muslim.uz
Akademiya rektori “Al-Azhar” majmuasiga tashrif buyurdi
Xabaringiz bor, ayni paytda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari bo‘yicha qo‘mita raisining birinchi o‘rinbosari, O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi rektori Muzaffar Komilov Misr Arab Respublikasi poytaxti Qohira shahrida xizmat safarida bo‘lib turibdi.
Tashrif davomida Akademiya rektori Muzaffar Komilovning “Al-Azhar” majmuasi rahbari o‘rinbosari, doktor Muhammad Abdurahmon Muhammad ad-Duvayniy bilan uchrashuvi bo‘lib o‘tdi. Unda doktor Saloma Dovud, majmua xodimlari hamda O‘zbekistonning Misrdagi elchixonasi vakillari ishtirok etdi.
Mazkur uchrashuvda Muzaffar Komilov yurtimizdagi diniy-ma’rifiy sohaga berilayotgan e’tibor, islohotlarga to‘xtalib o‘tarkan, O‘zbekiston va Misr tarixan madaniy-ma’rifiy, ijtimoiy-iqtisodiy, ilmiy yo‘nalishlarda hamfikr, do‘stona munosabatda hamkorlik qilib kelganini qayd etdi. Quvonarlisi, bugungi kunda ham O‘zbekiston va Misr aloqalari tom ma’noda rivojlanib, yangi bosqichga ko‘tarilganini ta’kidladi.
Samimiy muloqot davomida Akademiya rektori islom dini rivoji yo‘lida beqiyos xizmat qilgan buyuk muhaddis bobolarimizning diniy, ilmiy-ma’naviy merosini o‘rganish va targ‘ib etish maqsadida Samarqandda – Imom Buxoriy, Surxondaryoda – Imom Termiziy, Toshkentda O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi, Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi ish olib borayotgani haqida so‘z yuritdi. Ayniqsa, Toshkent shahrida barpo etilayotgan O‘zbekistondagi islom sivilizatsiyasi markazi xalqimizning boy diniy-ma’naviy merosini chuqur o‘rganish va dunyoga targ‘ib etish, yosh avlodni milliy va umumbashariy qadriyatlar ruhida tarbiyalashda beqiyos o‘rin tutishini bildirdi.
Shu bilan birga O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasida talabalarga yaratilgan sharoitlar, pedagoglarning ilmiy salohiyati haqida ma’lumot berdi. Xalqaro darajadagi zamonaviy, o‘z sohasining yetuk mutaxassislarini tarbiyalash Akademiyaning ustuvor maqsadi ekanligi ta’kidladi.
O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi rektori Muzaffar Komilov o‘z so‘zida davom etarkan, so‘nggi yillarda O‘zbekistonda islomshunoslik ta’lim sohasi bilan birgalikda islom iqtisodiyoti va moliyasi, ziyorat turizmi sohasiga ham alohida e’tibor qaratilayotgani, bu yo‘nalishni amaliy o‘rganish borasida “Al-Azhar” majmuasidan malakali mutaxassislarni jalb etish borasidagi takliflarini bildirdi.
O‘z navbatida “Al-Azhar” majmuasi rahbari o‘rinbosari Muhammad Abdurahmon Muhammad ad-Duvayniy uchrashuvdan mamnunligini, ikki muassasa o‘rtasidagi aloqalarni yanada rivojlantirish, talabalar, yosh ilmiy tadqiqotchilar almashinuvini yo‘lga qo‘yish, onlayn seminarlar, konferensiyalar o‘tkazishdan har ikki tomon ham manfaatdor bo‘lishi haqida so‘z yuritdi.
Shuningdek, muloqotda Muhammad Abdurahmon Muhammad ad-Duvayniy janoblari Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Abul Muin Nasafiy kabi allomalarning islom sivilizatsiyasi rivojiga ulkan hissa qo‘shganini e’tirof etdi. “Al-Azhar” majmuasida tahsil olgan har bir talaba Abul Barakot Nasafiyning “Madorik ut-tanzil va haqoiq ut-ta’vil” asarini mutolaa qilgani, O‘zbekiston – buyuk allomalar tug‘ilgan zamin ekanligi, bugungi kunda ham o‘zbek yoshlari ilm olish yo‘lida ajdodlariga munosib avlod bo‘layotganliklarini qayd etdi.
Muloqot davomida “Al-Azhar” majmuasi ulamolari ishtirokida O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi, yurtimizdagi xalqaro ilmiy-tadqiqot markazlari xodimlari uchun onlayn darslar tashkil etish, imom-xatiblarning malaka oshirishini ta’minlash masalalari ko‘rib chiqildi. O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari bo‘yicha qo‘mita yo‘llanmasi asosida talabalarni Misr Arab Respublikasining “Al-Azhar” majmuasi tasarrufidagi ta’lim muassasalariga qabul qilish tizimi yo‘lga qo‘yilganligi alohida qayd etildi.
Ekstremizmga qarshi kurashish bo‘yicha Al-Azhar observatoriyasi hamda Din ishlari bo‘yicha qo‘mita o‘rtasida imzolangan memorandumga binoan, pandemiya sharoitiga qaramay, har tomonlama aloqalarni mustahkamlash, ekspertlar bilan doimiy muloqot olib borish kabi masalalariga alohida to‘xtab o‘tildi.
Mazmunli uchrashuv yakunida Muzaffar Komilov “Al-Azhar” majmuasi rahbari o‘rinbosari, janob Muhammad Abdurahmon Muhammad ad-Duvayniy hamda majmua vakillariga yuqori darajadagi mehmondo‘stlik uchun minnatdorlik bildirdi.
O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi
Matbuot xizmati
Қомусимиз – бахтимиз ва ҳуқуқларимиз кафолати
“Қаерда қонун ҳукмрон бўлса, шу ерда адолат бўлади”
Амир Темур
Она-Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, республикамизнинг биринчи Президенти марҳум ва мағфур Юртбошимиз раҳбарлигида мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.
Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган десам, муболаға бўлмайди.
Жорий йил 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Қомусимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари билан бирга виждон эркинлиги ҳам алоҳида кафолатлаб қўйилган. Бундан ташқари, инсон қадри буюклиги, уни ким бўлишидан қатъий назар шаъни ва қадр-қиммати ҳимояланиши таъкидланган.
Жумладан, 48-моддада бундай дейилган: “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.
Кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма тўққиз йиллиги байрамини нишонлаяпмиз. Зеро, Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган.
Жумладан,
Бош Қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими” (7-боби, умумий қоидалар) 18-моддасида бундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилгани айни сўзимизга мисолдир.
Жаннатмакон юртимиз ўзининг мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларимизни қайта тикланиши, шунингдек, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби барча ютуқларимиз Бош Қомусимиз – Конституция ва у асосида қабул қилинган қонун, қарорлар, давлат дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди.
Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда.
Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Ушбу ояти кариманинг мазмун ва маъносига аҳамият қиладиган бўлсак, инсонларни мукаррам қилиб яратилганлигига, унга берилган барча ҳақ-ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиши, берилган барча неъматлардан фойдаланишига ва унинг шукрини қилиб фаолият олиб боришга ундамоқдадир.
Бугун турли зўравон кучларнинг тўқнашувлари, қўпорувчилик қузғунлари авж олаётган бир даврда инсониятнинг ана шу ҳуқуқлари энг қадрли, энг тотли неъматга айланиб бормоқда. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида белгилаб қўйилган мазкур ҳуқуқлар Конституциямиз иккинчи бўлимида ўз аксини топган.
Қомусимизда бешта асосий тамойил мустаҳкам белгилаб қўйилгандир. Булар демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойилларидир. Бу тамойиллар фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти органларининг сайловлар асосида шакллантирилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши каби шаклларда намоён бўлади.
Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлатдан устунлиги эътироф этилган, шунингдек, унда инсон қадри, шахс эркинлиги ва ҳаётини таъминловчи табиий имкониятларни юзага чиқишига алоҳида аҳамият берилган. Бу масалалар муқаддас динимизда ҳам тўлалигича ва кераклигича ўрганилган. Бунга оид кўрсатмалар ҳам берилган. Буни биз муқаддас динимиз таълимотларини ўргатадиган китобларни ўқисак, тарихни ўргансак, фикрларимиз исботини топган бўламиз. Шунинг учун ҳам Конституциямиздан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурласак, уни ҳар қанча ўрганиб, тарғиб қилсак арзийди.
Зеро, ўз оиласидаги тартиб-қоидаларга амал қиладиган, уни ҳурмат қиладиган фарзанд бошқаларнинг ҳам мана шундай талаб-тартиблари борлигини англайди, уларни ҳурмат қила билади. Шу маънода Конституциямиз барчамиз учун асосий мезон бўлиши, унинг қоидалари ҳаётимизнинг асосий қоидалари ва мақсадларига айланиши даркор.
Юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади.
Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.
Исомиддин АХРОРОВ
ЎМИ Кадрлар бўлими мудири
Президент фармони билан 182 нафар шахс афв этилди
Инсонпарварликнинг юксак намунаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 182 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёл ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА
Диний эркинлик кафолати (аудио)
Делегациямиз вакиллари нуфузли анжуманда иштирок этмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов раҳбарлигида бир гуруҳ олимларимиз Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди, дея хабар бермоқда Академия ахборот хизмати.
Жорий йилнинг 6-9 декабрь кунлари Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида 49 та давлат иштирокида ICESCO Ижроия Кенгашининг 42-сессияси ҳамда Бош конференцияси бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими Ихтиёр Абдураҳмонов юртимиз делегацияси аъзолари сифатида иштирок этмоқда.
Юртимиз делегатларининг Миср Араб Республикасига қилган хизмат сафарлари давом этмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати