Мақолалар

Фахри коинотнинг зурриётлари

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хадича онамиз розияллоҳу анҳодан уч ўғил, тўрт қиз кўрдилар. Маккада туғилган тўнғич ўғлининг исми Қосим эди. Шунга кўра, Пайғамбаримизни араблар “Абул Қосим” деб аташди. Кейин тўрт қиз – Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум (Гулсум), Фотима туғилди. Ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий келмасдан илгари дунё юзини кўрган. Нубувват даврида бир ўғил туғилган. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйганлар. Уни Таййиб, Тоҳир деб ҳам аташарди. “Таййиб, Тоҳир Абдуллоҳдан кейин туғилган эгизак ўғиллар”, деган уламолар ҳам бор. Уларнинг  барчаси ҳижратдан аввал Маккада туғилган. Тўнғич ўғиллари Қосим икки ёшга тўлмасдан  Маккада вафот этган. Абдуллоҳ ҳам бир неча ойлигида нобуд бўлган. Шундан кейин Пайғамбаримиз алаҳиссаломнинг ўғил фарзандлари қолмади. Араблар эса қизларни фарзанд қаторида кўрмасди. Шунинг учун Қурайш мушриклари раиси Ос бин Воил: «Муҳаммаднинг  уруғи кесилди, у дунёдан боласиз ўтади. “Фаҳува абтару” (насли узилди, оти ўчди)» деб шовқин солди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъюс бўлганларида Аллоҳ таоло Кавсар сурасини нозил қилди. Сура охирида Пайғамбар душманларини таърифлаб, Аллоҳ таоло “улар – абтар”дир, дейди.

“Абтар” сўзининг бир неча тафсирлари мавжуд. Масалан, барча яхшиликлардан маҳрум; номи ўчадиган; насл-насаби қурийдиган; сулоласи қирқилган ва ҳоказо. Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан бу сўзни қўллаган мушрикларга Аллоҳ таоло шу сурада раддия берган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учинчи ўғиллари Иброҳим ҳижратнинг саккизинчи йили туғилган. Унга еттинчи куни қўчқор сўйиб ақиқа; кейин сочининг оғирлигича кумуш садақа қилдилар. Йигирма ойлик бўлганда Иброҳим ҳам вафот этиб, Бақиъ қабристонига қўйилди.

Еттинчи куни қудрати етган кишига икки қўй ёки бир қўй сўйиб болага ақиқа қилиш, шу куни исм қўйиш, сочини олдириш, унинг оғирлигича кумуш садақа қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига суннат бўлиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосимдан кейин туғилган қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо эди. Бу қизларини вояга етгач, холасининг ўғли Абул Осга бердилар. Улардан икки бола: Али исмли ўғил ва Умома исмли қиз туғилди.  Абул Оснинг онаси Хадича онамизнинг синглиси бўлган. Набиралари Али ҳам балоғатга етар-етмас вафот топган. Қиз набираси Умомани эса, Фотима розияллоҳу анҳо вафот этганидан кейин Али розияллоҳу анҳу никоҳига олган. Чунки Фотима онамиз шундай васият қилган эди. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 30 ёшга кирганида туғилиб, ҳижратнинг саккизинчи йилида вафот этган.

Иккинчи қизи Руқия розияллоҳу анҳони ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга узатганлар. Ҳижратнинг иккинчи йилида вафот топгач, учинчи қизи Умму Кулсум розияллоҳу анҳони ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Шунинг учун Усмон розияллоҳунинг лақаби “Зиннурайн” – икки нур эгаси бўлди. Умму Кулсум ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу билан 6 йил умр кечирди, фарзанди бўлмади. Ҳижратнинг тўққизинчи йили вафот этди. Бақиъ қабристонига дафн этилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртинчи қизи Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони ҳижратнинг иккинчи йили ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда Фотима розияллоҳу анҳо 15 ёшда, Али розияллоҳу анҳу 28 ёшда эди. Фотима онамиз ҳижратнинг ўн биринчи йили, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга кўчганларидан 6 ой ўтгач, 28 ёшида вафот этди.

Фотима розиялоҳу анҳодан 6 фарзанд туғилган. Ўғиллари: Ҳасан, Ҳусан, Муҳсин; қизлари: Зайнаб, Умму Кулсум, Руқия.

Пайғамбаримизнинг дуолари Имом Ҳасан, Имом Ҳусанларга етиб, наслларига Аллоҳ таоло барака берди. Китобларда ёзилишича, азиз авлиёларнинг аксари ана шу зотларнинг авлодларидан чиқади. Наинки, ислом тупроғида, балки бутун ер юзида бу муборак зотлардан тарқалган авлодларнинг қадами етмаган жой йўқ. То қиёматгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зурриётлари шу икки набиралари наслидан давом этади.

Ходимлар бўлими мутахассиси

Зарифа Маҳкам қизи

тайёрлади.

5657 марта ўқилди

Мақолалар

Top