Мақолалар

«Камтар»лиги кибридан нишон

Ўзини бағоят ҳақир тутувчи одам кимлардадир хайрихоҳлик туйғусини уйғотса, кимларнингдир нафратини қўзғайди. Аммо, биз-чи, биз ўша одамни тўғри тушунамизми? Ўзимизни-чи, бошқаларни-чи? Ҳаммани қизиқтирадиган ана шу саволга ислом руҳиятшуноси, шахс ва корпоратив ривожланиш тренери, мураббий Ойша Анастасия Корчагина жавоб беради.

– Одамлар кўпинча ўзларини йўқотиб қўяди ва уст-устига хатолар қилади. Ўзни англаш учун нима қилиш керак? Бир тарафдан, биз ўзимиз ҳақимизда кўп нарса билмаймиз – танамиз, қалбимиз, онгимиз ва онгимиз остида нималар кечаётганини англай олмаймиз. Бошқа тарафдан, шайтон аслликни устамонлик билан кўздан пана қилади. Ана шу сабабларга кўра, кўпинча ўзимизни аслида қандай бўлсак, шу ҳолимизча кўра олмаймиз, ўзимизга ҳар тарафдан қараб кўриш тўғрисида ўйламаймиз. Бу эса ўзимизни ўзимиз сезмаган ҳолда бошқалар билан қиёслашга вақт сарфлашимизга сабаб бўлади. Ана шу қиёслашимиз ниҳоясида ўзимизни бировдан яхши ёки ёмон деган хулосага келамиз.  

Ўзни бошқалардан афзал ҳисоблаш бу – ошкора мутакаббирлик. Ўзни бошқалардан паст тутиш эса ўзини хақир тутиш деб баҳоланади. Аслида бу айнан ўша мутакаббирликнинг оёғи осмондан бўлиб турган кўриниши, холос. Шу сифат халқ ифодасида “Ўта камтарлик ҳам мутакиббирликдир”, дея ифодаланади. Инсонлар бошқалардан ажралиб туриш учун ўзини қандай тутса-тутаверсин, барибир, моҳият ўзгармайди – Аллоҳ таолонинг олдида барчамиз баробармиз. Ана шундай кўзга чалинмас, аҳамиятсиздек кўринган нарсалар замирида шайтоннинг ҳийлалари гўёки табиий ҳиссиётлар ва  ўзига-ўзи ачиниш туйғуси қиёфасида намоён бўлади. Бироқ ушбу ҳиссиётлар ва ўзига ачиниш туйғуси инсоннинг ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш ясамайди. Аксинча, у худди оёққа боғланган оғир тошга ўхшаб ғамгинлик ва бахтсизлик комига тортаверади. Бизни яратган Раббимиз ҳар биримиз ўзимиз ҳақида билмаган нарсаларимизни билади. У бизга ўзимиз ҳақида маълумот берар экан, бу билан ўзимизга ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказиб қўйишимиздан сақлайди. Аллоҳ таолонинг амрларига оғишмасдан амал қилиб яшаган кишига, эҳтимол, ўзи ҳақида ҳамма нарсани билиши шарт ҳам эмасдир. Бироқ бундай ҳолатда ҳаёт кечириш учун кишининг иймони ниҳоятда мустаҳкам бўлмоғи даркор. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан, авлодлар алмашинувини ўртача 20 йил деб олганимизда, 70 авлод ажратиб туриши маълум бўлади. Бу вақт ичида авлодларнинг динни қабул қилиб олиши чоғида кўплар “шамол остида” қолди, кўп нарсалар тўхтатилди. 

Жавобсиз саволларга жавоб топиш учун ёши улуғ кишиларни кузатиш, уларни тушунишга ҳаракат қилиш керак. Нима учун шундай? Нуронийларнинг фикрлаши шундай, улар изоҳга муҳтож. Бундан ташқари, инсон ўзи тушунмаган нарсани ўзгартира олмайди. Биз эса фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз, хатти-ҳаракатларимизнинг ҳаммасини ҳам тушуна олмаймиз. Ҳа, айнан нима учун шундай. Нима учун биз билан, бошқача эмас, айнан шу ҳодиса юз бераётганини ҳам билмаймиз.  Танамиз ва миямизда юз бераётган ҳодисалар жараёнини билишимиз учун анатомия, физиология, психология, педагогика, неврология каби фанларни пухта ўзлаштирмоғимиз даркор.  

Биз билан муносабатда бўладиган одамлар билан муомалада хатога йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Атрофимиздагиларда биз ўзимизда бор нарсани тасодифан сезиб қоламиз. Бундан одамларга нисбатан муносабатимиз қатъиятсизроқ ва объективроқ деган маънони тушуниш мумкин бўлади.

Аёнки, самимий муомалада бўлган одамларнинг хатти-ҳаракатлари савол туғдирмайди. Шунинг учун низоларга эътибор қаратамиз. Икки одам ўртасидаги муомала ҳақида гапирар эканмиз, бизнинг муносабатимиз нисбий бўлишини ҳар доим ҳам билавермаймиз. Чунки бизга гапирган одамга аниқ унинг гапининг миқдорича жавоб бердикми, йўқми – буни кафолатлайдиган асос йўқ. Чунки бизда икки тарафнинг гапини солиб тортадиган тарози йўқ. Бундай тарозининг бўлиши хаёлимизга ҳам келмайди. Аммо озгина “оғирлик” ҳам Қиёмат тарозисида тортилиб, унинг учун ҳисоб беришимиз керак бўлади.

Можароли ҳодисалар шуни кўрсатадики, сизга хуруж қилган одамнинг руҳиятидаги нотинчлик сизникидан ёмон аҳволда ва у ўзи сезмаган ҳолда ўзининг ҳолатини яхшилишга ҳаракат қилади. Бу у сизга зарар етказишни истайди деган эмас, албатта. Кўп ҳолларда у ўзининг  ташвишлари билан банд бўлади. У ҳолда нега ғижилашлашмоқчи бўлиб югуради?  Бунда у ўзи одатланган усулдан фойдаланади. Бироқ бу ҳали можаро дегани эмас. Можаро иккинчи одам ҳам унга худди у сўзлаган оҳангда жавоб берганидан сўнг бошланади. Чунки иккинчи одам ҳам айни сиқишилишдан азият чекаётган бўлади ва ана шу “ёмонлик”дан чиқиб олиш учун уқувсиз ҳаракат қилади.

Ғаламислик – ҳали можаро дегани эмас. Сизнинг жавобингиз ҳам можаронинг ярми, холос. Ғаламиснинг кейинги қадами – ҳақиқий можаро бўлади. Ғаламислар, гарчанд тажовузкорона ҳаракат қилса ҳамда ташқи кўринишидан жисмонан кучли бўлса-да, ҳамиша руҳан заиф бўлади. Аммо биз кўпинча тажовузни куч сифатида қабул қиламиз. Шунинг учун унинг босимидан чўчиймиз ва ҳатто ўзимизни унинг ҳужумидан ҳимоя қилишга шайланамиз. Шу вақтда эпчил нафс орага тушади ва ўзига ёқмаган нарсага чаққонлик билан жавоб беради. Ана шу билан можаро тўлиқ таъминланади. Ҳа, ғалвани бошлаган ғаламис жисмонан бақувват бўлиши мумкин, лекин бу у жисмоний зарар етказади дегани эмас. 

Биз нафсни кўп ёдга оламиз. Нафснинг қандай  қилиб шайтоннинг йўриғига юраётганини фарқлаш мумкин? Нафс – бизга нима ёқиши ва ёқмаслигини билдирувчи индикатор. У тўғридан-тўғри “Мен шуни истайман. ҳаммаси менинг хоҳлаганимдек бўлишини истайман”, дея талаб қилади. Агар бизга бирор нарса ёқмаса, у “Буни дарров мен истагандек қилинг!” мажбурламоқчи бўлади. Борди-ю, унинг айтганидек бўлмаса, “Мен буни шу ҳолича қолдирмайман! Ё бунинг учун қасос оламан ёки сизни бу ишни мен истагандек қилишга мажбур этаман”, дея пўписа қилишга ўтади. Шайтон нафснинг ана кайфияти ва ҳолатидан фойдаланиб қайсидир масалаларда унга ён беришимизга ундайди.  Масалан, бизга ёқмайдиган гап айтилганда, нафсимиз бу гапнинг ёқмаганидан таъсирланади. Шу чоқда шайтон бизни дилозорлик қилган кишига жавоб қайтариб – уни ҳам ҳақорат қилишга, ранжитишга ундайди.

Шайтоннинг алдовига учишдан фақат соғлом фикр сақлайди. Агар биз ниятни тўғри қилишга улгурган бўлсак, агар биз эҳтиросларимизни бошқара олсак, сўз ва ҳаракатларнинг унчалик аҳамиятли эмас эканини ёдга оламиз.

Хўп. муомала учун муҳими нима? Бизнинг фикримизча, сўз диалогнинг 7-8 фоизи холос. Қолган “гаплар” сўз билан айтилмайди, оҳанг, имо-ишоралар, шамали ҳаракатлар билан гапирилади. Нозик хилқат бўлган аёлларнинг хавфсизлиги учун Аллоҳ таоло “диалогнинг катта қисмини яширадиган қилиб” уларни кенг-мўл либосларга ўраб-чирмаб муҳофаза этиб қўйган. Бунда аёллар ўзларининг эҳтиросга бой табиатидан келиб чиқиб “ортиқча гап гапириб қўймаслиги” эътиборга олинган.

Аслида оҳанг,  имо-ишора, шамали ҳаракатлар билан қанча гап айтилгани ва бизнинг унга қанчалик муносабатда эканимиз муҳим. Инсоннинг нимани гапиргани ва нимани бажаргани ва бизнинг нимани эшитганимиз ва кўрганимиз – бутунлай фарқли нарсалар. Чунки биз кўрган ва эшитганларимизни ўзимизнинг тасаввуримиз, тажрибамиз ва ишончимиз элакларидан ўтказиб оламиз. Гапираётган ва ишлаётган одам ҳам ўзининг ана шу хусусиятларидан келиб чиқади. Унинг назарида ниҳоятда гўзал ва эзгу иш бўлиб кўринган нарсаларни биз ҳақорат ёки шунга ўхшаш нарса деб тушунишимиз мумкин. Гапираётган одамнинг айтганларига масъулияти ниятига қанчалик боғлиқ бўлса, тинглаётган одамнинг ҳам эшитганларини қай даражада англаши ниятига боғлиқдир.  Уларнинг орасида икки нафс ва икки шайтоннинг ҳаётий тажрибалари, икки сидра ишонтириш воситалари мавжуд. Ана шундай икки қарама-қаршилик оралиғидаги масофа шундан далолат берадики, гўёки биз бир-биримизни тушунганга ўхшасак-да, аслида ундай эмас. Тушунарли бўлмаган нарсани аниқлаштириб олиш шунинг учун керакки, ҳар бир инсон ҳар бир сўзга ўзининг фикрини жойлайди. Шунга қарамай, одатда диалогда кўп гап айтилмаган бўлади ва ҳар бир киши бошқасини ҳам ўзи ўйлаётгандек ўйлаётир деб ишонади. Биз эса фарқли хилқатлармиз.

 

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.



 

3783 марта ўқилди

Мақолалар

Top