Мақолалар

Онанггизни рози қилинг

 Бизларни дунёга келтириб, нима хоҳласак муҳайё қилган одоб- ахлоқ ва касб ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб жойлаган, одамлар қаторига қўшган ота – онани ҳурматлаш ҳар бир инсоннинг шарафли бурчидир. Айниқса, ҳали туғилмасимиздан то улғайиб катта ёшга етгунимизча бизларга меҳри, раҳм шавқати, фидоёлиги ва матонатини дариғ тутмайдиган мушфиқа оналаримиздан умр бўйи қарздормиз.

Оналаримиз ҳомиладорлик пайтларида дилбандларини тўққиз ой қоринларида кўтариб, дунёга келтиришда чексиз машаққат ва оғриқларга бардош беришади. Туғилганидан кейин то вояга етгунга қадар атрофларида айланиб,  ўзлари емай едириб киймай кийдиришади. Шу боис Аллоҳ каломининг бир неча оятларида ота -  онага  яхшилик қилиш уларга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжларини қондиришни ибодат даражасига кўтарди. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-24 оятларида шундай марҳамат қилади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота – онага яхшилик қилишингизни амр этди. (Эй инсон!) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга мехрибонлик билан хорлик қанотини паст тут  ва (дуода) айт: Эй роббим! Мени ёшлигимда тарбият қилганларидек сен ҳам уларга  раҳм қил”.

 Демак, фарзандларни дунёга келтириш, боқиб катта қилишда матонат ва фидойилик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қуйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳокисор тутиш, уларга ёқимли гапларни айтиш, ҳақларига дуолар қилиш – фарзанднинг энг муҳим бурчлари ҳисобланади. Шу сабабдан, жаноби пайғамбаримиз алайҳисссалом: “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб марҳамат қилганлар. Бу эса фарзанд ўз онасининг ҳурматини жойига қўйиб унинг барча эҳтиёжларини қондириб, дуосини олса Аллоҳ ундай фарзандни Ўз раҳматига олади демакдир. 

 Аллоҳга шукр, бугунги кунда динимизнинг кўрсатмаларига ҳамоҳанг  мамлакатимизда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, қадрланмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда оилада меҳр муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳитини, оналикни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин қизлар ўз иқтидорини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда, юртимиздаги ижтимоий, маданий ва маърифий жабҳаларда эркаклар билан тенгма тенг туриб фидокорона меҳнат қилишмоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ота оналаримизни ҳурмат қиладиган, хизматларини қилиб, дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган бандалардан бўлишимизни  насиб этсин!

 

Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ

Денов тумани “Ҳикмат”жомеь масжиди

имом-хатиби

3132 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Савоб ишга шошилайлик Афу ва мағфират »

Мақолалар

Top