muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК!

Муҳтарам жамоат! Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

(سورة البقرة/183)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ فَرِحَ بِدُخُولِ رَمَضَانَ حَرَّمَ اللهُ جَسَدَهُ عَلَى النِّيْرَانِ"

(الجامع الكبير للإِمام السيوطى)

яъни: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах  ўтига ҳаром қилади”.

Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва  бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.

Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَقُولُ الصِّيَامُ: أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، قَالَ: فَيُشَفَّعَانِ"

(رَوَاهُ الإِمامُ أَحْمَدُ)

яъни: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

عن ابْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عِنْ أَبِيكَ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"

(رواه الإِمامُ النسائى)

яъни: Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).

Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.

Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ юртимиздаги барча масжидларда таровиҳ намозлари ўқилмоқда. Бу йил бир минг икки юз (1200)га яқин масжидларда хатми қуръонлар ўтказилмоқда. Уларда икки мингга яқин (2000) Қуръони карим ҳофизлари Аллоҳнинг каломини бошидан охиригача хатм қилмоқдалар. Мўмин-мусулмонлар бу кунларни қадрига етиб, Аллоҳ таолога шукроналар қилиб, ибодатларини эмин-эркин, ҳаловат билан адо этмоқдалар.

Рўза ибодати Жаннатдаги  Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ فِى الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَدْخُلُ مَعَهُمْ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَدْخُلُونَ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلَ آخِرُهُمْ أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"

(رَوَاهُ الإِمامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).

Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا"

(رواه الإِمامُ الترمذي)

яъни: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

 Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلّم قال: "أُعْطِيَتْ أمَّتِي خَمْسَ خِصَالٍ فِي رَمَضَانَ لَمْ تُعْطَهُنَّ أُمَّةٌ مِنَ الْأُمَمِ قَبْلَهَا؛ خُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيْحِ الْمِسْكِ، وَتَسْتَغْفِرُ لَهُمْ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُفْطِرُوا، وَيُزَيِّنُ اللهُ كُلَّ يَوْمٍ جَنَّتَهُ وَيَقُولُ: يُوْشِكُ عِبَادِي الْصَالِحُونَ أَنْ يُلْقُواْ عَنْهُمْ الْمُؤُونَةَ وَالْأَذَى وَيَصِيرُوا إِلَيْكَ، وَتُصَفَّدُ فِيْهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِيْنِ فَلَا يَخْلُصُونَ إِلَى مَا كَانُوا يَخْلُصُونَ إِلَيْهِ فِي غَيْرِهِ، وَيُغْفَرُ لَهُمْ فِي آخِرِ لَيْلَةٍ،"

 (رَوَاه الإِمامُ أحمدُ)

яъни: “Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).

Мўҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида сўҳбатлашамиз. Жумладан:

  • Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло Бақара сурасиниг 183-оятида шундай деди: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади.
  • Рўзадор шайтонга қарши курашади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, деганлар.
  • Рўза инсон шаҳватини синдиради. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.()
  • Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг назоратида турганини ҳис қилиб яшайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.
  • Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).
  • Рўза тутган киши фаришталарнинг сифатига киради. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.
  • Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
  • Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, муҳтожликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.
  • Рўза соғликни тиклайди. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги илмий исботини топган даво усулидир. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг тиббиёт мутахассислари ихтиёрий очлик йўли билан даволамоқдалар. Мазкур илмий тадқиқотлар натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар бундан 14 аср аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар (Имом Табароний ривояти), деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.

Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларингизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин. Омин!

Россия Федерациясининг Саратов шаҳрида Рамазон ойида давомида I Евросиё Қуръони карим тиловати халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа 2018 йилнинг 19 – 20 май кунлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Мусобақага Европа ва Осиё мамлакатларидан 11 нафар, шунингдек Россия Федерациясининг 12 вилоятидан 30 та қори иштирок этиши қайд этилди.

Ушбу мусобақада иштирок этиш учун “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ислом билим юрти 4-курс талабаси Пирхонов Насибулло қори бугун, 18 май куни Саратов шаҳрига жўнаб кетaди.

Ўзбекистонлик қори “Қуръон ҳофизи” йўналишида ғолиблик учун беллашувга киришади.

Мусобоқа мухлислар орасида ҳам қизғин бориши учун мусобақа чипталарига “Муборак Ҳаж зиёрати” соврини қўйилган.

Мусобақа ҳақида хабарларни muslim.uz сайтида кузатиб боринг.

Абдуллоҳ Парпиев,
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Раҳмон инсонни яратди, Қуръонни ўргатди. Унга баённи (ўқиш ва ёзишни) ўргатди. (Кунларнинг ҳисоби) Қуёш ва ой ҳисобидадир. Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди деб ўз каломи Ар-Роҳманда ҳабар берган, энг буюк илм соҳиби бўлган Муаллим ва Адолатда одил Зот бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамд ва саноларимиз бўлсин.

«Сизларга жаннатнинг тахтларидан хабар берайми?»  деб ўз умматларини қувонтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.

Инсон бу дунё ҳаётида яшар экан, ўзининг келгуси ҳаёти охират дунёси ҳақида қизиқишлари ортиб боради. Айниқса, жаннатдаги ҳаёт қандай бўлишига ҳар бир мўмин киши қизиқиши табий ҳол. Шунинг учун жаннат ҳаёти қандай экани ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримга мурожаат қилиб, ундаги жаннат ҳаёти ҳақидаги хабарларни билишимиз мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: "Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор". (Қиёмат куни Парвардигорининг ҳузурида бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. «Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор. Жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қиладилар) (Ар-Роҳман сураси, 46-оят).

«Икковларида ҳам мевадан жуфт навлар бор» (Ар-Роҳман сураси, 52-оят).

«Ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин бўлган ҳоллари бор»  (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).

«Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур) лар бор»  (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).

«Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир».

«У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор»  (Ар-Роҳман сураси, 62-оят).

«Икковлари ям-яшилдир. Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор»  (Ар-Роҳман сураси, 64-66).

«Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор»  (Ар-Роҳман сураси, 72).

«Яшил болишларга ва гўзал гиламларда ёнбошлаган ҳоллари бор»  (Ар-Роҳман сураси, 76).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат тарифини гўзал тарзларда тавсифлаган. Хусусан, Имом Ғаззолий айтади: «Ҳар қачон сен жаннатда ҳаёт қандайлигини билмоқчи бўлсанг, Қуръонни ўқи Аллоҳнинг изоҳлашидан ортиқроқ шарҳни бошқа ҳеч қаердан топа олмайсан. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш. Раббинг исми муборак бўлди».

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримда гўзал таърифлар билан баён қилган икки жаннатига мушарраф қилсин. 

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги «Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Рамазон ойи ойларнинг ичидаги энг улуғидир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ойни бошқа ойлардан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Хўш, нега шундай? Бунга қуйидаги матнларда жавоб бериб ўтамиз.

Рамазон Қуръон ойи!

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги Каломини шу ойда нозил қила бошлаган.

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” деган.

Қуръон инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китобдир. Биз бахт-саодатимиз гарови бўлган бу Китобнинг нозил этилган мавсумини яхши кўрмасак, бошқа қайси ойни, қайси мавсумни яхши кўрамиз?!

Рамазон раҳмат ойи!

Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ ёғилади. Масжидлар, уйлар, кўчаларни раҳмат чулғаб олади. Атроф бошқа ойлардагидан кўра ўзгача файзли кўринади.

Рамазон савоблар кўпайтириб бериладиган ой!

Бу ойда қилинган солиҳ амалларнинг савоби бошқа ойлардагидан кўра кўпайтириб берилади. Ривоятларда келишича, бу ойда қилинган бир нафл амалга бошқа ойлардаги фарз амалнинг савоби, бу ойда қилинган бир фарз амалга эса бошқа ойлардаги етмишта фарз амалнинг савоби берилади. Шунинг учун барча мусулмонлар бу ойда солиҳ амал қилишга ўзларини урадилар. Кўплаб савоб олишнинг ҳаракатида бўладилар.

Рамазон мағфират ойи!

Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини мағфират қилади. У Зотнинг мағфирати кенгдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Рамазон дўзахдан қутулиш ойи!

Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилиши хабарларда айтилади. Шунинг учун бу ойда дўзахдан қутулишга сабаб бўладиган амалларни кўпроқ қилишимиз керак.

Рамазон меҳр-мурувват, саховат ойи!

Бу ойда барчамиз ён-атрофимиздаги инсонларга, етимлар, бевалар, камбағаллар, қариндошлар, қўшниларга тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам яхшилик қилишга уринамиз. Эҳсон-садақларимиз кўпаяди. Закот берамиз. Диндошларимизнинг кўнглини кўтаришга, Рамазонни хушкайфиятда ўтказишлари учун шароит қилиб беришга ҳаракат қиламиз.

Рамазон солиҳ амаллар кўпаядиган ой!

Бу ойда Қуръони Каримни кўп тиловат қиламиз, Аллоҳ таолони зикр қиламиз, нафл ибодатларни кўпайтирамиз, таровеҳларда иштирок этамиз, хатми Қуръонга қулоқ тутамиз, олимлар, фозилларни зиёрат қилиб, дуосини оламиз, мискинларга садақа берамиз, ифторликлар ташкил этамиз ва ҳоказо. Савоблар кўпайтириб бериладиган ойда солиҳ амаллар ҳам кўпаяди.

Рамазон тақво ойидир!

Аллоҳ таоло бизга рўзани фарз қилишининг ҳикматларидан бири – бизда тақвони шакллантиришдир. Рўза айнан тақвони ўргатадиган, сабрни шакллантирадиган, қалбда меҳрни уйғотадиган ибодатдир. Шунинг учун ҳам бу ойда кўп диндошларимиз ўзларини солиҳ амалларга урадилар, бошқа ойлардагидан кўра тақволироқ бўладилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли ва рўзанинг самарасидир.

Рамазон фаришталар нозил бўладиган ойдир!

Бу ойда раҳмат фаришталари Аллоҳнинг изни билан Ерга тушадилар. Масжидларга, Қуръон тиловат бўлаётган, зикр мажлислари ўтаётган жойларга келадилар. Мусулмонлар билан бир сафда туриб ибодат қиладилар. Масжидларда хатми Қуръон пайтида кўзларга ёш келиши ўша фаришталарнинг ўша мусулмоннинг қалбини силаши сабабидандир.

Рамазон қадр кечаси ўрин олган ойдир!

Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу – қадр кечасидир. Бу кечада қилинган бир ибодатга бошқа минг ойда қилинган ибодатга бериладиган савобдан ҳам кўпроқ савоб берилади. Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Уламоларимиз бу кечани Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан излаш кераклигини айтишган.

Рамазон шайтонлар кишанланадиган ойдир!

Бу ойда шайтонлар кишанланади. Инсоннинг солиҳ амал қилиши осон бўлади. Биз мўмин-мусулмонлар Рамазонда тақво малакасини кучайтириб, кейин бутун йил давомида шу малакани зиёда қилиб боришга, амалларга ғайратли бўлишга интилишимиз лозим. Душманимизнинг кишанлаб қўйилиши биз учун катта имкониятдир. Тавба қилишга, ибодатни кўпайтиришга, Аллоҳга яқин банда бўлиб олишга имкониятдир.

Рамазон тавба ойидир!

Бу ойда гуноҳларимизга кўпроқ тавба қилишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати кенгдир. Рўзани ихлос билан тутиб, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига эришишимиз билан бирга, ўзимиз ҳам кўпроқ тавба ва истиғфорда бардавом бўлишимиз даркор. “Астағфируллоҳ ал-Азийм” деб айтишни ўзимиз учун ҳар кунлик вазифа қилиб олишимиз керак. Айниқса, саҳарликка турган пайтларимизда истиғфорга берилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда саҳар пайтида истиғфор айтувчиларни мақтаган.

Рамазон гўзал хулқлар билан безаниш ойидир!

Ҳадислардан бирида рўза тутган одам ёлғон гапиришдан ва гуноҳ иш қилишдан тимйилмаса, тутган рўзасидан унга фақат очлик ва чанқоқлик қолиши айтилган. Шунинг учун қорнимизни таом ва ичимликдан, фаржимизни шаҳватдан тийиш билан бир қаторда бутун тана аъзоларимизни гуноҳ, ҳаром ишлардан сақлаб боримшимиз шарт. Бошқача айтганда, ҳамма аъзоларимиз ҳам рўза тутиши керак. Шунда рўзадан кўзланган улкан фойда ва самараларга, беҳисоб савобларга эришамиз.

Рамазон дуолар ижобат бўладиган ой!

Бу ойда кўпроқ дуо қилишимиз керак. Айниқса, Қуръони Каримни хатм қилганимиздан сўнг дуога ҳарис бўлишимиз керак. Саҳарликка турган чоғимизда, ифторлик асносида кўпроқ дуо қилишга интилишимиз айни муддаодир.

Юқоридаги ва бошқа кўплаб ишлар сабабидан биз Рамазон ойини яхши кўрамиз, соғинамиз, кутамиз, бу ойдан чиқсак, маҳзун бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилиб, бу ойда кўп ибодат қилишимизни, гуноҳлари кечирилган, дуолари ижобат этилган, мартабаси кўтарилган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган бандалардан бўлиб чиқишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов

Ўми Матбуот хизмати

Мақолалар

Top