Мақолалар

Табассумингиз садақа эканини биласизми?

Психологлар табассумнинг бошқаларга таъсирини ўрганиб чиқдилар ва “Табассум – ўзи билан кучли маълумотларни олиб юради ва у маълумотлар инсоннинг ички дунёсига ва ақлига таъсир қилади” деган хулосага келдилар. Улар тадқиқотлари давомида ҳар бир инсоннинг ўзига хос табассуми бўлиб, бошқаларникига ўхшамаслигини, ҳар бир инсоннинг табассуми турли таъсир кучига эга эканини аниқладилар. Турли инсонларнинг табассумларини тасвирга тушириб, олинган кадрларни секинлаштириб кўрганларида, ҳар бир табассумга мувофиқ шаклда юзнинг муайян ҳаракатланишини кўрдилар.

Бир инсоннинг ўзида бир неча турдаги табассум мавжуд бўлиб, бу табассумлар ўша инсоннинг руҳий ҳолати, айтадиган сўзи ва олдида турган кишига қараб ўзгарар экан.

Ушбу тадқиқотларнинг муҳим хулосаларидан бири шуки, киши табассум орқали бошқаларга ҳадя берар экан. Шунинг учун ҳам табассум қуйидаги сабабларга кўра моддий ҳадядан устун турар экан:

  1. Сиз табассум орқали бошқаларнинг қалбига хурсандчилик кирита оласиз. Бу эса ҳадянинг бир туридир. Балки ҳадядан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ўрганишлар шуни кўрсатяптики, инсоннинг хурсандчиликка, шодликка бўлган эҳтиёжи гоҳида таом ва ичимликка бўлган эҳтиёжидан ҳам устун туради. Зеро, шодлик кўплаб касалликларга малҳам бўлади. Бу касалликларнинг бошида эса, юрак касалликлари турибди.
  2. Сиз табассум орқали маълумотни бошқаларга осон етказа оласиз. Табассум орқали етказиладиган маълумотлар мияга катта таъсир кўрсатади. Магнит резонанс томография (МРТ)нинг аниқлашича, табассум билан етказиладиган хабар мияга турли кўринишда таъсир кўрсатар экан. Табассумнинг миқдорига, самимий ёки сохталигига қараб, унинг мияга таъсири турлича бўлар экан.
  3. Табассум – нохуш вазият туфайли ҳосил бўлган ўртадаги тангликни юмшатади. Бу ишни пул қила олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам табассум молдан муҳимроқ саналади.
  4. Табассум ва шифо: кўплаб шифокорлар табассумнинг шифо топишга таъсири борлигини мулоҳаза қилиб қолдилар. Шунинг учун ҳам баъзи тадқиқотчилар “Табибнинг табассуми – муолажанинг бир қисми ҳисобланади” деб баралла айтмоқдалар.

Демак, сиз дўстингизга ёки аёлингизга ёки бирор инсонга табассум ҳадя этсангиз, гўёки унга (ўзига сездирмасдан) текин муолажа рецептини юбораётган бўласиз. Бу ҳам катта ҳадянинг турларидан биридир.

Шу ва бошқа сабабларга кўра табассум ҳадя ва садақанинг турларидан бири ҳисобланади.

Дўстим! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун “Биродарингнинг юзига табассум ила боқишинг садақадир” деганларини энди тушунгандирсиз?!

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

(Мақола муаллифи Абдуддоим Каҳел)

3356 марта ўқилди

Мақолалар

Top