muslim.uz
“Вақф” фондига нисбатан тарқатилаётган айрим нохолис фикрларга муносабат
6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда “Вақф” фонди фаолияти ҳақида асоссиз гап-сўзлар тарқатилди.
Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган хайр-эҳсон пулларини “Вақф” фондига тўла ўтказиш тартибига нисбатан гўёки баъзи масжидларда норозилик билдирилаётгани иддао қилинган.
Маълумки, “Вақф” фонди ташаббуси билан хайрия тадбирларини ўтказиш, муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатиш, ночор масжидларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда даромади кам масжидлар имомларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларининг кўлами борган сари кенгайиб бормоқда.
Жумладан, даромади кам масжидларда меҳнат қилаётган 750 нафар имом-хатибларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар ойда қўшимча ойлик маош тўлаб келинаётганини алоҳида қайд этиш керак.
Хайрия сифатида тушадиган маблағлар “Вақф” фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофлик таъминланган. Фонднинг vaqf.uz доменида очиқликни таъминлаш имкониятини берувчи, йиллик, ойлик ва ҳаттоки кунлик сарф-ҳаражатларни ҳам кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Афсуски, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар Фонд фаолияти ҳақида объектив тасаввурларга эга бўлмаган, журналистик суриштирув ўтказмаган шахсларнинг субъектив ёндошувининг маҳсулидир.
Биринчидан, Фондга масжидлардан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи масжид сарф-харажатлари учун мунтазам қайтариб борилади. Бу амалиётни сайтнинг “Статистика” http://vaqf.uz/uz/transactions/statistics бўлимидан кўриш мумкин. Шу бўлимда Фонд томонидан ҳар куни амалга оширилган ҳаражатлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Масалан, Фонд ташкил этилганидан буён масжидлардан 71 миллиард сўм келиб тушган бўлса, қарийб 60 миллиард сўм масжидларга қайтарилганини кўриш мумкин.
Иккинчидан, Фонд ихтиёрида қолаётган 25 фоиз маблағ эса масжид ва мадрасаларни қуриш-таъмирлаш, диний соҳа ходимлари ва талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфлаб келинмоқда.
Аввал юртимизнинг бир неча ҳудудларида Фонд томонидан янги масжидларни қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар қилинганини алоҳида таъкидлаш керак.
Масалан, биргина даромади кам масжидлар имом-хатибларига ойлик иш ҳақи бериш учун шу кунга қадар 1,2 миллиард сўм сарфланди.
Учинчидан, хабарда хайрия маблағлари пуллари “Вақф” фондига ўтказилаётгани сабаб масжид харажатларини қоплашга маблағ етмаётгани қайд этилганига келсак, юртимизда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган юзлаб масжидлар моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳисобланади. Фонд ихтиёрида қолаётган маблағлар ҳисобидан мана шундай кам даромадли масжидларга маблағлар йўналтирилиб, уларнинг фаолияти ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Тўртинчидан, Рамазон ҳайити куни тушган маблағлар тўлалигича “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобига кирим қилиниб, ушбу маблағларнинг 40 фоизи масжидларнинг сарф-харажатлари учун ўзларига қайтарилади.
Бешинчидан, масжидга тушган хайрия пуллари тегишли идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ҳисоб-китоб ва инкассация қилинаётганидан асосий мақсад, ушбу маблағларнинг айланмасини шаффофлигини таъминлашдир.
Ижтимоий тармоқларда бирёқлама, асоссиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, “Вақф” фонди фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш орқали фуқароларимизнинг йил сайин кўлами кенгайиб бораётган хайрия ишларига путур етказишдек ғаразли мақсадлар кўзлангани эҳтимоли ҳақида хулоса қилиш мумкин.
“Вақф” фонди матбуот хизмати
Ҳаё-иффатнинг мукофоти
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўплаб сураларида Мусо алайҳиссалом қиссаларини зикр қилган. Шулардан “Қасас” сурасида бундай деб марҳамат қилган:
وَلَمَّا وَرَدَ مَاء مَدْيَنَ وَجَدَ عَلَيْهِ أُمَّةً مِّنَ النَّاسِ يَسْقُونَ وَوَجَدَ مِن دُونِهِمُ امْرَأتَيْنِ تَذُودَانِ قَالَ مَا خَطْبُكُمَا قَالَتَا لَا نَسْقِي حَتَّى يُصْدِرَ الرِّعَاء وَأَبُونَا شَيْخٌ كَبِيرٌ
“Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У: “Сизларга не бўлди?” деди. Улар: “Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол”, дедилар”. (23-оят)
Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳрига чарчаб, чанқаган ҳолда етиб келдилар. Қарасалар, қудуқ атрофини эркаклар ўраб олиб, ҳайвонларини суғораётган эдилар. Нарироқда эса икки аёл ҳайвонларини қудуққа яқинлашишдан қайтариб, ҳалак бўлаётган эди. Ахир аёлларни эҳтиром қилиб, суғориш навбатини уларга бериш ўрнига, эркаклар ўзларини ўйласалар-а! Бечора аёллар бир четда қимтиниб, ҳайвонларини суғра олмай турибдилар. Мусо алайҳиссалом бу ҳолга чидаб тура олмадилар. Аёллардан “Сизларга не бўлди?” деб сўрадилар. Улар эса юксак одоб ва ҳаё билан: “Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол” дейишди.
Уларнинг ҳаёсига қаранг! Яъни улар эркакларга аралашиб, ҳайвонларимизни суғормаймиз. Аввал чўпонлар қудуқдан нари кетишсин, кейин биз борамиз. Ҳайвонни суғоришга эркак киши эмас, биз келганимизнинг боиси эса отамиз кекса киши, бу ишни қилишга қийналадилар. Шунинг учун биз келдик, деб жавоб бердилар. Агар аёллар “Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз” деган гапнинг ўзини айтишганда, уларга “Нега эркак киши эмас, сизлар келдингиз? Оилангизда эркак киши йўқми?” деган савол пайдо бўлиши мумкин эди. Лекин аёллар ўзларига бундай савол берилишига ҳожат қолдирмай, “отамиз қари чол” деган гапни ҳам қўшиб қўйдилар. Шу билан ортиқча саволдан қутилдилар. Номаҳрам билан кўп гаплашишга ҳожат ҳам қолмади.
Энди воқеанинг давомига қулоқ солайлик:
فَسَقَى لَهُمَا ثُمَّ تَوَلَّى إِلَى الظِّلِّ فَقَالَ رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ
“Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва “Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман”, деди”. (Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркак кишилик бурчи, деб билдилар. Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри худо, деб яна Роббул Оламийнга илтижо қилиб: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дедилар.) (24-оят).
Ҳа, Мусо алайҳиссалом ўзлари узоқ йўл юриб чарчаган, сувга ташна бўлган бўлсалар ҳам, аёлларнинг ҳайвонларини суғора олмай, навбат кутиб турганларига чидай олмай, ўзлари суғориб бердилар. Аёллар сувга тўйган ҳайвонларини ҳайдаб уйларига қайтишди. Мусо алайҳиссалом эса бир четдаги сояга ўтиб, дам олдилар. Бу шаҳарда ҳеч кимлари йўқ, уй, нон, овқат ҳам йўқ, ғариб бир ҳолатда эдилар. Сояда ўтирганча: “Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман” деб илтижо қилдилар.
فَجَاءتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاء قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا فَلَمَّا جَاءهُ وَقَصَّ عَلَيْهِ الْقَصَصَ قَالَ لَا تَخَفْ نَجَوْتَ مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ
“Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда”, деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: “Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг”, деди”. (Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар. Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.) (25-оят).
Бу оятда қизлардан бири ҳаё билан Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига юриб келгани очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳа, у қизлар ҳаёли эди. Мазкура қизлар билан боғлиқ оятдаги гап-сўзлар ҳам фақат ҳаёли аёл-қизларда кузатиладиган ҳолатлардир. У келгач, “Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда” деди.
Қизнинг гапига эътибор берайлик! “Отам чақиряпти” деганда, “Нега?” деган қўшимча савол пайдо бўлиши мумкин эди. Бу саволга эса қиз: “Суғориб берганинг ҳаққини бериш учун” деган жавоб бўларди. Номаҳрам йигит-қиз ўртасида савол-жавоблар кўпаймаслиги учун қиз ҳеч бир саволга ўрин қолдирмайдиган тарзда “Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда” дея гапирди. Қизнинг гапини эшитган Мусо алайҳиссалом “Ҳа, демак, отаси менга ҳайвонларни суғориб берганим учун ҳаққини бермоқчи экан” деб қизнинг ортидан йўлга тушдилар. Бориб, қизнинг отаси билан кўришиб, унга бўлиб ўтган воқеаларни гапириб бердилар.
قَالَتْ إِحْدَاهُمَا يَا أَبَتِ اسْتَأْجِرْهُ إِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْأَمِينُ
“Икки (қиз)дан бири: “Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир”, деди” (26-оят).
Кекса кишидан бошқа эркак яшамайдиган хонадонда қизларнинг ўзи оғир ишларни қилиши, баъзан қудуқ ёнида эркаклар билан аралаш ҳолда ҳайвонларни суғориши ниҳоятда ноқулай бир ҳол эди. Агар хонадонда кучли, мард эркак бўлса, уларнинг оғир ишларини қўлларидан олар, юқоридаги каби баъзи ноқулайликлар юз бермас эди. Шунинг учун қизлардан бири отасига ўша йигитни мардикор қилиб ишга олиш таклифини билдирди.
قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَن تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ فَإِنْ أَتْمَمْتَ عَشْراً فَمِنْ عِندِكَ وَمَا أُرِيدُ أَنْ أَشُقَّ عَلَيْكَ سَتَجِدُنِي إِن شَاء اللَّهُ مِنَ الصَّالِحِينَ
“У: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан”, деди” (27-оят).
Қизларнинг отаси Мусо алайҳиссаломнинг уй-жойлари, яқинлари йўқлигини билгач, ҳайвонларга чўпонлик қиладиган инсонга эга бўлиш, қолаверса, шундай ажойиб, танти йигитни қўлдан чиқармаслик илинжида саккиз йил ишлаб бериш шарти билан қизларидан бирини у кишига никоҳлаб беришини айтди. Ҳам оғир ишлар қўлдан олинади, ҳам яхши бир куёвга эришилади. Кекса киши Мусо алайҳиссаломга “Мен шартда саккиз йил деяпман, агар ўзингча яна икки йил қўшиб, муддатни ўн йилга етказиб қўйсанг, бу сенинг ишинг, ўзинг биласан. Мен сенга машаққат қилишни истамайман, иншааллоҳ, менинг солиҳ киши эканимни, ваъдамга, аҳдимга риоя қилувчи эканимни кўрасан деган маънода гапирди.
قَالَ ذَلِكَ بَيْنِي وَبَيْنَكَ أَيَّمَا الْأَجَلَيْنِ قَضَيْتُ فَلَا عُدْوَانَ عَلَيَّ وَاللَّهُ عَلَى مَا نَقُولُ وَكِيلٌ
“У (Мусо): “Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир”, деди” (28-оят).
Яъни, бу келишув, шартнома иккимизнинг ўртамиздадир. Саккиз йил ишлаб бераманми ёки ўн йилми, ўзим биламан. Тузган шартномамизга Аллоҳ шоҳиддир, деган маънода гапирдилар.
Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом қизлардан бирига уйландилар ва ўша хонадонда айтилган муддат давомида хизмат қилдилар.
Қизлар ҳаёли бўлишгани, ортиқча саволга ҳожат қолдирмай, узун суҳбатнинг олдини олиб гапиришгани, иффатларини сақлаганликлари учун Аллоҳ таоло уларга кўплаб неъматларини ато этди.
Аввало, Аллоҳ таоло уларга ҳаё берди. Аёл киши ҳаё ва иффати билан гўзалдир, қадрлидир.
Кейин уларни бир сафар оғир меҳнат ташвишидан қутқарди. Ҳайвонларни бир йигит суғориб берди.
Кейинчалик қизлардан бири ўша йигитга турмушга чиқиб, бу қутулиш доимий бўлди.
У йигит кейинчалик улул азм пайғамбарлардан бўлди, Аллоҳ билан гаплашди. Аллоҳ таоло қизларнинг ҳаёсига мукофот тарзида бўлажак пайғамбарга турмушга чиқиш, бўлажак пайғамбарнинг уларга ўн йил хизмат қилишидек мукофотларни ато этди.
Азизлар, ҳаё-иффатли бўлайлик! Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” дейилган. Юқорида айтилганлар ҳаёли қизларга шу дунёнинг ўзидаёқ берилган мукофотлар бўлса, охиратдаги неъматлар янада улканроқ бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли, иффатли, ор-номусли бандаларидан қилсин!
Мақолани интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
“Тўқмоқ ота” жоме масжиди қайта қурилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш ташкил этилди, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш бўйича имкониятлар ишга солинди.
2019 йилда Мўйноқ туманида яна кўплаб - саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжалигида 5 та, хизмат кўрсатиш бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу - Мўйноқ аҳолиси, деди Шавкат Мирзиёев. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак, деган эди.
Шу боис Президентимиз келгуси икки йилда Мўйноқда 20 та кўп қаватли уй қуриш, янги шаҳарча барпо этиш бўйича топшириқ берди. Бу ерда замонавий шаҳарсозликдаги барча янгиликларни жорий этиш, намунавий инфратузилма яратиш зарурлигини таъкидлади.
Мана ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда Мўйноқ туманидаги «Тўқмоқ ота» жоме масжидининг иморатини замонавий шаҳарсозлик асосида қайта қуришга рухсат олган эди.
6-июнь куни Мўйноқ тумани ҳокимияти, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, туман нуроний ва аҳолиси иштирокида «Тўқмоқ ота» жоме масжидининг янги иморатининг биринчи ғиштини қўйиш маросими бўлди. Унда Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияров ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдиновлар иштирок этди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти матбуот хизмати
Саломни кўпайтирайлик!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَإِذَا حُيِّيْتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّواْ بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيباً
“Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир”. (Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.) (Нисо сураси, 86-оят).
Бу ояти каримада саломга ўзидек қилиб ёки ундан зиёдароқ, яхшироқ алик олиш кераклиги баён этилмоқда. Биров бизга “Ассалому алайкум” деб салом берса, сиз унга “Ва алайкум ассалом” ёки “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ” ёки бўлмаса “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб алик олишимиз лозим бўлади. Ҳар ҳолда жавобимиз унинг саломидек ёки ундан ортиқроқ бўлиши керак. Бордию “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом берган кишига “Ва алайкум ассалом” деб алик олсак, “ва роҳматуллоҳ”ни қўшмасак, алик олишдан нуқсонга йўл қўйган бўламиз. Хўш, аслида саломни қандай лафзлар билан бериш керак?
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум” (Сизга саломатлик бўлсин!) деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига алик олдилар ва “Ўнта” дедилар. Кейин яна бир киши келди-да, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” (Сизга саломатлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!) деди. У зот алайҳиссалом унинг ҳам саломига алик олиб, “Йигирмата” дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” (Сизга саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!) деб салом берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қайтардилар-да, “Ўттизта” дедилар”. Имом Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган ва Термизий: “Ҳасан ҳадис” деган.
Ушбу ҳадиси шарифда салом бериш лафзи, қандай услубда салом бериш кераклиги ҳамда уларга бериладиган ажру савоблар зикр қилинмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ассалому алайкум” деган саҳобанинг саломи учун ўнта яхшилик, савоб ёзилгани, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом берган саҳобанинг саломига йигирмата савоб берилгани, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб салом берган саҳобанинг саломи учун ўттизта ҳасана ёзилганини маълум қилдилар.
Демак, салом беришда лафз кўпайиши билан унинг савоби ҳам кўпаяр экан. Биз ҳам кишиларга салом бераётганимизда савобни кўпроқ қўлга киритиш пайидан бўлишимиз, эринмасдан “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб салом беришни кенг жорий этишимиз керак. Ана шунда ҳамма жой ҳасанага тўлиб, яхшиликлар, баракалар зиёда бўлади. Қолаверса, инсонлар орасида ўзаро меҳр-оқибат кучаяди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифда “Ораларингизда саломни кенг ёйинглар, бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар” деб марҳамат қилганлар.
Саломлашиш орқали кишиларнинг қалбига йўл топилади, уларнинг кўнгиллари юмшайди, ўртадаги таранглик йўқолади.
Саломни кенг жорий этиш орқали инсонлар ўртасидаги низо ва нафратларга барҳам берилади, энг муҳими, салом беришдек суннат ва алик олишдек вожиб амални бажарилгани учун кўплаб савобларга эришамиз.
Аллоҳ таоло бизни саломни чиройли кўринишда берувчи ва саломга гўзал тарзда алик олувчилардан қилсин!
Мақолани Нозимжон Иминжонов тайёрлади