Ҳиндистон ҳукумати 95 та тарихий обидани хусусийлаштиришни кўзда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқди. "the Guardian" нашри бу ҳақда хабар бермоқда. Машҳур тарихий обидаларни бир неча миллион долларга хусусийлаштиришни кўзда тутувчи ушбу қарор кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. “Мерос” ҳаракати фаоллари ҳамда мухолиф сиёсатчилар Ҳиндистон ҳукуматини тарихий обидаларни, шу жумладан Тож Маҳални хусусий компаниялар ихтиёрига бераётганликда айблаган.
Шанба куни Ҳиндистон туризм вазири Dalmia Bharat компанияси билан Деҳлидаги 17 асрга тегишли Қизил Қалъа тарихий обидасини ҳамда мамлакат жанубидаги Андхра-Прадеш штатида жойлашган яна бир қалъани ижарага бериш бўйича 5 йил муддатга қиймати 3.7 миллион долларлик шартнома тузилганини эълон қилди.
Ҳозирда икки йирик компания Тож Маҳалга эгалик қилиш учун курашмоқдалар. Хусусийлаштириш лойиҳасига ЮНЕСКО рўйхатидаги 12 асрга оид Қутуб Минор мажмуаси ҳам киритилган.
Ҳиндистонда 3700 яқин тарихий обидалар мавжуд бўлиб, шулардан 31 таси ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатидан ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ҳиндистоннинг “Бҳартия Жаната Парти” партияси вакили бўлган Сангиит Сом Тож Маҳал обидасини тарихдан ўчириб ташлаш зарурлигини айтганди.
Нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунё бўйича энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик объектларидан бири, ХVII асрга тегишли мақбара - Тож Маҳал Заҳириддин Бобурнинг эвараси Шоҳ Жаҳон даврида қурилган. Ушбу сеҳрли мажмуа ҳалигача бутун дунёдан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Тож Маҳалнинг ташқи деворлари ва гумбази оқ мармар билан қопланган бўлиб, у қуёшли кунда оппоқ тусга кирса, уфқ нурлари остида қип-қизил бўлади, тунда эса ойнинг кумуш шуъласини акс эттиради.
Мажмуани асраб-авайлаш мақсадида уни ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишган.
Бир муддат аввал, Travel Ask ҳам Тожмаҳал билан боғлиқ ҳавотирли хабарни берганди. Хабарда қайд этилишича, бино аста-секинлик билан вайрон бўлиб бормоқда, бу эса ушбу ёдгорликнинг келажаги ҳақида жиддий бош қотиришга мажбур қилади. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, обиданинг қизил ёғочдан қилинган пойдевори яқинида жойлашган дарёнинг суви камайгани сабабли қуриб, ёрилиб кетмоқда. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, тез орада емирилиб кетиши мумкин. Ҳинд экологларининг айтишича, дарё сувини маълум сатҳда ушлаб туриш учун дамба қуриш керак. Бу эса 71 минг фунт стерлингга тушади.
Мақбара муҳофаза этиладиган ҳудудлар сирасига киради. Унга автомобилда яқин келиб бўлмайди. Бу зарарли газлар иншоотга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун қилинган. Шунингдек, ёдгорликнинг оппоқ туси бузилмаслиги учун, мамлакат раҳбарияти Аградаги бир қатор саноат корхоналарини ёпиб қўйганди.
Ҳиндистонда 300 йилдан кўпроқ ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи бу юрт ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг бой меросини қолдирган. Деҳлидаги Қизил қалъа ва Жомеъ масжиди, Аградаги Тож Маҳал, Фотиҳпур, Секридаги Панч Маҳал ана шундай буюк мерос намуналаридир.
Манба: http://uza.uz