Мақолалар

Савоб ишга шошилайлик

Ҳақиқий мусулмон киши  ўзи учун ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади. Инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади.

Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш, гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш кабилар. Бу ўринда Қуръони каримда шундай айтилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят). 

Инсон ўзи суйган нарса фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлади. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам - бир яхшилик. “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим” – деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муаяссар этади.

 Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик-жаннатдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда  марҳамат қилиб айтади: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларда ҳам инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” (Оли Имрон сураси, 134-оят).

 Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб: “Кимки, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” – деб айтганлар.

Абу Мусо (р.а)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим”. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юқорида зикр этилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар маъно ва мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга яхшилик қилсак қилинган, яхшилик ва хайру эҳсонларнинг савобидан биз ҳам баҳраманд бўламиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибатин зиёда айлаб, бизларни хайру саховатли меҳр-мурувватли бандаларидан қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизни бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд қилиб, солиҳ амалларда давомли бўлишимизни  насибу рўзи айласин! 

 

Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ

Денов тумани “Ҳикмат”жомеь масжиди имом-хатиби

7652 марта ўқилди

Мақолалар

Top