muslim.uz
Саҳобаларнинг тутган йўли фиқҳий мазҳабларда топилади (видео)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида Ғарбнинг буюклари эътирофи
Ҳазрати Муҳаммаднинг инсон боласи бўлганлари бутун одмизодга ифтихордир. Чунки у зот уммий бўлишлари баробарида ўн аср олдин шундай қонун ва асосларни келтирдиларки, биз – оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг масъуд, энг саодатли инсонлар бўламиз.
Шебол, Ғарб мутафаккири.
* * *
Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмаган ҳолда энг қудратли салтанатлар – Эрон ва Византияни ягона Парвардигор низоми билан яшашга даъват этгандилар.
Роже Городи, Фарангистон Комфирқаси Марказий Қўмитаси аъзоси.
* * *
Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи босқичидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бу мусобақада бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди.
Волфганг Гёте, машҳур олмон шоири.
* * *
Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.
Наполеон Бонапарт, Франсия императори.
* * *
Мен дунё тарихини ўрганиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату сарват-бойликлар, шоҳона қасрлару муҳташам саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига арзимас экан.
Волфганг Гёте, машҳур олмон шоири.
* * *
Ҳазрати Муҳаммад ҳақида гапирганларимиз бир нуқта устида тўпланади. У ҳам бўлса, у зот хулқ-атворининг юксаклиги, ахлоқининг покизалигидир. Булар шундай улуғ фазилатларки, у замондаги маккаликлар орасида жуда нодир эди.
Вилям Муир, инглиз шарқшуноси.
* * *
Файласуф, нотиқ, пайғамбар, фақиҳ, саркарда, қалблар ҳимоячиси, ғоялар кошифи, имом, давлат арбоби, Ер куррасининг йигирма жойида диний салтанат ташкил этган зот. Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай киши эди. У кишини дунёдаги қайси буюк шахс билан тенглаштириш мумкин? Наҳотки у зотнинг қиёслари бўлса?
Луис де Ламартин, фаранг мутафаккири.
* * *
Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти ҳазрати Муҳаммад тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқдир.
Жон Давенпорт, инглиз олими.
* * *
У бир вақтнинг ўзида ҳам Цезар, ҳам Папа эди. Аммо Папа бўлиб, унда Папанинг иддаолари йўқ эди, Цезар бўлиб, унда Цезар легионлари йўқ эди. Мунтазам қўшинсиз, тансоқчиларсиз, саройсиз, давлат даромадисиз (солиқларсиз) агар бирор шахс мен Аллоҳнинг изну ихтиёри билан бошқардим, дея олса, унда у Муҳаммадддир (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Чунки унинг қўлида ҳеч қандай ҳокимият воситаларисиз ва асосларисиз ҳокимият бор эди.
Босворт Смит, англиялик мутафаккир.
* * *
Ўз эътиқоди йўлида Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳар қандай машаққат ва қийноқларга тайёр эди. У уммат етакчиси бўлишига қарамай, камтар ва одамийлигича қолди. У одамларни қаттиқ ҳурмат қилар, шарафини жойига қўяр эди. Унинг буюклигига унинг зафар ва ютуқлари далилдир. Унинг шахси улуғлиги ғоясини тарқатишда муваффақият келтирди.
Вилям Монтгомери Уотт, инглиз шарқшуноси, “Муҳаммад Маккада”, “Муҳаммад Мадинада” китоблари муаллифи.
* * *
Муҳаммад (алайҳиссалом) тарғиб қилган таълимотлар туфайли унинг издошларини Пайғамбар шахсияти ўзига қаттиқ жалб қилади. Зеро, у одамларни ақл ва дин воситасида бошқарар эди.
Эдвард Гиббон, инглиз олими.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди
ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ!
Ноёб зеҳнияти ва ихтирочилик муваффақияти билан жаҳонда донг таратган ўзбек олими
Покистонда чоп этиладиган етакчи «The National Herald Tribune» газетаси саҳифасида «Улуғбек – юлдузлар ҳукмдори, Самарқанд фарзанди» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Унда Соҳибқирон Амир Темур авлодидан бўлган Улуғбек ўзининг астрономия ва математикадаги ноёб зеҳнияти ва ихтирочилик муваффақиятлари билан жаҳонда донг таратгани билан боғлиқ тарихий маълумотлар қаламга олинган.
«Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Амир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлган, у 1407 йили Самарқанд узра назоратни қайта тиклаб, салтанатнинг катта қисми, жумладан, Эрон ва Туркистон узра ҳукмронлик қилган. Улуғбек илм-фан ва санъатга меҳр қўйган эди. У мусиқачи, шоир, файласуф, ҳофиз ва моҳир овчи ҳам бўлгани баробарида астрономия ва математика бўйича нодир иқтидор эгаси эди.
1417 йили астрономия илмларини илгари суриш мақсадида Улуғбек мадраса қуришни бошлади. У ўз даврининг олий таълим маркази бўлган. Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган мазкур мадрасанинг қурилиши 1420 йили ниҳоясига етган. Улуғбек ўз даврининг энг илғор олимларини ўқитувчи вазифаларига тайинлаган.
У, шунингдек, Самарқанд ҳудудидан ташқарида тахминан 30 метр баландликда жойлашган тепаликда ўзининг расадхонасини ҳам яратган. Ушбу иншоот модерн давригача бўлган энг катта расадхоналардан бири бўлиб, жуда чиройли, мармарлар билан безатилган эди», - деб ёзади газета.
Мақолада Мирзо Улуғбек коинотшуносликда фойдаланган ноёб асбоб-ускуналар, қуёш, сайёра ва юлдузларни кузатиш борасида кашф этган ихтиролар ҳақидаги атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топгани баробарида у ўн бешинчи асрнинг энг муҳим астрономи бўлгани ҳақли равишда эътироф этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ислом комиликка чорлайди
Аллоҳ таоло инсонни фақат моддий манфаатлар орқасидан қувадиган ёки фақат руҳий ибодатлар билан машғул бўладиган қилиб яратгани йўқ. Балки, ҳар икки тарафга ҳам ҳожати тушадиган ва ҳар икки тарафни тўғри бошқариб борса, камолга етадиган қилиб яратган. Ҳаддан ташқари руҳий нарсаларга берилиб кетишдан кўра ўртача ҳолатда бўлиш инсон жамиятига мос нарсадир. Бу таълимот фақат Исломда бор, холос.
Исломнинг бу борадаги таълимотларига амал қилган мусулмонларнинг ҳаёти кўпига мусулмонмас кишиларни, олимларни ҳам қувонтирган. Ўшандай кишилардан бири машҳур шотландиялик олим Уильям Монтгомери Уоттдир. У ўзининг дунёга машҳур «Исломнинг ўрта аср еропасига таъсири» номли китобида, чиройли яшаш санъати сарлавҳаси остида жумладан қуйидагиларни ёзади:
«Айтиш керакки, Ислом ҳашаматга ружу қўйишни қоралайди. Бироқ бу бобда баён этилган кўпгина фактлар жуда қизиқарлидир».
Испаниядаги араблар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва фойдали қазилмаларнинг кўплиги ҳеч бўлмаганда бой одамлар учун ҳаёт қувончларини кўпайтириш йўлида фойдаланганлар. Бироқ камбағалроқ табақалар ҳам мамлакатнинг бойликларидан маълум улуш олар эди. Севильядаги Алькасарнинг ёки Гранададаги Альгамбранинг чиройига мафтун бўлган сайёҳ замондошимиз бу қасрларнинг собиқ эгалари қанчалар ҳашаматга бурканганлигини тасаввур ҳам қила олмайди, адабий тадқиқотчилар эса бу фаровон ҳаётнинг намуналарини ўша даврнинг ҳикоя ва шеърларидан топишлари мумкин.
Мусулмон Испаниясида ички бозор учун ҳам, импорт учун ҳам зеб-зийнат ва бошқа ҳашамат ашёлари ишлаб чиқарувчи турли касб-ҳунарлар ривожлангани ажабланарли ҳол эмас. Улар орасида айниқса ажойиб юпқа мовут матолар, каноп ва ипак газламалар бўлиб, уларнинг баъзи намуналари бугунги кунгача сақланиб қолган. Испанияда мўйна саноати ҳам жуда ривожланган бўлиб, улардан либосларнинг бир қисми сифатида ҳам, ташқи қоплама сифатида ҳам фойдаланилар эди. Кулолчилик ҳамда кошин (кафель) ишлаб чиқариш гуркираб ривожланар, бу технологиялар ҳам Шарқдан олиб келинган эди. IX асрнинг иккинчи ярмида Қуртубада биллур ишлаб чиқаришнинг сирлари кашф қилинди. Бу ўлкада мис ва бронзадан нафис идишлар ва турли ҳайкалчалар ясовчи усталар жуда кўп эди. X асрга келиб Қуртуба олтин ва кумушга ишлов бериш ва заргарлик санъати бўйича Византия билан рақобатлаша бошлади. Кўзни қамаштирувчи марварид маржонлар, билакузуклар, сирғалар ва бошқа турфа хил тақинчоқлар ўша давр усталарининг маҳорати ва бадиий савияси нақадар юксак бўлганини кўриш мумкин. Фил суягидан ясалган санъат асарлари ҳақида ҳам худди шу фикрни билдириш мумкин. Ана шундай ҳунармандчилик йўналишларидан бири ёғоч ўймакорлиги бўлиб, бу санъат асарлари садаф ва фил суягидан ясалган нақшлар билан безатилар эди. Терига ишлов бериш ва чарм билан ишлаш бўйича ҳам жуда кўп безак ишлари мавжуд бўлиб, улар орасида китобларга муқова ясаш асосий ўрин эгаллар эди.
Бу гўзал санъат асарларини биз ҳозир мағрибий (мавритан) деб атайдиган ажойиб биноларда учратамиз. Бу бинолар маҳаллий хом ашёлар ёрдамида қурилган. Ҳатто мавритания меъморчилигига хос бўлган тақасимон пештоқнинг шакли ҳам вестготларнинг иморатларидан андоза олинган бўлса керак. Шундай бўлса-да, испан тилидаги кўпгина сўзлар қурилиш техникасига оид кўпгина янгиликлар айнан арабларга хослигидан далолат беради. Ҳатто иморат, уй (alarife, albanil) сўзлари ҳам араб тилидан кириб келган. Улар қаторига alcazar, alcoba, azulejo, azotea, baldosa, zaguan, aldaba, alfeizar, falleba каби сўзларни ҳам киритиш мумкин.
Маълумотларга кўра, Испанияга византиялик усталар олиб келинган, бироқ бу ерда барибир Шом меъморчилигининг таъсири кучли, зеро Испанияда мусулмон усталар ҳам ишлашган. (Арабларнинг меъморчиликка таъсири ҳақида қуйидаги манбага қаранг: Americo Castro. The Structure of Spanish History, Princeton, 1954, 97 ва кейинги бетлар).
Ҳақиқий фаровон ҳаётни ташкил қилувчи бу унсурларни бир жойга жамлашдан аввал жамиятда ёки ҳеч бўлмаганда унинг олий табақаларида ўта нозик таъб шаклланиши лозим эди. Бунда айниқса Шарқнинг Мадинаи мунаввара ва Бағдод каби марказларининг таъсири жуда муҳим бўлган.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди