muslim.uz
«Бургалик» масжиди ҳам обод бўлади
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин, бугун масжидларимиз ҳар жиҳатдан обод бўлиб боряпти.
Кеча Ўрта Чирчиқ туманидаги “Бургалик” масжидига илк ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Маросимда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туманда фаолият юритаётган имом-хатиблар, нуроний отахонлар, саховатпеша тадбиркорлар, маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Илк ғиштни Жасурбек домла қўйиб бердилар.
Масжиднинг эски биноси анча тор бўлиб қолган эди. Бу ерда бор-йўғи 200 киши намоз ўқий олар энди. Янги жоме фойдаланишга топширилиши билан бу маъвода 500 киши мириқиб ибодат қилади.
Янги хонақоҳга мос тарзда 15 кишига мўлжалланган янги таҳоратхона ҳам қуриляпти.
Аллоҳ таоло хайрли ишнинг тезроқ поёнига етишини насиб қилиб, қисқа фурсатда бу масжид намозхонлар ихтиёрига топширилсин.
Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари (12-қисм)
Такфир тушунчаси (аудио)
Канада мусулмонлари Ислом тарғиботига катта қизиқиш билдирмоқда
Канадалик мусулмон ёшларнинг бир гуруҳи одамларга ислом ҳақида ҳар қандай савол бериш имкониятини бериш учун мамлакат бўйлаб сафарни бошлади. Islam.ru хабарига кўра, "Ислом ҳаракатда, мен мусулмонман, мендан истаган нарсангизниа сўранглар" деган ном остидаги ташаббус канадаликлар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Ташкилотчилар мамлакат бўйлаб мобиль кўргазма билан саёҳат қилиб, маҳаллий аҳолига ислом исломофобияга қарши кураш ҳақида сўзлаб беришмоқда. Ташкилотчилардан бири Шоҳруҳ Обиднинг айтишича,"кўплаб нотўғри тушунчалар аслида кичик бир гуруҳ одамларнинг исломга амал қилмасликлари, балки исломдан сиёсий восита сифатида фойдаланишларининг натижасидир.
"Ушбу трейлер бир қирғоқдан иккинчисига ўтади. Мамлакат бўйлаб ишбилармонлик туманлари ва шаҳар марказларига ташриф буюрган ҳолда 16 000 километрлик саёҳат қилдик", - дейди Обид.
"Биз учун бу шунчаки исломофобияга қарши курашишнинг бир усули ва одамлар биз хавфли эмаслигимизни билишсин. Биласизми, ислом бу тинчлик ва биз бу ерда канадаликлар сифатида, бу мамлакатнинг содиқ фуқаролари сифатида турибмиз", - қўшимча қилди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Регистон ансамбли нега сайёҳларни лол қолдиради?
1626 -1656 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокими бўлган Ялангтўш Баҳодир шахсини Ўзбекистон архитектурашунослик фанида шу чоққача ўша давр архитектураси билан боғлаб фикр юритилмаган. Бунинг сабаби ушбу шахс ҳақида тўлиқроқ маълумотлар йўқ эди.
Мустақиллигимиз шарофати билан Самарқанд шаҳри билан боғлиқ барча шахслар тарихи чуқур ўрганилмоқда, хусусан, Ялангтўш Баҳодир тарихи Самарқанд давлат университети олимлари Эркин Мусурмонов ва Толиб Жўраевлар томонидан ўрганилди.
Самарқанд шаҳрига ҳокимлик қилганлар ичида шаҳар меъморчилиги ва ободончилиги, унинг архитектураси ва шаҳарсозлик муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳукмдорлар анчагина. Улардан энг таниқлиларига Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар кирса, уларнинг сафига Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1070), Ялангтўш Баҳодир (1576-1656) ва Самарқанд беги Шоҳмурод ибн Дониёлни ҳам киритиш мумкин.
Тамғачхон Қорахоний Самарқанд шаҳрига аср боши (1040-1070 йиллар)да ҳокимлик қилиб, шаҳарни обод қилиш бўйича кўп саъй- ҳаракатлар кўрсатган ва ушбу шаҳарда бунёд эттирган иккита ажойиб иншооти: илк мадраса ва бемористон (шифохона) билан тарихга маълумдир.
Самарқанддаги илк ушбу мадраса ҳозирги Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси жойлашган ҳудудда қурилган бўлса, бемористон бизгача сақланган вақф ҳужжатига кўра ҳозирги Сўзангарон кўчаси бўйлаб жойлашган ва Регистон майдонига яқин бўлган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ушбу бизгача сақланмаган ҳар иккала бино архитектурасини ўша вақф ҳужжатлари ва археолог Ю.З.Шваф, архитектор К.С.Крюковларнинг маълумотларига асосланиб график тиклашга ҳаракат қилдик.
Ҳар иккала бинонинг ҳам меъморий – режавий ечими бўйлама ўқли, ички ҳовлили, тарҳи тўғри тўртбурчакли меъморий композицияга асосланган. Бу композиция ўша давр ва сўнги асрларда ҳам Ислом шарқи мамлакатларида қурилган жамоат бинолари, айниқса, масжид, мадраса, шифохона ва карвон-саройлар учун кенг қўлланилган.
Уларнинг архитектуравий образи бош тарзда бўрттирилган дарвоза пештоқи ва ўқи бўйлаб ҳар икки ёнда аксли симметрик жойлашган ҳажмлардан иборат. Биноларнинг кўриниши курси, кириш пештоқи, бино вужуди ва бадиий тугаллик қисмларидан тузилган. Ҳар иккала бино пишиқ ғиштдан бир қаватли қилиб қурилган. Бироқ, бу бинолар яхлит бир меъморий мажмуа кўринишида эмас, балки бир-биридан алоҳида жойларда қурилган иморатлар эди.
Энди Ялангтўш Баҳодир даври архитектураси аср) га келадиган бўлсак, бу давр Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридан кейинги, Ўрта Осиёдаги хонликлар даврига тўғри келиб, ўшанда Самарқанд Бухоро хонлигига қарар эди. Бироқ, Ялангтўш Баҳодир Самарқандни мустақил тарзда бошқариш шарафига эга бўлган ва ҳоким сифатида эркин ҳаракат қилган.
Ялангтўш даврида Самарқанднинг аввалги жоме масжиди ва мадрасаси, яъни Амир Темурнинг жоме масжиди ва Бибихоним мадрасаси бузилган бўлиб, шаҳар аҳолиси шундай масжид ва мадрасаларга муҳтож эди. Бунинг устига ўша даврда Регистон майдонида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса таъмирталаб бўлиб қолган, Улуғбекнинг Мирзои карвонсаройи хароба ҳолида, Муқатта масжиди ва Улуғбек хонақоси эса буткул йўқ бўлиб кетиб, уларнинг ўрнида ва ҳозирги Регистон майдонида шаҳар бозори жойлашган эди.
Ялангтўш ушбу майдонни обод ҳолга келтириш ва шаҳар аҳолисининг эхтиёжларидан келиб чиқиб, Улуғбек карвонсаройининг сақланиб қолган қисми ва пойдеворларига ўзгартиришлар киритади. Битта бино таркибида иккита иморат: жоме масжиди ва мадраса бунёд этади (1641-1646 йил). Масжид иморати қибла тарафга, мадраса эса унинг шарқ тарафига қаратиб аввалги карвонсарой пойдеворлари устига қурилади. Масжид биносининг бош гумбази шифтига ишланган нақшларга тилла суви югуртирилиб зарҳалланади (1660 й) ва шу боисдан ушбу бино “Тиллакори масжид мадрасаси” деб ном олади.
Масжид хонақосининг гумбази устивон билан баланд кўтарилиб, ўша давр Самарқанд гумбазлари сафидан муносиб ўрин олади, Регистон майдонида эса у ягоналиги билан ажралиб туради. Таъкидлаш жоизки, ўша даврлар Ислом дунёси масжидларида баланд кўтарилган гумбазлар масжидларнинг “жамоли” ҳисобланган.
Регистонда Мирзо Улуғбек даврида қурилган хонақоҳ ўрнига эса Ялангтўш томонидан “Шердор” мадрасаси (1619-1636 йй.) бунёд эттирилади. Мадраса ўзининг бош тарзи билан Улуғбек мадрасаси тарзига муқобил, яъни унинг қарама-қаршисида, ўртада майдон қолдирилиб, бир умумий бўйлама ўқда жойлаштирилади.
Тиллакори масжид-мадрасаси тарзининг ўқи эса ушбу ўққа перпендикуляр қилиб ўтказилган. Ҳар иккала бинонинг баландлиги Улуғбек мадрасасига қиёсланиб икки қаватли қилиб қурилади. Натижада, ушбу учта алоҳида қурилган иморатлар ўша майдон атрофида ўзаро муайян бир меъморий тартиб асосида жойлаштирилиб, Регистон ансамблини вужудга келтиради.
Бу ансамбл ўша давр Ўрта Осиё шаҳарсозлиги ва меъморчилик санъатининг энг олий даражадаги кўринишида, ҳозирги тил билан айтсак, инновацион композицияси тарзида шаклланади. Бу ансамблга қадар Ўрта Осиё ўрта асрлар ансамблсозлик санъатида “жуфт” ва “қўш” ансамбллари деб номланган мажмуалар юзага келган. Ҳозирги адабиётларда Регистон ансамбли бир неча биноларни ягона майдон атрофида шакллантирилганлиги сабабли меъморий тилда “майдонча ансамбли” деб аталади.
Мазкур ансамбл ўз даврида тенги йўқ эди. Унинг Ўрта Осиё шаҳарсозлигида ҳозирда ҳам анологи, яъни ўхшаши йўқ. У шу қадар жозибали, шу қадар гўзалки, Регистон ансамблини ташкил этган биноларнинг меъморий тузилишидаги маҳобати, гўзаллиги ва жозибадорлиги ҳар қандай сайёҳ (томошабин)ни лол қолдиради. Нима учун?
Айрим томошабинлар ансамбл биноларининг маҳобати-ю салобатига қойил қолсалар, бошқалари уларнинг мунаққашлигига тан беради. Тўғри, ҳақиқатан ҳам, бу ерда бинолар маҳобатли ва мунаққашдир. Бироқ, Ўрта Осиёнинг бошқа тарихий шаҳарларида ҳам маҳобатли ва мунаққаш бинолар кам эмас-ку, нега Регистон бошқача? ! Бу ерда гап бошқа жиҳатда!
Гап ушбу иморатлар архитектурасининг ўзаро мажмуавий уйғунлашиб, ягона майдон атрофида юксак меъморий ғоя ва услуб билан жойлаштирилганлигидадир. Бундай услубнинг Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даври шаҳарсозлик санъатининг узвий давоми, десак тўғри бўлади. Бироқ, у юқорида айтганимиздек, Ўрта Осиё шаҳарсозлик санъатида Баҳодир Ялангтўш давридаги кўринишдагидек яратилмаган эди. Ялангтўш ўз даври меъморлари ва шаҳарсоз усталарининг юксак ғоявий имкониятларини тўғри тушуниб, уларнинг орзу-умидларини руёбга чиқаришга яхши шароит яратиб беради, уларни рағбатлантиради. Бундай улкан шаҳарсозлик ансамблини Амур Темурнинг Шаҳрисабздаги “Оқсарой”и ансамблидан кейин Ўрта Осиё меъморчилиги тарихида учратмайсиз.
Регистон ансамблини ташкил қилган ҳар бир бинога майдон ичидан туриб қарар эканмиз, уларда яширинган сир-асрорларни илғаймиз. Бинолар пештоқи ва “қанот”ларидаги қисмлар, бурчлардаги адлқомат миноралар, ритм билан жойлашган равоқлар, тарзлардаги гўзал нақшу-нигорлар, буларнинг барчаси ўзаро бир-бирига ва айни пайтда, яхлит иморат тарзига шаклан мутаносиб (пропорционал) ҳажмий ва мазмунан симметрик, меъморий ҳамоҳанг ва уйғундир.
Мазкур ансамблни ташкил қилувчи ҳар бир иморатнинг гўзаллик сири ҳам айнан ана шунда! Тиллакори масжид-мадрасасидаги масжид гумбази ва унинг ўлчамлари иморатнинг мадрасаси қисмига нисбатан ассиметрик жойлашган бўлса-да, ушбу меъморий муносабат ансамблнинг қолган иморатлари билан контраст муносабатга кириб, гўзал яхлитликни шакллантириш имконини берган.
Ушбу ансамбл кейинчалик нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари шаҳарсозлигида ҳам намуна тарзида хизмат қилди. Регистон ансамблига ўхшаш меъморий ансамбллар кейинчалик Ўрта Шарқнинг бошқа шаҳарлари ( Ҳирот, Агра, Деҳлида) ҳам шаклланади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Ялангтўш Баҳодир даврида Самарқанд архитектураси ва шаҳарсозлигидаги ўзгаришлар бу ердаги Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридаги ривожланишлардан ўзининг сифат даражаси ва ғоявий яхлитлиги билан ҳеч ҳам кам бўлмади, аксинча айнан ансамблсозлик санъати жиҳатидан улардан ўзиб кетди ва янги ғоявий ечимлар юзага келди.
Аҳтам Ўролов,
меъморчилик фанлари доктори, профессор, “Зарафшон”газетаси