muslimuz

muslimuz

Четверг, 25 Январь 2024 00:00

Отамнинг меҳрли нигоҳи

Болалик даврларим. Учинчи синфда ўқийман. Мактаб дарсликларимни кўз қорачиғимдек авайлайман. Китобларимнинг устига ғилоф тутиб юришни яхши кўрардим.

Онамдан китобларим устига қалин ғилоф қилдириб беришларини сўраганимда шарт эмаслигини айтиб жеркиб бердилар. Онам табиатан бироз пишиқроқ бўлганлари учун ҳам бу илтимосим онамга ёқмади. Мен онамнинг гапларидан хафа бўлиб йиғладим. Онам нега йиғлайсан деб урушиб турганларида дадам хоналаридан чиқиб қолдилар. Дадам вазиятни англагач, менга шундай меҳр билан қарадиларки, шу нигоҳларини ҳали-ҳануз эслайман.

Отам илтимосимни ерда қолдирмадилар. Китобларимни олиб чиқиб кетдилар. Бироздан сўнг ҳаммасига бир хилда чиройли гулли, қаттиқ муқовалар қилдириб келдилар.

Ўша воқеадан кўп ўтмай, тақдир экан, отам Яратганга омонатларини топширдилар. Мен дадамни жуда яхши кўрардим. Жаноза куни кўп йиғладим. Дадам муқова қилдириб берган ўша китобларимни қучиб йиғладим...

Ҳалигача дадамнинг ўша қарашларини кўзимда ёш билан хотирлайман. Ҳозир ёшим 22 да. Аллоҳ насиб этиб фарзандли бўлсам, мен ҳам болаларимга дадам каби меҳрибон ота бўлишни истайман. Лекин назаримда у кишидек меҳрибон бўлишни иложи йўқдек туюлади.

Ҳозир шу топда у кишини жуда соғиндим...

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Среда, 24 Январь 2024 00:00

Шукр саждаси ҳақида

Cавол: Ижтимоий тармоқларда Шукр саждаси ва уни ҳар намоздан кейин қилиш ҳақида ўқиб қолдим. Шу мавзуга муносабат билдирсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Шукр саждасининг фазилати” деб номланган бир хабар кенг тарқалмоқда ва бу хабарга тўқима ривоятни далил қилинмоқда. Аллоҳ таоло ва фаришталар ўртасидаги суҳбат шаклида келтирилган ушбу тўқима ривоят эътиборли ҳадис китобларидан бирортасида учрамайди. Бундай маълумотларни киши ўз фикридан келиб чиқиб тарқатиши унинг жоҳиллигини билдириб, гуноҳкорликка сабаб бўлади.

Кўпчилик уламолар, бирор неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат даф бўлганда, шукр саждаси қилиш суннатдир, деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳулар катта хушхабар эшитганларида шукр саждаси қилганлари ривоят қилинган.

Бу ҳақда Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хурсандчилик иш бўлса ёки хушхабар келса, Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Яна ўша тўқима хабарда шукр саждасини ҳар намоздан кейин қилишни тарғиб қилган. Ваҳоланки бу ишнинг макруҳлиги ҳақида “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилади: “Шукр саждаси мустаҳабдир ва шунга фатво берилган. Лекин намоздан кейин саждаи шукр қилиш макруҳ, чунки билмайдиган одамлар уни суннат ёки вожиб деб, эътиқод қилиб қоладилар. Ҳар бир нотўғри эътиқодга олиб борувчи мубоҳ иш — макруҳдир. Шукр саждасида ҳам таҳорат ва қиблага юзланиш шарт бўлади.

Хулоса шуки, диний асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиш, тарқатишга тарғиб этиш ва бунга кўмаклашиш мутлақо жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Среда, 24 Январь 2024 00:00

Камтарлик

Камтар бошлиқ энг афзал одам саналишидан ташқари, энг кўп фаолиятли киши ҳамдир, зеро, у доим хатоларини эътироф этишга, эргашувчиларига ёруғлик улашишга тайёр бўлади. Бошқалардан таълим олаверади. Бу эса камтарона бошлиқлик сифатларидандир.

Камтар одам нафсни бошқаришга энг қудратли одам ҳисобланади. Нафсни бошқариш айни вақтда муваффақиятли ҳаёт калитларидандир.

Камтар инсон ўзига жуда кам эътибор беради, натижада иғвогарлик қилинадиган ўринларда ҳам ўзини бошқара билади. Бошқаларни қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, улар билан боғланиши, мустаҳкам алоқаларни ўрнатиши осон бўлади.

Камтар одам “Бутун олам мендан қарздор”, “Менинг мавқейим бошқаларникидан баланд” каби хаёллардан холи бўлади. У ҳамма нарсани яхши қабул қилшим, кечирувчан бўлишим, шахсий фикрларимни бошқаларникидан Афзал кўриб, ўзимни оқламаслигим керак, деб билади.

Камтар толиби илм, талабалар ичида энг илмлиси бўлади, худди чуқур ерда сув кўп бўлгани каби.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ бандани кечиримлилиги туфайли фақат ва фақат қадрини кўтаради. Қайсики банда Аллоҳ олдида ўзини камтар тутса, Аллоҳ уни юқорилатади” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарлар саййиди эдилар, буюк қадр-қимматлари, олий мақомларидан ташқари у зотда кибр, димоғдорликдан асар ҳам бўлмаган. Мўминларга қанотларини пастлатар, уларга катталик қилмасдилар, улар орасида ўтиганда худди улардан бўлган бир оддий одам сингари ўтирардилар. Ташқаридан келган одам у зотни ажрата билмасди, чунки тўғри келган жойга ўтириб кетаверардилар. Савол сўраб келган бегона одамлар “Муҳаммад ким?” дея сўрагани ҳам бежизга эмас!

Абу Зарр ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари орасида ўтирар эдилар, бегона одам келса, пайғамбар қайси бирлари экканини ажрата олмай сўрарди. Кейин биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида жой қилишни қасд қилдик, токи бегона одам келса, билиши учун. Тупроқдан минбар қурдик, кейин унга ўтирадиган бўлдилар, биз эса атрофларида ўтирар эдик” (Абу Довуд ривояти).

Камтарлик билимсиз одамниниг билимсизлигини сатр қилади. Кибр эса аксинча, билимли одамнинг фазлини йўққа чиқаради. Оқил одам дарахтнинг шохига ўхшайди, катталашгани сари энкайиб, камтарлашиб боради.

Бир ривоятда айтилишича, Али розияллоҳу анҳу гўшт сотиб олиб, ёпинчиқларига солибдилар. Одамлар: “Эй мўминлар амири, келинг, сиздан олайлик”, дейишибди. Шунда у зот: “Йўқ, бошлиқ одам кўтаришга ҳақлироқ”, деган эканлар.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Среда, 24 Январь 2024 00:00

Даладаги хотиралар

Отам оддий бир деҳқон бўлганлар. Деҳқонликлари отамнинг фақат усти-бошларида эмас, деҳқонларга мос содда, мард ва оқкўнгил феъл-атворларида ҳам намоён бўлиб турарди. У киши барча оталар каби мени жуда яхши кўрардилар.

Эсимни таниб, ўзим мустақил кўчага чиқишни бошлаган пайтимданоқ далага, отамнинг олдиларига боришни канда қилмасдим. Дала иссиқ, иш кўп бўларди. Лекин дадам мени ҳеч койимасдилар. Бирор марта ҳам “Нега келдинг?” демаганлар. Қайтага темирчидан менга мослатиб кичиккина белкурак, жажжигина кетмончалар ясаттириб берганлар. Ўзимга мос иш қуролларимни олиб дадамга ёрдам берган бўлардим. Товоқдек жойни чопиб қўйиб, чарчаб ўтириб олардим.

Дадам мени катта тутнинг соясига ўтқазиб қўйиб, ўзлари қуёшнинг тиғида пешингача ишлардилар. Кейин далада осилган қозонда менга қўлбола овқатлар ҳам тайёрлаб берардилар. Маккажўҳори мавсумида жўхори қайнатиб пишириб берар эдилар. Картошка мавсумида эса, оловда картошка пишириб берардилар. Чўғда пишган картошканинг мазаси ажойиб бўларди. Айниқса, устига тузларни сепиб есангиз... шундай мазалики, пўчоғи билан бўлса ҳам кетаверади!.. Қисқаси, далада қайси экиннинг мавсуми бўлса, дадам мени ўша билан сийлардилар.

Далада қизиқарли воқеалар ҳам кўп бўларди. Бир куни дадам билан ҳазиллашмоқчи бўлдим. Ерга йиқилиб, ўзимни ўлганга солиб ётиб олдим. Дадам тепамга югуриб келдилар. Менга тинмай гапирар, “Болам, болам” деб дам юзимни, дам қўлимни ушлардилар. Мен эса, бундан ҳузурланиб индамай ётавердим. Отам қаттиқ хавотирланиб йиғлай бошладилар. Кейин ёмон иш қилиб қўйганимни тушундим. Отамга раҳмим келиб, тез ўрнимдан туриб югуриб кетдим. Отам ҳам вазиятни тушундиларми, йўқми билмадим, карахт ҳолда орқамдан югуриб эргашдилар. Кейин менга етиб олиб, мени ушлаб қаттиқ бағриларига босдилар. “Нега бундай қилдинг, болам, дадангнинг ўтакасини ёрдинг-ку!” дедилар ҳали қуримаган кўз ёшларини артиб. “Сиз мени яхши кўрасизми, йўқми, шуни билмоқчи эдим-да” дедим. “Сен учун мингта жоним бўлса, мингтасини ҳам бераман, болажоним!” дедилар дадам яна кўз ёшларини тиёлмай. Ўшандан кейин дадамга бошқа ундай ҳазил қилмадим...

...Отам вафот этганларида мен ҳали бошланғич синфни тугатмагандим. Отамдан ёдгор бўлиб ўша даладаги хотираларимиз қолди. Отамдан кейин менга ҳеч ким у кишидек меҳрибон ва жонкуяр бўлмаган. Оталарни асрайлик, уларнинг ўрниларини ҳеч ким боса олмайди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Среда, 24 Январь 2024 00:00

Табиатни асранг!

  1. Ерни ифлос қилманг

“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).

 

  1. Аллоҳ покликни яхши кўради

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.

 

  1. Ахлат ташламанг!

Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.

 

  1. Аллоҳ кечириб юборади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.

 

  1. Бу ҳам – садақа

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.

 

  1. Қанча мева бўлса шунча савоб

Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top