Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ташрифнинг учинчи куни олий мартабали меҳмон Бухоро вилоятига келди.
Бухоро халқаро аэропортида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Бухоро вилоятида ушбу ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Кўчалар икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган, ранг-баранг панноларга халқларимиз дўстлиги ва қардошлигини тараннум этувчи сўзлар ёзилган.
Ўзбек ва турк халқлари тарихи асрлар давомида шундай мустаҳкам илдизлар билан боғланганки, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиш мушкул. Турк халқи Ўзбекистон заминини муқаддас деб билади ва уни “ота юрт”, деб эъзозлайди. Қардош турк халқининг диёримиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳри ва ҳурматини англаш, ҳис қилиш учун шунинг ўзи етарли.
Ўзбекистон заминида туғилиб ўсган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирларни Туркияда яхши билишади ва қадрлашади. Бутун мусулмон оламида машҳур аллома, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Улуғ аллома руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Олий мартабали меҳмонга тариқат асосчисининг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, мустақиллик йилларида мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Ўтган йили мажмуа ҳудудида Президент ташаббуси билан Мир Араб олий мадрасаси фаолият бошлади. Туркия Президентига Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли ушбу мадраса тарихи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш, илм-фан ва динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда.
Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон буюк алломаларга бешик бўлган муқаддас замин экани, халқимиз тарихи, бой маънавий меросига ғоят ҳурмат билан қарашини таъкидлади.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Бухоро шаҳридаги Арк қўрғонини томоша қилди.
Азалдан Ғарб билан Шарқни боғлаган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган Бухоро бой ва шонли тарихга эга. Ушбу тарих халқимизнинг ўтмишдаги турмуш тарзи, бунёдкорлиги, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради. Арк қўрғонида жойлашган вилоят ўлкашунослик музейида намойиш этилаётган минглаб экспонатлар, археологик буюмлар ҳам шу ҳақда ҳикоя қилади.
Икки давлат раҳбарлари мазкур музей фаолияти билан танишди, бу ердаги ноёб осори-атиқаларни кўздан кечирди, музей қўриқхона ҳудудидаги жомеъ масжидида бўлди.
Қўрғон марказида сақланиб қолган қабулхона – маросимхонада вилоят санъаткорлари томонидан халқлар дўстлигини тараннум этувчи миллий куй-қўшиқлар янгради.
Президентлар Арк қўрғони яқинидаги Пойи Калон мажмуасида ҳам бўлдилар.
Бухоро заминининг ҳар қаричи тарих. Қадимий обидалар аждодларимизнинг буюк яратувчилик даҳоси ва маънавий қудратидан сўзлайди. XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ўзининг бетакрор меъморий ечими, маҳобати ва жозибаси билан ҳар қандай кишини мафтун этади.
Минораи Калон архитектуравий ечими бўйича дунёдаги кам сонли тарихий обидалардан биридир. У қарийб 900 йил давомида не-не талотўпларга гувоҳ бўлган. Халқимиз қудратининг ўлмас рамзи сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солаётир.
Мир Араб мадрасасида ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
XVI асрда ташкил этилган Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ўрта махсус ислом билим юрти ўз вақтида собиқ шўро давлати ҳудудидаги ягона ислом таълим муассасаси бўлган. Ҳозирги пайтда бу ерда ёшларимиз диний ва дунёвий билимларни, хорижий тилларни пухта ўзлаштирмоқда.
Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Бухоронинг тарихий ва меъморий обидалари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи якунига етди.
Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.
Матназар Элмуродов, Эркин Ёдгоров, ЎзА