Tаниқли ўзбек алломаларидан Алихонтўра Соғуний (1885 – 1976) ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Тўқмоқ шаҳрида туғилди. Вояга етгач, Бухоро мадрасаларида илм олди, кейинчалик эса мударрислик қилди.
Алихонтўра Соғуний қатор тарихий асарлар муаллифи. Ислом тарихига доир “Тарихи Муҳаммадий” асари китобхонларимиз меҳрини қозонгани маълум. Алломанинг “Туркистон қайғуси” асари Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон халқларининг миллий озодлик ҳаракати тарихига доир жуда муҳим манбадир. Алихонтўра Соғуний Соҳибқирон бобомизнинг “Темур тузуклари”ини ўзбек тилига таржима қилган[1]. “Биздан эмасдир Ватанни севмаганлар” китобига бобомизнинг имон, ватанпарварлик, чиройли одоб, ҳаё, илм олиш, яхшилик қилиш каби мавзуларда битилган шеърлари жамланган. Ушбу асарларда биз ёшларнинг баркамол инсонлар бўлиб камол топишимизда сув ва ҳаводай зарур бўлган ўгитлар жуда кўп. Қуйида алломанинг насиҳатларидан намуналар келтирилмоқда.
* * *
Тирик эрмас кишиким, дангаса эрса,
Ичолмас сув қўлига коса берса.
Билингким, камбағал дангаса бўлса,
Эмас мумкин фақирликдан қутулса.
* * *
Ҳасаддин сақлағил зинҳор ўзингни,
Шу бирла ўйғуси шайтон кўзингни.
Ҳасаднинг сеҳрини, бил, жонга етгай,
Ўтиб жондин, яна имонга етгай.
Ҳасадхўр бўлғуси доим аламда,
Кўролмас, ёнғусидир дарду ғамда.
Ҳасаддин чиққуси ғийбат-шикоят,
Бузар бирликни бу иш бениҳоят.
Узар ғийбат муҳаббат риштасини,
Қилар душман сенга бир нечтасини.
* * *
Замонавий илмни қўлға киргиз,
Жиловин тут, ақл йўлида юргиз.
Буюк олим эсанг-да, бўлма мағрур,
Кичикларга раҳм қил, айла масрур.
Ҳасад бирла кибр икки балодир,
Булардин кўп фалокатлар бўлодир.
* * *
“Ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучли қуроли илм-ҳунар ва маорифдир. ...Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий илм-ҳунарни асли билан яхши тушуниб, имконияти борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдир”[2].
[1] Алихонтўра Соғуний. “Тарихи Муҳаммадий”. Тошкент, 2011. 7-б.
[2] Алихонтўра Соғуний. “Туркистон қайғуси”, 23-б.