muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Шишали масжид пайдо бўлди

Ҳиндистон Мегхалая штати Шиллонг шаҳрида дунёдаги биринчи шишали масжид пайдо бўлди, деб хабар бермоқда islamisemya.com.
«Ушбу масжид барча динларнинг бирлиги рамзи ҳисобланади», — дейди Ҳиндистон миллий озчилик ишлари бўйича Иттифоқ давлат вазири Винсент H. Пала.
Вазир Мадина масжиди деб номланган ва Ҳиндистондаги фақат шишадан қурилган тўрт қаватли илк масжиднинг ўзига хослиги ва алоҳида маънавий муҳитини таъкидлади.
Тунги вақтда сунъий қўшимча ёритиш воситалари сабабли масжид ўзгача тарзда чарақлаб туради. Бир неча минг намозхонларга мўлжалланган масжидда аёллар учун алоҳида хоналар кўзда тутилган.
Бу масжидда шунингдек бўлажак имом-хатибларни етиштириб чиқарадиган диншунослик институти фаолият юритади. Мадина масжиди ислом фанлари ва дунё динлари ҳақидаги адабиётлардан иборат кутубхона мавжуд. Бу ерда истовчилар Ислом дини ҳақида маърузалар ва дарслар берилади, бунинг учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Шуни таъкидлаш лозимки, аҳолиси 1,1 млрд бўлган Ҳиндистоннинг 160 млн. мусулмонлар ташкил этади. Мусулмон аҳолисининг сони бўйича Ҳиндистон дунёда Индонезия ва Покистондан кейин учинчи ўринда туради.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари бўйича вазирлиги айни пайтда ажойиб бир лойиҳани якунлаш арафасида туришибди. Унга кўра, зиёратчилар, Қироллик фуқаролари ва аҳолисига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам 622 йилда Макка шаҳридан Мадина шаҳри томон юрган йўллари бўйича туяларда сафар қилиш имкони яратилади.
"Saudi gazette" ва "Makkah Daily" нашрларинингг хабарига кўра, лойиҳа “Саниятул вадога йўл ” деб номланувчи лойиҳа меҳмонхоналар, дам олиш уйлари, музейлар ва бошқаларни ўз ичига олувчи 25 та бекатларни ишлаб чиқишни кўзда тутади.
Карвон ўз саёҳатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари Мадина шаҳрига отланишидан аввал Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан душманлардан уч кун давомида беркиниб турган Савр ғоридан бошлайди. Сўнгра карвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қабул қилган Умму Маъбаднинг чодири ўрнида тўхтайди (ўша ерда қўйнинг сути мўъжизаси содир бўлган эди). Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суроқа ибн Моликни учратган жойдан ўтилади. Суроқа қурайшликлар ваъда қилган мукофот умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изидан борган эди.
Бошқа жойларни ҳам зиёрат қилиб бўлгач, зиёратчилар ўз сафарларини Мадинадаги Сaниятул вадога етганда тугаллайдилар.
Лойиҳа ташаббускорлари кўра, ушбу 380 километрдан иборат бу йўналиш бўйлаб Мадинага автомобиль, ҳаво шари ва мотоциклларда ҳам сафар қилиш мумкин.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Аллоҳ таоло бизга камроқ гапириб, кўпроқ тинглашимиз учун иккита қулоқ, битта тил ато этди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамларнинг тасарруфларини кузатадилар. Одамларни танқид қиладилар. Одамларнинг ниятларини таҳлил қиладилар. Шу тарзда вафот этадилар. Текшириб кўрилса, улар ўзларининг эмас, одамларнинг ҳаётини яшаб ўтган бўладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Пок табиатли инсонлар, гарчи ҳолатлари, вазиятлари ўзгарса ҳам, сифатлари ўзгармайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар “ёмон кўриш” деган нарсани электр энергиясига айлантириш мумкин бўлганда, бутун дунёни ёритиш имконига эга бўлган бўлардик.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тилинг фикрларингдан ўзиб кетишидан эҳтиёт бўл!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Улар ёлғончидирлар. Ёлғончи эканликларини ўзлари ҳам биладилар. Биз уларнинг ёлғончиликларини билишимизни ҳам биладилар. Шундай бўлса-да, баланд овозда ёлғон гапирадилар.

Нажиб Маҳфуз

*****

Ҳакимлардан бири шундай деди: “Аёл каби фазл манбаи бўлган кишини кўрмадим. Кичиклигида ота-онасининг жанатга киришига сабаб бўлади. Турмушга чиққанда эрининг динининг ярмини тўлдиради. Она бўлганда эса, фарзандлари учун жаннат унинг оёқлари остида бўлади”.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Муҳаббатнинг иккита оёғи бор: эътибор оёғи ва эҳтиром оёғи. Агар шу оёқлардан бири йўқолса, муҳаббат чўлоқ бўлиб қолади.

 “Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Апатия – хавфли касаллик

Инсонларнинг феъли Аллоҳ таоло томонидан турли қилиб яратилган. Аммо, мантиқий жиҳатдан одамлар характерига тегишли бўлган барча хусусиятлар икки тоифага бўлинади: ижобий ва салбий. Шу икки характернинг қай бири кўпроқ намоён бўлишига кўра инсонлар яхши ва ёмонга ажратилади.

