muslim.uz
Доктор Нуриддин Итр: “Китобимизни ҳадис илми биносининг бир ғишти бўлишини умид қиламиз”.
Ислом шариатида Суннат Қуръон каримдан кейинги иккинчи асосий манба ҳисобланади. Қуръон каримни ўқиш ва ўргатиш илмларнинг энг муҳими. Унинг тафсири ва шарҳи бўлмиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш ва ўргатиш илми аҳамият жиҳатидан кейинги ўринда туради. Зеро, маълумотнинг муҳимлигига қараб илмнинг қадр-қиммати ошади.
Ҳадислар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлгани учун У зотга кўрсатиладиган эҳтиром ҳадисларга ҳам кўрсатилиши зарур. Яъни, ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишнинг бошқа илмларда учрамайдиган ўзига хос жиҳатлари: шартлари, таълим услублари ва одоб-аҳлоқлари бор бўлиб, ҳадис илми билан шуғулланувчи муҳаддислар бунга катта эътибор билан қарашган.
Муборак ҳадисларни ривоят қилган ва эшитган кишилар амал қилиши керак бўлган таълим методикаси-услуби, одоб-аҳлоқини белгилаб беришган. Бу ҳолат ҳадис илми китоб шаклида тўпланишига қадар оғзаки жорий бўлган.
Ҳадис илмларини ўргатадиган “мусталаҳул ҳадис” фанида ҳадис илмларига тегишли бошқа илмлар қаторида ушбу илм ҳам жой олган. Мусталаҳул ҳадис фанида ривоятни эшитиш ва уни етказиш ҳолатлари тўғрисида алоҳида боб бўлиб, у ерда таълим услублари-методлари, шартлари ва одоб-ахлоқлари белгилаб берилган.
Ҳадис илми жуда муҳим аҳамиятга эга илмлардан биридир. Ушбу илмнинг нақадар зарурлиги ҳақида саноқсиз уламолар жуда ўринли сўзларни айтганлар. Ҳофиз Зайниддин Ироқий айтади: “Ҳадис илми ўта муҳимдир. Фойдаси чексиздир. Жуда кўплаб ҳукмларнинг манбаси ва масдари ҳадис илмига мавқуфдир”. Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Санад илми диндандир. Агар санад бўлмаганда ҳоҳлаган киши ҳоҳлаган нарсасини айтаверар эди”.
Дарҳақиқат, Санад илми бир сўз билан айтганда, мусталаҳул ҳадис илми орқали диннинг тўрт манбасидан бири ва энг асосини ташкил этувчи маълумотлар – Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатлари сақланиб қолган.
Доктор Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳнинг “Манҳажун-нақд фий улумил ҳадис” номли китоблари ҳадис илми соҳасида ёзилган китоблар орасида энг аҳамиятли ва бетакроридир. Муаллиф ҳадис илми, ҳадисларни текшириш соҳасида беқиёс фойдалар намоён этган. Суннат ва унинг илмлари борасида шубҳа уйғотувчиларга қарата жавобсиз саволлар уйғотган, суннат қўрғонини ҳимоя қилишда тенгсиз барқарорлик билан мустаҳкам туриб берган олимлардан.
Муаллиф айни мақсадини китобнинг аввалида ошкор қилган. Китобнинг ўзига хос хусусияти ҳам шундадир. Доктор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис илми соҳасига бағишланган китобдир. Ушбу китобимиз мазкур буюк илм биносининг бир ғишти бўлишини умид қиламиз”. Муаллиф ушбу илм қоидаларини ёрқин ва тўла тўкис ёритганлиги ўзининг олдига қўйган мақсадларидан маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ҳимоя қилиш, саҳиҳларини саҳиҳмасларидан ажратиш, мақбул ҳадисларни, номақбулларидан тозалаш муаллифнинг асосий мақсадларидандир.
Ушбу китоб ҳадис илмининг тарқоқ маълумотларини ўзида жамлаган ва мукаммал ҳолга келтирган.
Албатта, мазкур китоб уламолар томонидан жуда яҳши қабул қилинган ва жуда кўплаб мақтовларга сазовор бўлган. Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад Тақий Усмоний, Муҳаммад Аввома, Мисрнинг собиқ муфтийси Али Жумъа, Муҳаммад Юсуф Қарзовий ва шу каби замонамизнинг етук алломалари мазкур китобнинг долзарб экани, ўзига хос фазилатларини эътироф этганлар.
Жумладан, Доктор Шайх Муҳаммад Абу Шаҳба Доктор Муҳаммад Итр роҳимаҳуллоҳнинг меҳнат ва машаққати ҳақида гапириб, бундай деган: “Албатта, “Манҳажун нақд фий улумил ҳадис” китоби ушбу фанда ёзилган китоблардан яққол ажраб турувчи, бебаҳо китобдир. У шу соҳада ёзилган китоблардан жуда кўп жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, шу мавзуда ёзилган асарларнинг энг муқаддимасида турувчи китобдир. Жумладан, тақсимлаш ва тафсилотлар жуда чиройли берилган. Китобнинг илмий қийматини оширувчи жиҳатларидан яна бири муаллиф ушбу фанга доир жуда кўп китоблардан хабардор экани, ҳатто бир кутубхона бўларлик даражада кўп китоблардан фойдалангани ҳамда шарқшуносларнинг илмий асос билан асосланмаган саволларига раддиялар беришга алоҳида ҳиммат қилганидир”.
Шукржон Эгамбердиев,
Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлим 3-курс талабаси
Инсоф – олижаноблик белгиси
Кел эй комил, камол этсанг диёнат
Кишиға қилмағил хар гиз хиёнат
Узатмас бўлсанг анга дасту алтоф
Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф.
Сўфи Аллоҳёр
Муқаддас Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша инсоф, адолат, халоллик хукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар инсонни камолотга етаклайди.
Халқимиз орасида «Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам ИНСОН! Инсонни одам қиладиган ҳам, адо қиладиган ҳам ИНСОФ!», деган ажойиб хикмат бор. Инсоф хаддан ошмасликдир. Баъзан инсоф хақида гапирамиз-у, аммо асли инсофнинг нима эканлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Инсоф ила адл қасрини қур» деган ишорасида қанча маъно ва мазмун яширинган.
Хар бир инсоннинг инсофли бўлишида, аввалам бор, унинг оиласидаги муҳит, ота-она ва мактабдаги ўқитувчи устозларнинг таълим-тарбияси катта аҳамият касб этади. Инсонни хар бир ишда хам, гапда хам инсофли бўлиши керак. Инсоф бу фақат хақиқатни айтиш эмас, балки кишиларнинг кўнглини топа билиш ва уларга мехрибонлик кўрсатишдир.
Ҳукамолар айтадилар: «Ўн ҳислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, халоллик, инсоф, мулойимлик, кексаларни хурмат қилиш, кичикларга шафқат қилиш, қаноатлик бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат».
Ислом дини кишиларни инсофга одатлантириш учун амалий бир услубни йўлга қўйган бўлиб, унинг асоси Қуръони каримда келганидек, мўминларнинг ўзаро ака-ука эканликлари, шунингдек, ҳадиси шарифларда айтилганидек, уларнинг ўзаро муносабатларида бамисоли бир тана каби эканликлари ҳақидаги ўгитлардан иборат. Жамият аъзолари бамисоли бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис ҳам динимиз таълимотларида инсоф инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўз ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга инсоф борасида шундай ўгитлар билан насиҳат қилган эканлар: «Эй ўғлим! Ўзинг билан ўзгалар ўртасидаги муомалангда ўз нафсингни мезон қил. Ўз нафсинг учун яхши кўрган нарсангни биров учун ҳам яхши кўр. Ўз нафсинг учун ёмон кўрган ишингни бировга нисбатан ҳам раво кўрма. Ўзингга зулм қилинишини ёқтирмаганинг каби бировга ҳам зулм қилма. Ўзингга (Аллоҳ томонидан) эҳсон-яхшилик қилинишини севганингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон-яхшилик қил. Бировнинг хулқида хунук санаганинг ишни ўз хулқингда ҳам хунук санагин. Ўзганинг феълида гўзал санаганинг ишларни ўз нафсинг учун ҳам гўзал ва керакли деб бил. Билмаган нарсангни гапирма. Билган нарсангни гапир. Ўзингга қарата айтилишини ёқтирмаганинг сўзни бировга ҳам гапирма».
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассам. Инсон ўзгалар билан муомаласида ўз нафсини мезон қилишини, биров бизга ёлғон гапиришини, алдашини хоҳламаймизми? Демак, бошқаларга ёлғон гапирмайлик. Кимдир бирор нарсамизни ўғирлашини қабул қила олмаймизми? Демак, бировдан биз ҳам ҳеч нарса ўғирламайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми? Демак, биз ҳам ўзгаларга таҳқиромуз ва такаббурона муомала қилмайлик. Шундай қилиб, ҳар доим ўзгаларга нисбатан қиладиган муомалаларимизда ўзимизга ўзимиз: «Мен шу муомалани ўзим учун бўлишига рози бўлармидим?!», деган савол қўяйлик. Мана шу ИНСОФдир.
Инсоф, ҳалоллик, адолат ва виждонлилик тушунчалари динимиз Исломнинг барҳаёт таълимотларида бот-бот таъкидланган муқаддас тушунчалар бўлиб, уларга доимо риоя қилишимиз, одамлар билан амалга оширадиган барча муомала ва муносабатларимизда оғишмасдан амал қилишимиз лозим бўлган маънавий мезон ҳисобланади. Агар инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва виждонни ўзимизга мезон қилсак, дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, жамиятимиз янада жипс ва мустаҳкам жамият бўлиб, гуллаб яшнайди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, инсофли, адолатли инсонлардан бўлишимизни насиб айласин!
Нарзуллаев Одилжон
Янгийул туман "Имом Султон" жоме масжиди имом хатиби
Қозоқ эли Исломга кирганига 1270 йил тўлиши муносабати билан халқаро онлайн анжуман ўтказилди
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташаббуси билан Zoom дастури орқали қозоқ, ўзбек, қирғиз ва хориж уламолар иштирокида қозоқ элининг Ислом динини қабул қилганига 1270 йил тўлиши муносабати билан анжуман бўлиб ўтди.
Халқаро онлайн учрашув аввалида “Ислом динининг Қозоғизтонга кириб келиши” мавзусидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Мажитбек ули ва Қозоғистон мусулмонлар идораси муфтийси Наврўзбай ҳожи Тағанули Ислом динининг Ўрта Осиё, хусусан, Қозоғистонга кириб келиши, бу ҳудуддаги уламолар, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги, туркий халқлар ислом билан шарафлангани ҳақида маълумот беришди.
Видеомулоқот шаклида ўтган учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков маъруза билан қатнашиб, мамлакат муфтийси Наврўзбай ҳожи жаноблари бошчилигидаги уламоларни Қозоқ диёрига Ислом дини кириб келгани ва Қозоғистоннинг истиқлолга эришганининг 30 йиллик санаси билан самимий муборакбод этди, бугунги кунда икки қардош халқлар дўсту қадрдонликлари равнақ топишида Давлатларимиз Раҳбарларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижаси экани, 2018 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолангани ўтган давр мобайнида икки давлат диний муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилганини таъкидлади.
Шунингдек, Ҳомиджон қори Ишматбеков Аллоҳ таолонинг инояти билан Ислом динининг Мовароуннаҳр ўлкаси, хусуан, ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Ислом динининг кириб бориши, икки мамлакат мусулмонлари идораларининг яқин ҳамкорлиги тарихий илдизлари 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидаги муштарак фаолиятга бориб тақалиши, ўтган давр ичида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фалияти ривожланишига ўз вақтида раҳбарлик қилган Ратбек Ҳожи Нисанбайули, Aбсаттар Ҳожи Дербисали, Ержан ҳожи Маямеров, Серикбай ҳожи Ораз жаноблари катта ҳисса қўшгани, ҳозирда Наврўзбай ҳожи Тағанули, бошчилигингизда улкан ва савобли ишлар амалга оширилаётганини баён этди.
Онлайн анжуман доирасида сўз олган Қирғизистон мусулмонлари идораси марказий аппарати раҳбари Равшан Эратов мамлакатда олиб борилаётган ижобий ишлар – ҳамжиҳатлик, бирлик биродарлик, ҳалқнинг тақво ва ҳалоллик учун тарғиботи ҳақида, Халқаро турк академияси ректори академик Дархон Қувондиқули Қидирали ўз сўзида ислом динига туркий ҳалқларнинг ўрни, туркий олимларнинг хизматлари шариат илмлари ривожидаги аҳамиятида тўхталиб ўтди.
Азҳари шариф университети доктори устози Муҳаммад Ризо ўз сўзида Ислом динининг бу диёрларга кириб келиши нафақат Аллоҳни танишга, унга иймон келтиришга, балки бу минтақада истиқомат қилувчи халқларнинг бирлашишига асос бўлгани, илм-фан ривожига, инсоннинг ҳуқуқлари тараққий даражасига етказилгани ҳақидаги маъруза қилди.
Халқаро онлайн учрашув якунида қардош халқлар ва хорижлик уламолар бундай анжуманни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Динда саволим бор: Ер, экин экиш ҳақида (Мол, чўчқанинг гўнги билан пишиб етилган мева-сабзавотларни ейишимиз жоиз-ми?)
— Динимизда эгасиз ерни ўзлаштиришнинг ҳукми қандай? Ўша ерга экин экиб, ундан фойдаланса бўлади-ми?
— Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким эгаси бўлмаган ерни обод қилса, унга у ҳақлидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Мусулмон инсон ўз меҳнати билан қаровсиз ерларни ўзлаштириб, ер эгаси бўлиши, ўша ерни обод қилиб, бой-бадавлат бўлиши мумкин. Эгаси йўқ ерни обод қилса бўлди. Ундай ерни обод қилиш эса экин ёки дарахт экиш, чегара қилиш, атрофига қўрғон олиш, бино қуриш учун текислаш билан ва одатда “ерни обод қилди”, “тирилтирди” дейиладиган ишларни қилиш билан бўлади.
Асосий шарти, ўша ер бировнинг мулки бўлмаслиги ва жамоатчилик фойдаланадиган ер бўлмаслиги керак. Ана шунда обод қилинган ер, уни обод қилган кишининг мулкига айланади.
Ер қаровсиз бўлиши учун қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:
- Суви кесилган ёки тоши кўплиги учун экин экиш имкони йўқ бўлиб қолган ва бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра фойдасиз бўлиб қолган;
- Эгаси йўқ бўлиши, эгаси бор ер ҳеч қачон қаровсиз қолмайди;
- Обод жойдан йироқ ва обод жойнинг четидаги кимсанинг овози эшитилмайдиган бўлиши лозим. Бунда овози ўткир одам баланд жойга чиқиб олиб, бор овози билан қичқириши эътиборга олинган.
Бу масаланинг яна тафсилоти бор. Кенгроқ маънода ўрганиш лозим бўлади.
— Боғларда мевалар пишиб етилган маҳал қушлар гала бўлиб келади, лекин одамлар уларни ҳайдайди. Лекин дарахт эгасига шу қушлар еганининг ҳам савоби етиб турар экан, деб эшитдик...
— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур”, деб марҳамат қилганлар.
Боғдорчилик ва деҳқончилик қилган кишига ўзи ўйламаган томонлардан ҳам садақанинг савоби ёзилиб туради. Унинг эккан нарсаларидан одамлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳатто қурт-қумурсқалар ҳам фойда топади. Мазкур нарсаларнинг фойдаланиши зироатчи учун садақа ўрнига ўтади.
Шунингдек, Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот, яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримнинг бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади: “Бақара” (Сигир), “Анъом” (Чорва ҳайвонлари), “Фил” (Фил), “Намл”(Чумоли), “Наҳл” (Асалари).
— Шериклик зироати билан шуғулланадиган кишилар бор. Шундай ҳолат бўладики, ер сотиб олишга ҳаражат бир кишидан, экин экиш ва меҳнат иккинчи кишидан бўлади, фойда эса тенг тақсимланади. Шариатимизда шундай бўлса тўғри-ми? Ёки ҳаммаси тенг бўлиши керак-ми?
— Бу келишув шариатда музораъа дейилади. Унинг 7 хил кўриниши бор.
- Ер ва уруғ бир кишидан, хўкиз ва ишлаш иккинчи кишидан. Бу дуруст.
- Ер бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу дуруст.
- Меҳнат бир кишидан, қолгани иккинчи тарафдан. Бу дуруст.
- Ер ва хўкиз бир кишидан, уруғ ва меҳнат иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
- Ҳўкиз ва уруғ бир кишидан, ер ва меҳнат иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
- Ҳўкиз бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
- Уруғ бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу ҳам дуруст эмас. Жоизини қилиш керак бўлади. Валлоҳу аълам!
— Баъзи деҳқонлар экинларга ўғит сифатида мол, чўчқанинг гўнгини беришар экан. Бундай ўғитда пишиб етилган мева-сабзавотларни ейишимиз жоиз-ми?
— Бу борада ҳайвонларнинг гўнгини ишлатишга уламолар, жоиз дейишган. Шу нарсалар тагига солинган сабзавотларни истеъмол қилиш мумкин.
— Мол (сигир) экинзорни пайҳон қилса, унинг зарарини ўша молнинг эгаси тўлайди-ми? Молнинг эгаси: “Экинни қўриқлаш, экин эгасининг бурчи, мол ўз ризқини териб еб юради” деса, ўша кишининг даъвоси тўғри-ми?
— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Конда товон тўлаш йўқ, қудуқда товон тўлаш йўқ, ҳайвон етказган зарарга товон тўлаш йўқ ва дафинада бешдан бир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Яъни биров қудуқ қазиган бўлса-ю, унга одамми ёки ҳайвонми тушиб кетиб зарар етса, қудуқ қазиган жавобгар эмас ва товон тўламайди. У қудуқни сув чиқариш мақсадида кавлаган, бировга зарар етказиш мақсадида эмас. Ўша тушган одам ёки ҳайвон хушёр бўлиши керак эди. Шунингдек, эгасининг айбисиз ҳайвонлар томонидан етказилган зарарларга тўлов йўқ. Ҳайвон нима бўлса ҳам ҳайвон. Кундузи ундан экинни эгаси қўриқлайди. Кечаси молнинг эгаси молини боғлайди.
— “Деҳқон экинига салом берса, ҳосили баракали бўлади”, “Экинларга кўз тегишидан сақлаш учун кўзтикан ёки ҳайвоннинг калла суягини илиб қўйиш керак”, деган гапларни эшитганмиз. Шу гаплар динимизда бор-ми?
— Бундай гаплар динимизда йўқ. Буцларнинг бари аввалги диний эътиқодлар ва қарашлардан қолган хурофотлар ёки кейинчалик пайдо бўлган бидъатлардан бошқа нарса эмас.
— Деҳқонлар ҳосилини йиғиб олгандан кейин ҳосилнинг қанча миқдорини ушр (закот) қилиб беришлари керак ва ушр ҳосилнинг ўзидан бериладими ёки сотилган пулидан-ми?
— Тупроққа экиб олинадиган маҳсулотларининг закотига ушр дейилади. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ: “Тупроқдан маҳсулот олинганида оз бўлсин, кўп бўлсин ўндан бири ёки қиймати қадар олтин ё кумушни мусулмон фақирларга бериш фарздир”, деган.
Ушрнинг нисоби йўқ, ҳосил оз бўлса ҳам ушри берилади. Ушр сифатида ҳосилнинг ўндан бири берилади. Қилинган харажатлар олиб ташланмайди. Фақат суғориш пуллик бўлса ёки мотор билан суғорилса, ҳосилнинг йигирмадан бири берилади. Ушр бериш “Анъом” сурасининг 141-ояти билан амр этилган. Ўндан бири берилиши ҳам ҳадиси шарифда билдирилган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
“Мотоциклни ўт олдириш”дан Марк Твенгача...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Шамсуддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйида нашриёт ижодий ходимларининг маҳоратини янада ошириш мақсадида 2021 йил 7 июнь куни «Медиа матн тайёрлашда онлайн инструментлардан фойдаланиш» мавзусида маҳорат сабоқлари бўлиб ўтди.
Машғулотни филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), таниқли журналист, моҳир таржимон ва дипломат Беруний АЛИМОВ олиб борди.
Дарс дастлаб “мотоциклни ўт олдириш”дан бошланди. Яъни, тўрт-беш киши туриб, биринчи одам мотоциклни ўт олдиради. Қолганлар уни кўрмай, бажарган хатти-ҳаракатларини такрорлаши керак. Бу ҳолат охирги одамга етиб боргунича ўртада нималардир тушиб қолади. Худди шундай хабар ёки мақолалар ҳам қулоқдан қулоққа ўтиб, нималаридир тушиб қолаверади.
Машғулотларда хабар, мақола ва очерк ёзиш усул ва услублари батафсил тушунтирилди.
Инфографиканинг ўрни, визуал ёндашув ва бошқа масалалар баён этилди.
Марк Твеннинг: “Ёлғон уч хил бўлади: 1) оддий; 2) даҳшатли ва 3) статистика” деган сўзи мақолалар ёзишда кўпроқ статистикага мурожаат қиладиган мухбирларни ранжитган бўлса-да, аммо иссиқ ҳавода бўшашиб ўтирган иштирокчиларнинг юзига табассум туҳфа этди.
Маҳорат сабоқлари якунида берилган турли саволларга мутахассис томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Т.Низом