muslim.uz

muslim.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келганда, Қуръони Карим оятлари тушиши ҳам охирига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксарияти ҳукмларга тегишли эди. Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаърий масалаларини сўрай бошлашди.
 
Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтирадилар.
 
Шунингдек Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун юбора бошладилар.
 
Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб, “У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг Китоби ила”, деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг Китобидан топа олмасангчи?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила”, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қараб турмасдан, “Фикрим ила ижтиҳод қиламан”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар.
 
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Абу Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Абу Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Абу Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: “Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен мана шу иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг”, деди. Имом Молик рози бўлдилар ва “Муватто” китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида “Муватто” китоби билан танишган халифа Абу Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: “Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман”, деди. Имом Молик: “Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди”, дедилар.
 
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим. Фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
 
Учинчиси: Ижмоъ. Бу бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчиси: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
 
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларнинг барчасини ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби — Шом, Туркия, Ўрта Осиё халқлари, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби — Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби — Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида тарқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби — Арабистон ярим оролида тарқалган.
 
        “Фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофини тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин. Мазҳабларнинг ушбу ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ”.
 
Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим.
 
Ўзларини “мазҳабсиз” деб номлаган Ҳиндистон салафийларининг етук олими Сиддиқ Ҳасанхон: “25 йиллик ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, омма халқ мазҳабга амал қилмаса охир оқибат диндан чиқар экан” деган. Шайх Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” деганлар.
 

Шовот туман “Қарри Эшон бобо” масжид имом-хатиби П.Бобожонов 

Воскресенье, 21 Ноябрь 2021 00:00

Масжид – поклик маскани

Айни кунларда нафақат юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюришиб, ўзларининг гўзал мавъизалари билан намозхонларни яхшиликка чақирмоқда, шу билан бирга, мўмин-мусулмонлар ҳам олимларимизни ҳайратга солишяпти.

Хуфтон намозига Зангиота туманидаги “Имоми Аъзам” жомесига келган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов куннинг сўнгги намозини жамоат билан адо этгач, маърузадан кейин ёши улуғ бир отахоннинг қилган ажойиб ишидан ҳайратланганини гапириб бердилар.

–  Масжидга кираётсам, – дейди Иброҳимжон домла, – 85 ёшлар чамаси бир отахон ҳассасининг учини дастрўмоли билан артиб, сўнгра Аллоҳнинг уйига қадам босди. Юртимиз бўйлаб турли ҳудудларга борамиз, лекин бундай ҳолатлар кам кузатилади. Чунки қалби пок одам масжидни ҳам тоза, озода сақлайди. Табаррук ёшли отахоннинг бу гўзал хатти-ҳаракати барчамизга ибрат бўлиши керак. Халкимизнинг тақвоси –- Худодан қўрқиш фазилати энг олий ва беқиёс даражада. Бу таҳсинга сазовор, албатта. Ана шундай жамоани шакллантирган масжид имом-хатиби ва ходимларига ташаккур изҳор қиламан.

Дарҳақиқат, масжид Аллоҳнинг уйи. Бу табаррук масканда аввало сурат ва сийрат гўзал бўлиши керак. Шундагина ибодатларимиз мукаммал бўлади.

 

Воскресенье, 21 Ноябрь 2021 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой эгаллаган ижодкор, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ҳамда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида вафот этиши муносабати билан унинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Бахтиёр Ихтиёров сермаҳсул ижоди давомида “Ўтган кунлар”, “Нодирабегим”, “Абу Райҳон Беруний” каби жуда кўп фильмларда ролларни ижро этган.

Ҳақ таоло марҳум ижодкорнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!

Бугун, 20 ноябрь куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилояти масжидларига ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.

Қуйида уламолар пешин ва хуфтон намозларига борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

Зангиота туманидаги “Имом ал-Бухорий” масжидига пешинга, тумандаги “Имом Аъзам” жомесига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;

Зангиота туманидаги “Нурил Ислом” масжидига пешинга, тумандаги “Садр ота” жомесига хуфтонга Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов;

Қибрай туманидаги “Дорул Ислом” масжидига пешинга, тумандаги “Ўнқўрғон” жомесига хуфтонга “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов;

Зангиота туманидаги “Иттифоқ” масжидига пешинга, тумандаги “Мир Абдуллоҳ эшон” жомесига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;

Қибрай туманидаги “Дарвеш бува” масжидига пешинга, тумандаги “Тўқай тепа” жомесига хуфтонга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

Қибрай туманидаги “Машариб ота” масжидига пешинга, тумандаги “Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдулла” жомесига хуфтонга Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов;

Қибрай туманидаги “Ўткир” масжидига пешинга, тумандаги “Ар-Раҳмон” жомесига хуфтонга Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Зайнилобиддин домла Қудратов;

Зангиота туманидаги “Салмони Форсий” масжидига пешинга, тумандаги “Умир” жомесига Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бош имом-хатиби Акбарали домла Маматов;

Қибрай туманидаги “Дўрмон” масжидига пешинга, тумандаги “Байтқўрғон” жомесига хуфтонга Тошкент шаҳридаги “Маҳкам ота” масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур Йўлдошев;

Қибрай туманидаги “Абдураҳмон ибн Авф” масжидига пешинга, тумандаги “Хўжақўрғон” жомесига хуфтонга Тошкент шаҳар “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;

Қибрай туманидаги “Дадамуҳаммад ҳожи Фирдавс” масжидига пешинга, тумандаги “Зайниддин ҳожи ота” жомесига Тошкент шаҳар “Ислом ота” масжиди имом-хатиби Йўлдошали домла Каримов;

Зангиота туманидаги “Фатҳ” масжидига пешинга, тумандаги “Абдужалилбоб” жомесига хуфтонга Тошкент шаҳар “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;

Зангиота туманидаги “Абдулло ибн Равоха” масжидига пешинга, тумандаги “Абу Бакр Сиддик” жомесига Тошкент шаҳар “Кўкча оқтепа” масжиди имом-хатиби Абдуллажон домла Ғуломов;

Зангиота туманидаги “Ал-Имон” масжидига пешинга, тумандаги “Амир Ҳамза ибн Абдумуталиб” жомесига хуфтонга Зангиота тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Нурали домла Мавланов;

Зангиота туманидаги “Анас ибн Малик” масжидига пешинга, тумандаги “Андалус” жомесига Чирчиқ шаҳар “Марказий” жоме масжиди имом-хатиби Обид домла Мирҳамидов;

Зангиота туманидаги “Мўмин ҳожи ота” масжидига пешинга, тумандаги “Ботир” жомесига хуфтонга Пискент тумани Собирхон ота жоме масжиди имом хатиби Суннатилла домла Эрназаров.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Суббота, 20 Ноябрь 2021 00:00

15 уламо 15 масжидда!

Минглаб одамлар уларни тинглашди

Бугун хуфтон намозида Тошкент вилоятининг Янгийўл, Тошкент ва Қибрай туманларидаги  масжидларга уламолар ташриф буюришиб, намоздан сўнг мўмин-мусулмонларни иршод қилдилар. Динимизнинг соф таълимотини одамларга етказиб, кўнгилларга зиё улашдилар.

Зеро, Аллоҳ таоло амру маъруф ва наҳйи мункар қилувчи, ваъз-насиҳат этувчи бандаларини энг яхши уммат дея мадҳ этган: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одамларнинг энг яхшиси кимлиги сўралганда, у зот алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунга мувофиқ, бугун Тошкент туманидаги “Айриота” масжиди қавми Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномовнинг маърузасидан баҳраманд бўлишди. Аброр Мухтор Али домла “Раҳим ота”га, шунингдек, бошқа имом домлалар “Ҳожиота”, “Эшонбува”, “Эшонхўжа ота”, “Ҳамд” масжидларига ташриф буюришди.

Янгийўл туманидаги “Гулбаҳор” жомеси намозхонлари Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домланинг гўзал мавъизисидан мутаассир бўлишган эса, “Олтинобод”ликлар Яҳё домла Абдураҳмоновнинг, “Гулбоғ”, “Имоми Аъзам”, “Кескан”, “Саид ибн Зайд” ва “Саид ота” масжидлари жамоаси ҳам олимларимизнинг маърифатидан баҳра олишди.

Қибрай тумани “Саъдулла ота” масжиди намозхонлари Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла билан суҳбатлашдилар.

Хуллас, 15 уламо 15 масжидга ташриф буюриб, турли мавзуларда маърузалар қилиб, халқимиз маърифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Толиб Низом

Мақолалар

Top