Дунёда яна бир тоифа бор – уларни айнан қайси характерга эга эканлигини аниқлаш мушкул, худди мунофиқларни билиб бўлмагандек. Мазкур хислатни баён этишдан аввал эътиборингизни дунёдаги ноёб, бироқ сўнгги пайтларда жуда тез тарқалаётган битта касалликка қаратмоқчиман. Фанда бу хасталикни “Апатия” – юнонча “apatheia” сўзидан олинган бўлиб лоқайдлик, ҳафсаласизлик, қизиқишнинг йўқолиши деган маъноларни англатади. Ушбу дардга чалинган беморнинг ҳеч қаери оғримайди, безовта қилмайди. Хасталик асосан одамнинг теварак-атрофидаги воқеа ва ҳодисаларга лоқайд бўлиб қолиши, тиббиётчилар табири билан айтганда ташқи муҳитга қизиқмай бутунлай бепарво бўлиб қолиш билан ифодаланади. Апатия, кўпинча, касаллик эмас характер сифатида ҳам намоён бўлсада, барибир у касалликдир.

Бу дардга чалинган беморлар асосан 4 гуруҳга бўлинади:

  1. Онгли равишда, ақлан бепарволар (менга нима, мени ишиммаску, нима бўлибди, оч қорним тинч қулоғим қабилида иш кўрувчилар)
  2. Онгсиз равишда, қалбан бепарволар (сизга ачинаман, роса ёрдам бергим келяпти ва бошқа юзаки муносабатларни билдисада бироқ, қалбан бепарво бўлади – қалби қотганлар)
  3. Такаббурлар – ҳа, албатта такаббурлик ҳам айнан апатия касаллигининг бир кўриниши экан. Хасталикнинг бу босқичи бироз оғирроқ, негаки олимларнинг таъкидлашича апатиянинг ушбу турига асосан ўзига тоқ, барча шароитларга эга бадавлат одамлар чалиниш эҳтимоли катта экан. (“Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деганларидек)
  4. Ўта ночорлар – афсуски ўта ночорлик ҳам инсонни атроф олам ва воқеъликларга бепарво қилиб қўяр экан. Сабаби, ўта оғир ночор одамнинг ҳамма нарсадан хафсаласи пир бўлиб, хатто ўзига ҳам бепарво, лоқайд бўлиб қолади.

Биз юқорида тилга олган учинчи тоифа инсонлар айнан “апатия”  касаллигининг турли кўринишларига чалинганлардир яъни бепарво ва лоқайдлар. 

Хўш, апатиянинг авж олиши қандай оқибатларга олиб келади?

  • Жамиятда бепарво, лоқайд, ҳеч нарсага қизиқмайдиган фақатгина еб-ичиб кун ўтарга яшовчи “ҳайвон” сифат одамлар кўпаяди. Бу эса жамиятни таназзулга олиб келади (тарихда мисоллар кўп).
  • Инсониятга берилган улуғ неъматлардан бири ҳис-туйғу сохталашиб, охир-оқибат сўниб кетади ёки ўрнини тубанлик эгаллайди (ака-ука, ота-бола, она ва қиз, қариндошлик, дўстлик ва биродарлик каби ришталар узилади). Жиноятчилик авж олиб, хотиржамлик йўқолади. Тараққиёт секинлашади ёки тўхтайди.
  • Инсонлар ўртасидаги ўзаро қадр-қиммат фақатгина моддият билан ўлчанади. Бу эса қулдорликнинг замонавий кўриниши пайдо бўлишига хизмат қилади.
  • Охиргиси ва энг оғири – инсоф, виждон ва нихоят иймон йўқолиб, одамлар Аллоҳ таоло ва унинг динига эътиборсиз бўлиб қолади. “Худосизлар жамияти” пайдо юўлади. (Аллоҳ асрасин)

Касалликнинг давоси борми?

Аслида Аллоҳ таоло дунёдаги барча дардларга, хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин Қуръони каримни шифо ўлароқ нозил қилган. Айниқса, хасталик руҳга ва қалбга тегишли бўлса унда беморни асосан Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайхиссаломнинг кўрсатмалари орқалигина даволашга эришиш мумкин.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда мазкур касаллик ва унинг таърифи ҳақида қуйидагича марҳамат қилади:

         “Одамларга ҳисоб-китобалари (яъни, Киёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда (иймон келтириб, яхши амал килишдан) юз ўгирувчидирлар”. (Анбийё сураси, 1-оят)

“Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлгани холларида фақат дунёнинг зохиринигина билурлар”. (Рум сураси, 7-оят)

Имом Термизий Ҳузайфа розияллоху анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайхиссалом: “Лоқайд бўлманглар. Одамлар яхшилик қилса, биз ҳам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар”, дедилар.

Лоқайдликнинг яна бир номи дангасалик десак тўғри бўлади.  Умар розияллоху анҳудан ривоят килинади: “Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам беш нарсадан: дангасаликдан, бахилликдан, кибрнинг ёмонлигидан, қалбдаги фитнадан ва қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар”. Демак бундай офатлардан доимий равишда паноҳ сўраб туриш керак.

Муолажа:

Барча хасталикларда бемор томонидан қилинадиган илк муолажа бу –   тавбадир.

“Шундан кейин Аллоҳ хоҳлаганларининг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Тавба сураси, 27).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Шунинг учун айланиб, юриб, туриб, ўтириб ҳам истиғфорни одатга айлантириб олиши лозим. Кунда камида бир тасбеҳ истиғфор айтиши жуда яхшидир. 

“Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади” (Нисо сураси, 110).

Аллоҳ таоло ўзининг мағфиратига сазовор бўладиган мўминларни сифатлаб шундай дейди: 

“Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфират” (Оли Имрон сураси, 135-136). 

Гуноҳ ёки бепарволик ва лоқайдлик асносида хато қилиб қўйдингизми дарҳол тавба қилишни унитманг.

Саломатликка эришиш ва уни мустаҳкамлаш:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

“Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Худ сураси, 114).

Аллоҳ таоло барчамизни лоқайдлик, бепарволик ва хасталиклардан асрасин! 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Исро ва Меърож мўъжизаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top