиннинг уруғликларини олиб бошқа аёлнинг бачадонига солиб фарзанд кўришдир. Бундай амалиётларни асло ўтказмаслик зарур. Чунки насл-насаб пок бўлишининг асосий  омили шаръий никоҳнинг бўлишидир. Динимизнинг ушбу кўрсатмаларига қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуддир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан 2018 йил 6 февралда тасдиқланган “Сунъий уруғлантириш ҳақида фатво”си эълон қилинди. Фатвода сунъий уруғлантриш ҳақида батафсил маълумот олса бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”.

“Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.  (Шўро, 49-50 оят).

Аллоҳ таоло кимларгадир ўғил, кимларгадир қиз фарзандлар ато этади. Баъзиларига эса фарзандсизлик насибдир. Кўпчиликка эса ўғил-қиз аралаш берилади. Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

6242 марта ўқилди

Мақолалар

Top