muslim.uz
Люблянадаги марказий масжид Европанинг энг гўзал иморатларидан
Словения пойтахтидаги ягона масжид Европанинг энг гўзалларидан бири ҳисобланади. 2020 йилда қуриб битказилган Любляна мусулмон маданият маркази замонавий услубдаги ўзгача дизайни билан эътиборни тортади ва четдан кузатиб турувчиларга ўткир ва ингичка минора фазога учиришга тайёрланаётган ракетани эслатгандек бўлади.
Масжид мусулмонлар маркази мажмуасидаги 6 бинодан биридир. Диний бино 1400 нафар намозхонга мўлжалланган. Бинолар пўлат, шиша ва ёғоч элементлари билан оқ бетондан қурилган бўлиб, миноранинг баландлиги 40 метрни ташкил этади. Мажмуада, шунгингдек, спорт зали, ўқув маркази, ресторан ва истироҳат боғи ҳам ташкил этилган.
Любляна масжиди Словенияда биринчи ва ягонадир. Европа мамлакатининг мусулмонлар жамоаси 1969 йилдан буён илк бор коммунистик Югославия пайтида қурилишга ҳужжат топширган, дея хабар бермоқда AtlasObscura нашри.
2000 йиллар бошида жамоат қурилиш учун рухсат олди, лекин ўнг қанот радикаллар Словения пойтахтида Аллоҳ уйининг пайдо бўлишига тўсқинлик қилишгди ва жараён чўзилиб кетди. Мусулмонлар режалаштирилган масжиднинг жойини ўзгартиришлари керак эди ва унинг биринчи тоши фақат 2013 йилда қўйилди.
Мажмуа қурилишининг қиймати 34 миллион евро бўлиб, маблағнинг кўп қисмини Қатар, қолган қисмини эса словениялик мусулмонлар жамғарган.
Ҳар қандай вақтда мажмуа ҳудуди бўйлаб юриш мумкин, мусулмон бўлмаганларнинг масжид ичига киришларига эса ҳар куни маълум соатларда рухсат этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Обидаларни асрашга ким масъул?
Юртимиздаги нодир меъморий обидаларни асраб-авайлаш, наинки соҳа мутахассислари ва масъуллари, балки барча фуқароларнинг бурчидир. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган «Маданий меросимизни асраб-авайлашнинг долзарб масалалари» мавзусидаги матбуот анжуманида айни жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари, Маданий мерос агентлиги раҳбари Камола Акилова ва бошқалар сўнгги йилларда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасида янги босқич ва ёндашув, янгича муносабат шаклланганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.
Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилди ва уларнинг штат бирликлари тегишлилигича Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилди.
Шунингдек, Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва моддий-техника базаси тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлиги тасарруфида ҳисобланади.
2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади.
ЎзА хабарига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта. Айни пайтда ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган.
Мамлакатимизнинг ЮНEСКОга аъзо бўлган 1993 йилдан бошлаб соҳага оид барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилиш чораларини кўрди, уларнинг нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.
Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб маданий мерос объектларини муҳофазалаш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНEСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишда мазкур тузилманинг халқаро экспертлари ҳам кенг жалб этилмоқда. ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда моддий ва номоддий мерос объектларини асрашга доир турли халқаро анжуманлар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар маданий ёдгорликларни асрашдаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий мерос сақланишига доир миллий тизимни такомиллаштириш, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконини бермоқда. Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорининг 10-бандига асосан ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра, юртимиз бўйича киритилган ҳудудлар алоҳида муҳофазаланадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади. Уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширишига оид тартиб ўрнатилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ алоҳида муҳофазаланадиган тарихий-маданий ҳудудларга оид қатор нормалар белгиланган.
Эндиликда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш йўлга қўйилди.
«Моддий-маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят кодекси ҳамда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларга тааллуқли жавобгарлик белгиланди.
Ўз тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда, уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузишга оид юртимиз бўйича 2019-2021 йиллар ҳолатига кўра, 234 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилган. Ҳуқуқбузарлик бўйича 70 та иш судга, 160 та иш Прокуратурага, 4 та иш Ички ишлар бўлинмаларига юборилган.
Маданий мерос департаментининг Маданият вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Туризм ва спорт вазирлиги тасарруфига ўтказилиши ҳамда Маданий мерос агентлигига айлантирилиши ушбу тузилмага бир қатор ваколатларни берди. Жумладан, маданий мерос объектларига фақат қўриқланувчи ва муҳофаза қилинувчи иншоот эмас, балки мамлакатнинг моддий имкониятини кенгайтирувчи, мамлакатнинг ички ҳамда ташқи туризмини ривожлантиришга хизмат қилувчи имконият сифатида қарашга эътибор берилмоқда.
Шу билан бирга эндиликда меъморий обидаларни асраб-авайлаш тизимли равишда, режалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Реставрация ва таъмиршунослик соҳасининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, ҳудудларда узоқ йиллар давомида шаклланган меъморчилик мактабларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида давлат муассасаси шаклида «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси» ва босқичма-босқич равишда унинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилади. Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар учун ажратиладиган маблағлар устувор равишда тўғридан-тўғри шартнома асосида «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси»га йўналтирилади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Алломаларимиз меросида бағрикенглик ғоялари тараннуми (1-инфографика)
Қозоғистон Сенати делегацияси «Ҳазрати Имом» мажмуасини зиёрат қилди
Мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қозоғистон парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамроҳлигида 4 июнь куни пойтахтимиздаги «Ҳазрати Имом» мажмуасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА
Сенат маълумотига кўра, «Ҳазрати Имом» мажмуаси қадимий ва замонавий бинолардан ташкил топган. Меъморий ансамбль масжид ва Ҳазрати Имом мақбараси, Муйи Муборак мадрасаси, Бароқхон мадрасаси, «Тилла Шайх» масжидини ўз ичига олади.
Меҳмонлар мажмуа фаолияти билан танишди, тарихий ёдгорликнинг меъморий ечимига, туташ ҳудудни ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жиҳод фитна ёки боғийлик эмас
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда гўё “жиҳод” барча мусулмонларга фарз, шу боис ҳақиқий мусулмон ёшлар Сурия каби уруш кечаётган заминга бориши ва “кофирлар”га қарши курашиши зарур экани ҳақидаги даъватлар тарқатилаётгани сир эмас.
Ўзи Туркия ҳудудига беркиниб олиб, ёшларни Суриядаги уруш ўчоғида “ўтин” бўлишга даъват қилаётган “Абдулла Зуфар” каби шахслар фуқароларимизнинг, ўсмир-гўдакларимизнинг умрларига зомин бўлмоқда.
Ушбу фитначининг гўё “умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод қилиш керак экан”, деган тор тасаввурлари билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда. Охир-оқибатда эса ушбу алданганлар жангу жадалларда ўлиб кетмоқда, ҳукумат ёки бошқа кучлар қўлига тушиб, умрлари қамоқхоналарда ўтмоқда. Сурияга эргаштириб борган турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари насл-насаби номаълум жангари кимсаларга хотин бўлиб, норасида гўдаклари оч-наҳор, тарбиясиз ҳолда сарсон-саргардон бўлмоқда.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дунё уламоларининг фикрларига таянган ҳолда “жиҳод” тушунчасининг Ислом таълимотидаги соф мазмун-моҳиятини эслаш мақсадга мувофиқдир. “Жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида “уруш” маъносини “қитол” сўзи англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсон ўзининг нафси ва ёмон хулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади. Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Илм ўзлаштириш учун бор имкониятларини ишга солаётган ўсмирни маърифат йўлида, ота-онасининг розилигини олиш учун астойдил киришган инсонни эса ота-онаси хизматида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан жиҳод қилишга изн сўради. Шунда у зот: “Ота-онанг тирикми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. У зот: “Ундай бўлса, ана ўшаларнинг йўлида жиҳод қил!” дедилар» (Имом Бухорий, 3004-ҳадис).
Бошқа ҳадиси шарифда эса қуйидагилар баён этилган: “Аллоҳ нинг йўлида қиличи билан урушишнинг ўзи жиҳод эмас, балки ота-онаси, фарзандларини боқиши ҳамда ўзини одамлардан тиланишдан тўхтатиши ҳам жиҳоддир”.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, Исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда айтилади: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Ким амирга итоат қилса, демак, менга итоат қилибди ва ким амирга осийлик қилса, демак, менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий, 2957-ҳадис).
Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш очиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган.
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз” асарида қуйидагиларни таъкидлаган: “Бирор юртга жиҳод қилиш, даъват қилиш ёки улар билан сулҳ тузишни мусулмонларнинг имоми белгилаб беради. Мусулмонларнинг бошлиқлари халифа, имом, подшоҳ, президент каби турли номлар билан аталиши мумкин. Уларнинг рухсатларисиз, ўзбошимчалик билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”.
Шу нуқтаи назардан, уламолар жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина умматнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланади.
Аксинча, Исломда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган мусулмон раҳбарлар қўли остида халқ тинч яшаб келаётган вақтда исён кўтариб фитна чиқарганлар тоифаси “боғийлар” деб аталади. Одамларни ўлдириш, портлатиш, ўғирлаб кетиш, ўз давлатига қарши чиқиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини эса ўзларига ҳалол деб эълон қилиш Қуръони карим кўрсатмасига кўра катта гуноҳ ҳисобланади.
Мусулмонларга боғийларнинг фитнасида қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят).
Мусулмон оламида “Ислом динининг далили” деб эътироф этилган Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ҳидоя” асарида ҳам боғийлар ҳақида тўхталиб, динда исёнчи кишилар ўлдирилса, жаноза ўқилмаслиги таъкидланган.
Экстремистик ва террорчи ташкилотлар тарғиботчилари жиҳод ғоясини сохталаштирилаётгани мазкур масалага мантиқан ёндашилган тақдирда ҳам ойдин бўлади. Масалан, куни кеча ижтимоий тармоқларнинг рус тилидаги манбаларида Сурия ҳудудида “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” террорчилик ташкилоти аъзолари “Абу Дуджон Доғистоний” исмли, Доғистондан келган жангарини йўқ қилганларини эълон қилди. Ўз навбатида, ўтган йили май ойида “Абу Дуджон Доғистоний” томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида доғистонлик бошқа жангари, “Кавказ амирлиги” гуруҳи раҳбари “Абдулла Цумади” (Залимхон Кадиев)ни ўлдирилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. Кўриниб турибдики, гўёки “жиҳод” қилиш учун Сурияга келган жангарилар ўз хўжайинларининг манфаатлари йўлида нафақат ҳукумат қўшинлари билан, балки ўзаро жанг қилмоқда, бир-бирини ўлдирмоқда. Буни қандай қилиб “жиҳод” деб аташ мумкин? (Давоми бор.)
Ўткир ҲАСАНБАЕВ