muslim.uz
Муфтий ҳазратлари сирдарёликларга инсонпарварлик ёрдамини етказдилар
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов куни кеча 1 май куни Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган иккита юк мошинаси билан ушбу вилоятга етиб бордилар.
Ушбу сафарда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов ҳамроҳлик қилмоқда.
Сафарнинг аввалида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида уламоларимиз томонларидан мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою илтижолар қилинди.
Шунингдек, бир бош қорамол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Маълум қилинишича, “Вақф” хайрия жамғармаси ҳисобидан юборилаётган мазкур инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми 30 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – 20 қоп ун, 9 қоп шакар, 5 литрлик 150 дона ўсимлик ёғи, бир неча қути чой каби биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа маҳсулотлар мавжуд.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар дастлаб, Гулистон шаҳридаги юридик коллежига ташриф буюрдилар. У ерга вақтинча жойлаштирилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бундай синовли кунларда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини билдирдилар.
Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳим экани таъкидланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муборак Ислом динимизда мана шундай машаққатли кунларда сабр қилишга улуғ ажрлар ваъда қилингани, бундай синовларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлашга чақирилганини сўзлаб, Ҳақ таборака ва таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигорга дуо қилдилар.
Шунингдек, аҳоли вакилларига "Вақф" фонди томонидан етказилган инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.
Сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Рамазон вақтларини қандай ўтказайлик?
Қуръони каримни кўп тиловат қилинг. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Жаброил алайҳиссалом билан бир-бирларига галма-галдан Қуръони каримни ўқиб берар эдилар.
- Нафллар ва зикрларни янада кўпайтиринг.
- Мусулмонларнинг ҳожатлари ва эҳтиёжларини ўйланг ва уларнинг ғамларига шерик бўлинг.
- Бирор кимсадан озор етса , сабр қилинг ва ўзингиз ҳам ҳеч кимга озор берманг.
- Бирор кимса сиз билан жанжаллашишни ва беҳуда тортишишни хоҳласа, сиз унга “мен рўзадорман” денг.
- Фахш сўзлар, балки беҳуда сўзлардан ҳам ўзингизни сақланг.
- Мухаққиқ уламолар наздида қадр кечаси бирор кунга хос эмас. Шунинг учун ҳар кечада бироз бўлса ҳам ибодат қилишга ҳаракат қилинг. Токи, агар айнан ўша кеча қадр бўлса, у ҳолда бизга ўша кечанинг баракаларидан улуш насиб этсин.
- Ҳаргиз ёлғон гапирманг ва ҳеч кимни ғийбат қилманг.
- Нафл ишларнинг савоби фарзларга тенг бўлгани учун имкон қадар мухтожларга молиявий кўмак ҳам беринг.
- Ўз ходимларингиз ва қўл остидагиларингизнинг ишлари ва масъулиятларида енгиллик қилинг.
- Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ ва истиғфорни кўп айтинг.
- Жаннатни кўп сўранг ва жаҳаннамдан кўп паноҳ сўранг.
- Ўта ожизлик ва хокисорлик ила кўп дуо қилинг.
- Газетхонлик ва ҳоказо каби мубоҳ ишларга ҳам камроқ вақт сарфланг.
- ДВД, ТВ, Кино кўрманг. Шунингдек, радио, магнитафон ва ҳоказолар орқали қўшиқлар ва беҳуда нарсалар эшитишдан жуда қаттиқ сақланинг.
- Таҳажжуд, ишроқ, чоштгоҳ, аввобийн намозларига хос эътибор қаратинг.
- Имкон бўлса бутун охирги ўн кунда эътикофга ҳиммат қилинг. Бўлмаса қанча имкон бўлса, шунча эътикоф нийяти ила масжидда ўтказинг. Аёллар ҳам ўз уйларида бирор жойни таъйин қилиб, эътикоф ўтира оладилар. Балки, улар ҳам ҳиммат қилишлари лозим.
- Бандаларга динни етказиш ва уларга ҳақни етказишга имкон қадар ҳаракат қилинг.
- Назарни сақланг ва номаҳрамлар ила заруратсиз гаплашишдан жуда қаттиқ сақланинг.
- Шовқин-сурон, бақир-чақир ва аҳли-аёлга, шунингдек, қўл остидагиларга зулм ва ҳаддан ошишликдан ўзингизни сақланг.
“Аҳкааме Рамазан”- китобидан. Мавлоно Муҳаммад Абдулқовий. 11-бет. Абдулқайюм Комил таржимаси
Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар
Макруҳ амал – шариатда ёмон кўрилган, номақбул ва хунук иш саналади. Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар дейилганда, рўзани бузмайдиган, аммо савобини камайтирадиган, бузишга яқин бўлган ишлар тушунилади.
- Рўзадор сақич ёки шунга ўхшаш нарсани чайнаши макруҳдир. Чунки, кўрган одам рўзадор эмас экан деган хулосага келади. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, ўзини шубҳали ўринга ташламасин”, деганлар
- Рўзадор аёл ёш гўдагига ёки беморга овқатни чайнаб берса бўлади. Бунда фарзанд она сутига тўймайдиган бўлса ҳамда чайнаб бериладиган таом бўлса жоиз. Чайнамай ҳам едириладиган таом бўлса, оғизга олиб чайнаб бериш шарт эмас.
- Аёл киши шўрвани татиб кўриши макруҳдир. Бу фарз рўзасида узрсиз бўлса. Агар узр сабабли татиб кўрадиган бўлса, макруҳ ҳисобланмайди. Эрнинг хулқи, феъли ёмон бўлса, узр саналади. Фарздан бошқа, масалан нафл рўзада хоҳ узр бўлсин, хоҳ узр бўлмасин, таомни татиб кўриш жоиздир. “Фатҳул қодир”да “ким бир нарсани татиб кўрса, оғзи очилмайди, аммо макруҳ бўлади”, дейилган. Хулоса қилинса, фарз рўза тутаётган аёл эрининг хулқи ёмон бўлмаса, таомнинг мазасини, тузини татиб кўриши яхши эмас.
- Киши ёғ ёки асални сотиб олаётганда яхшисидан ёмонини ажратиб олиш олиш учун уни татиб кўриши макруҳдир.
- Ўпиш, ушлаш ва қучоқлаш агар ғуслни вожиб қилувчи ишга сабаб бўлса макуруҳдир. Агар рўзани бузувчи иш содир бўлишидан қўрқмаса, жоиз деганлар.
- Хоҳ кундузи, хоҳ кечки томон бўлсин, рўзадор хўл ёки қуруқ мисвокни ишлатса бўлади. Кўп уламолар кучли эҳтиёж ва зарурат бўлмаса, мисвок қилиш макруҳ, агар ҳалқумга мазаси келса, рўзани бузади деганлар. Биз айтамиз: мисвок хоҳ қурқуқ, хоҳ хўл бўлсин, хоҳ кундузи хоҳ оғиз очишга яқин бўлсин уни ишлатиш жоиздир. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан қилинган ривоятда: “Умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намозда мисвок қилишга буюрар эдим”, деб айтганлар. Саҳобалар ҳам Пайғамбаримизни рўзадорлик ҳолатларида кўп маротаба мисвок қилаётганларини ривоят қилганлар.
- Ҳалқумга ютмай боши ва юзидан салқинланиш мақсадида сув қуйиш, хўл латтага ўраниб олиш жоиз. Таҳоратдан бошқа ўринда эса, оғизга сув олиб чайиш макруҳдир.
- Таҳорат асносида оғиз ва бурунни муболаға қилиб чайиш ҳам макурҳдир.
- Зулук ва шунга ўхшаш нарса воситасида кўп қон олдириб танани заифлаштириш.
10. Икки-уч кун ифторликсиз улаб рўза тутиш
Кўзга сурма қўйиш макуруҳ эмас. Яъни рўзага зиён бермайди.
“Фатава Сирожия” ва “Фатҳу баби иная” китоблари
асосида Н.Саидакбарова тайёрлади
“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Деҳқоннинг дуоси...”
Бу йилги рамазон ойи, юртимизда айни деҳқончилик ишлари авжи палласига тўғри келди. Аммо, заҳматкаш деҳқонларимиз карантин даврига қарамай, рўзадор ҳолда, замин неъматлари билан таъминлаш мақсадида тинмай меҳнат қилмоқда.
Навбатдаги мактуб муаллифи ҳам Сурхондарё вилояти, Денов туманидан меҳнаткаш деҳқон, боғбон, чорвадор Абдураҳмон бобо Абдуалимов.
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, бизларни яна рамазонга етказди. Гарчи бу йилги рўза ойи баҳор фаслига, айни деҳқонлар ва ер билан ишлайдиган касб эгаларининг иши қизғин паллага тўғри келган бўлсада, рўза тутишимизга заррача салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ.
Отам раҳматли ҳам деҳқон бўлганлар. Улар бизга доимо ризқни Аллоҳ беради, сен сабабини қилиб уруғни ерга қадайсан холос. Уни ундириб, ўстириб бизга мўл-кўл ҳосил қилиб бергувчи Яратганнинг Ўзи. Шунинг учун доимо Аллоҳга итоат ва ибодат қилиб, ундан деҳқончиликка барака сўраб дуо қилиш лозим дер эдилар. Мен ана шу насиҳатлар ила улғайганман.
Бу йил ҳам рўзани оилавий илҳақлик ва меҳр билан кутиб олдик. Барчамиз рўзадормиз. Саҳарликдан сўнг бироз Имом Ғаззолийдан ўқийман. Намози бомдоддан сўнг дала томон йўл оламан. Пиёз ва картошка етилиб турибди. Шуларни қозяпмиз. Халқимизга тортиқ этамиз инша Аллоҳ. Пешинда даладан қайтамиз. Бироз дам олиб, ҳовлидаги боғга кирман. У ерда 70 тупдан ортиқ мевали дараҳтлар бор. Шира тушганини дорилайман. Тагига қулупнай экканмиз уни парваришлаймиз. Шу билан намози аср бўлиб қолади.
Асрдан сўнг фарзандларим билан чорвага қараймиз. Бир неча бош қора мол ва қўйларимиз бор. Сут қатиқ дегандай неъматлар бизларда сероб. Шу билан шом вақти бўлиб қолади. Ифторлик вақтида оила жамул-жам бўламиз. Ўртанча ўғлим қори. То таробеҳ вақтигача бизга Қуръонда келтирилган воқеъалардан, пайғамбарлар тарихидан гапириб беради. Менга юсуф алайҳиссалом қиссаси жуда ҳам ёқади. Ҳар сафар ўзгача ибрат билан эшитаман.
Хуфтондан сўнг, оилавий таробеҳ намозини ўқиймиз. Ҳовлимиз катта, фарзандларим билан яхшигина бир жамоа бўламиз. Аллоҳга беҳисоб бўлсинки бу йил таробеҳ намозида ўғлим хатмул Қуръон қиляптии. Қори фарзанднинг ортида иқтидо қилиб 30 пора Қуръонни рамазон ойида тинглаш... Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак бу дунёда.
Аллоҳ таолодан ватанимиздаги барча деҳқонларга, халқимизга файзу барака, хотиржамлик тилаб қоламан. Рамазон муборак!
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
Рамазон ибратлари: Кечиришни ўргандик...
Ҳар йили рамазон ойи келиши билан кайфиятимиз ва руҳиятимизда ўзгариш содир бўлади. Албатта яхши томонга! Масалан, кўпчилигимиз кечиримли бўлиб қоламиз...
Уламолардан бири айтади: “Рўзадор ҳотиржамлик ва рамазон сурурини ҳис қилмайди, токи қалбида ўзгаларга нисбатан хусумат йўқолмагунча, уни ранжитган одамларни кечирмагунча”.
Аслида инсонни ич-ичидан емирадиган, турли дардларга мубтало этадиган ва Аллоҳнинг раҳматидан мосуво қиладиган нарса бу – қалбдаги хусумат ва ўзгаларга бўлган нафратдир.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бизни кечиримли бўлишга тарғиб этган.
Жумладан, Қуръони каримнинг Аъроф сураси, 199 оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”
Бошқа бир оятда эса:
“Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг...” (Оли Имрон сураси, 159 оят).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман” – деганлар (Абу Довуд ривояти).
Наҳот жаннатда қасримиз бўлишини хоҳламасак... Жаннатда-я. Пайғамбар алайҳиссалом кафилман деганлар.
Яна бир ҳадисда: “Кимки қилмишига пушаймон бўлиб, узр сўраган одамни кечириб юборса, унинг хатоларини ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни кечирур” дея таъкидланган.
“Қалбига Аллоқ таъоло инсониятга нисбатан раҳм шавқат ато этмаган банда энг зиёнкор бандадир” (ҳадис)
“Қийналиб қолган қарздорга белгиланган муддатни узайтирган кишига ҳар куни шу қарз миқдорида садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради. Борди-ю белгиланган муддат етгач, яна узайтирса, ҳар куни қарзига икки баробар садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради” (ҳадис).
“Биродари билан бир йил аразлашиб юриш унинг қонини тўкиш билан баробардир” (ҳадис).
“Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди, кечирмаганни кечирилмайди ва бировнинг узрини қабул қилмаганнинг тавбаси ҳам қабул қилинмайди” (ҳадис).
Азиз диндошим! Агар рамазон келиб, рўзадор ҳолатда ҳамон қалбингизда ҳузур-ҳаловат ҳис қилмаётган бўлсангиз, қалбингизни кераксиз хусуматлардан, нафрату-аламлардан, изтироблардан бўшатинг. Сизни ҳафа қилган барча инсонларни кечиринг. Кечириш бизга Аллоҳ томонидан берилган чексиз куч ва жасоратдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни мағфират қилсин!
Саидаброр Умаров тайёрлади