“Шамсул аимма” унвони билан шуҳрат топган Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоий етук фақиҳларимиздан биридир. Абу Саъд Самъоний қаламига мансуб “Насабнома” китобининг бухоролик олимлар қисмида ёзилишича, Ҳалвоийнинг отаси ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юргани учун у кишига ота касби билан нисбат берилган.
Ҳалвоийнинг туғилиши билан боғлиқ маълумот бирор-бир манбада келмагани боис туғилиш санаси ҳозирча маълум эмас. Ота томонидан аждодлар силсиласи Пайғамбаримизнинг жиянлари ва куёвлари Али ибн Абу Толибга боғланади. Абдулҳай Лакнавийнинг “Фавоид ал-баҳийя фит-тарожима ал-ҳанафийя” китобида қайд этилишича, ироқлик кўпгина фақиҳлар унвон танлашда касб-ҳунар, қабила ёки бирор жой номига нисбат бериш билан “Жассос” (сувоқчи), “Қудурий” (қозончи) каби соддагина тахаллуслар олишган.
Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерда ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб дафн қилинади. “Мен у зотнинг қабрларини зиёрат қилдим”, дейди “Насабнома” асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.
Чор Русияси даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни уй-жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолгани сабабли 2004 йили турбати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги “Шоҳ Ахси” ёдгорлигига кўчирилди. Шу жойда у зотнинг шогирдларидан бири Бакр Заранжарийнинг қабри ҳам бор.
Ҳалвоийнинг “шамсул аимма” деб улуғланадиган уламо даражасига етишида устозларининг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай Лакнавий Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши ҳақида маълумот беради. Ҳалвоийдан Сарахсий (1010–1093), Абул Уср Паздавий (1010–1089), Абул Юср Паздавий (1030–1099), Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (1035–1118) кабилар сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишишган.
Ҳозиргача олимнинг бирор бир китоби қўлёзма ёки тошбосма шаклида топилмаган бўлса-да, у киши қаламига мансуб асарларнинг номи бизга маълум. Абу Саъд Самъонийнинг “Насабнома”, Ҳожи Халифа Чалабининг “Кашфуз Зунун”, Ҳофиз Абдул Қодир Қурайшийнинг “ал-Жавоҳир ал-Музийя фит-табақот ал-ҳанафийя”, Шамсуддин Заҳабийнинг “Сияру аълом ан-нубало” китобларида Ҳалвоийнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилган. У киши “ал-Мабсут”, “ан-Наводир”, “Фавоид”, “Шарҳ ал-адаб ал-Қодили Аби Юсуф”, “Шарҳ ал-адаб ал-Қоди лил-Хассоф” каби китоблар ёзган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазҳаб фақиҳларини салоҳияти, илмий лаёқатига қараб етти табақага ажратадилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Мухтасар ал-виқоя”га шарҳ сифатида ёзган “Кифоя” номли китобида Хассоф, Таҳовийлар билан бир қаторда Ҳалвоий, Сарахсий, Паздавий ва Қозихонларни учинчи табақа вакиллари сирасида зикр қилади. Ушбу табақа вакиллари мазҳаб соҳибидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид фақиҳлар бўлишган.
Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан, “Фатавои Оламгирия”, “Фатавои Қозихон”, “Муҳити Сарахсий”, “Кофий”, “Захира” ва “Жомиъ ал-мабоний лил-масаили шарҳи фиқҳи Кайдоний” каби асарларда келтирилган. Биргина “Оламгирия” китобидан Ҳалвоийга тегишли 125 та фатвони тўпладик.
Олимнинг фатволари бошқа китобларда ҳам учрайди, жуда кўп муаллифлар у киши асарларига ишончли манба сифатида таянишади. Янги тадқиқотлар Абдулазиз Ҳалвоий ва у зотнинг асарлари ҳақида кенгроқ маълумот олишга замин яратади деб умид қиламиз.
Аҳтам АҲМЕДОВ
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати