muslim.uz

muslim.uz

Аввалроқ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2-босқич талабалари ўртасида Ҳадис фанидан мусобақа бўлиши ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 29 ноябрь куни ушбу мусобақа бўлиб ўтди. 

Унда таълим муассасасининг иккинчи босқич талабалари ўзларининг олган билимларини синовдан ўтказдилар. Талабаларга муассаса устозлари томонидан тайёрланган саволлар берилиб, билимларига баҳо берилди. 

Мусобақанинг биринчи шартида талабалар тўрт фиқҳий мазҳабга мансуб машҳур тўрт муҳаддисларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид саволларга жавоб бердилар. 

Иккинчи шартда Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг тўрт фиқҳий мазҳаббошиларининг ҳадис асарларига доир саволларга жавоб бердилар. 

Танловнинг учинчи шартида иштирокчиларга “Мусталаҳул ҳадис” фанига оид саволлар берилди. 

Сўнгги, тўртинчи шарт Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг “Илм” бобида келган ҳадисларни ким кўп ёддан айтиш шарти шаклида ўтказилди. 

Танлов якунида умумий баҳоларга кўра ғолиблар аниқланди.

ЎМИ матбуот хизмати

Среда, 29 Ноябрь 2017 00:00

Бутун ҳаёти ўрнак бўлган зот

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бизлар учун қандай ибрат, ўрнак бўлганликлари ва ниҳоят у зотнинг боқий дунёга кўчишлари ҳам бизлар учун алоҳида бир мактаб эканини, иншааллоҳ ўрганамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дахлдор кўплаб маълумотларни ўқиганмиз, устозлардан эшитганмиз. Шундай бўлса-да биз умматлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғрисидаги маълумотларга ҳеч қачон тўймаймиз. Ҳеч қачон у зот и бобаракот тўғрисидаги маълумот эскирмайди, ўзининг аҳамиятини йўқотмайди. Балки такрорланган сари янги қирралари очилиб, кўпдан-кўп ҳикмат ва ибратлар қайнаб чиқади. Янги-янги манфаатлар кашф этилади. Ўқиган сарингиз ўқигингиз  келади, ўзингизнинг илм ва маълумотингиз кам эканини сезиб борасиз. Наҳотки аввалги эшитганларимда, аввалги ўқиганларимда шу нарсани тушунмаганман ёки унутдиммикан, паришонхотир бўлдиммикан, нима учун бу нарсалар аввал менга аён бўлмаган деган таажжуб ҳаммада ҳам бўлиши табийдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти бошидан то охиригача ҳикмат, ибрат, намуна. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшида пайғамбар бўлган бўлсалар, ўша қирқ яшаргача ўтган ҳаёти ҳам ибрат. Чақалоқлигидаги воқеалар катта бир мактаб. Ҳаммаси таълим-тарбияга, ахлоқу одобга чақирадиган ажойиб бир дарсликлардан иборатдир. Сабаби нима? Чунки Аллоҳ субханаху ва таоло;

لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا 

«Батаҳқиқ, сизлар учунАллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди»., деб Аллоҳ таолонинг ўзи марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Ўзининг Расулида биз умматлар учун ўрнак борлигини баён этиб қўйди. Ўша умматлар кимлар? Улар Аллоҳ ва охират кунидан умиди борлар. Кимнингки, Аллоҳ ва охират кунидан умиди бўлмаса, у бошқа одамлардан ўрнак олишга ҳаракат қилади. Лекин умиди бор умматлар ҳар бир соҳада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашади.

Айтайлик, биз ҳозир нима билан машғулмиз? Кимнинг қандай касби бор, ҳунари бор? Албатта, ҳар кимнинг ўз тирикчилиги учун ушлаган бир йўли бор ва ҳар бир инсонни, хоссатан, ёшларни ўзининг кўз олдида гавдаланиб турадиган доимий унинг учун намуна, ўрнак бўладиган ва ундан андаза оладиган бир кишиси бўлади. Илму-маърифатга қизиққан инсонлар айтадики, фалончидан ўрнак оламан. Қачон бир китоб оладиган бўлсам, фалончи аллома шунақанги кўп китоб ўқиган экан. Ўзининг ҳаракати сабабидан Аллоҳ таоло файз берди, барака берди, кимсан фалончи аллома бўлиб етишди. Мен ҳам унинг ортидан юриб, худди шундай олим бўламан. Дину диёнатим учун кўпроқ хизмат қиламан дейди.

Яна кимдир косиб бўлса, шу касбнинг энг етук мутахассисини кўз  олдига келтиради-да, ана шу касбида фалончи, кимсан фалон бўлиб кетди. Дунёга донғи таралди. Мен ҳам унга ўхшашга ҳаракат қиламан дейди. Буни ҳамма соҳага қиёс қилиш мумкин. Бу борада ёшларимиз кўпроқ деяётганимиз, ёшларнинг ичида, албатта, биринчи ўринда жисмонан бақувват бўлишга ҳаракат қилиш муҳим роль ўйнайди. Деярли ҳамма ёшларда шу нарса бор. Шундай бақувват бўлсамки, шундай кўркам, қадди-қоматли бўлсамки, ҳамма мени кўрганлар ҳавас қилса, ҳар қандай либосни кийсам ярашадиган бўлса. Бунинг учун кўзининг олдида бир инсон гавдаланиб туради. улар биринчи ўринда қандайдир актёрларни, спортчиларни ва ҳоказоларни кўз олдига келтиради-да, шундай бўлишим керак дейди. Ишонмасангиз, ёшларни хонасига кириб кўринг, хона деворига ўзи ҳавас қилган инсоннинг суратини илиб қўйган бўлади.

Биз мўмин-мусулмон умматларнинг  ўқийдиган китобимизда ҳам, ақл, зеҳн, хотирамизда ҳам, телефонимизда ҳам, ҳамма жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғрисидаги маълумот бўлиши керак. Агар биз Аллоҳ ва охират куни умидида бўлсак, мана шу зот ҳамма соҳада биз учун ибрат. Хоҳласангиз спорт соҳасини олинг. Кураги ерга тегмаган Рукона деган паҳлавон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусобақалашиб кураш тушаман деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Совринга нима қўясан?” дедилар, Рукона “Қўйларимни тикаман”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан уч марта кураш тушиб, ҳар учаласида ҳам йиқитдилар.  Ва ниҳоят Рукона мағлубиятга учраганини тан олиб иймонга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ютиб олган қўйларни Руконага қайтардилар.

Мана агар спортчилар бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавас қилсинлар, У зоти бобаракот спорт тўғрисида қандай маълумотларни айтган эканлар деб кўз олдида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни  гавдалантирсин-да, ҳар қандай  ҳолатда ана шу зотдек бўлишга, ҳалол покиза бўлиб, Аллоҳ рухсат берган спорт турлари билан шуғулланишга ва шу  соҳада кураги  ерга тегмаган инсонларнинг ҳам курагини ер искатиб, уларни келажакда инсофу тавфиққа, балки иймонга келишига сабабчи бўлиши учун ҳаракат қилсин.

Гўзалликда-чи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал инсон бўлганми? Бўлмаган. Тўғри, Юсуф алайҳиссолату васалламнинг гўзалликлари тўғрисида  бир-биридан ажойиб маьлумотлар, ҳаттоки  афсоналар бор. Лекин жумҳур уламолар айтадики, Юсуф алайҳиссолату васалламдан кўра бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар тарафлама гўзал бўлганлар. Буни барча уламолар тан олган.

Касб-ҳунар бўйича дейсизми, марҳамат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг. Касб билан қандай шуғулланганлар, тижорат билан, қўй боқишлик билан, дехқончилик, зирот, ҳаммаси билан шундай ҳалол, покиза шуғулландиларки, У зотнинг ҳаётлари қамраб олмаган соҳанинг ўзи йўқ. Кимдир масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат дину диёнатда ўрнак-да, у зотдан фақат ибодатлар борасида ўрнак оламиз-да, бизни соҳамизга уларнинг нима алоқаси бор, деса хато қилади.  Чунки  ҳаётнинг ўзи  ибодат. Айтайлик, ҳозир янги чиққан соҳалардан бири компьютерларга тегишли бўлган  йўналишни олиб кўрайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида комьютер бўлмаган-ку, биз компьютер  ишлатишда у зотдан қандай ўрнак оламиз, бунга нима алоқаси бор? деса хато қилади. Компьютерни ишлатаётган пайтингизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақво тўғрисидаги тавсияларини эсланг. Компьютерда хоҳлаган жойингизга хиёнат қилиб  бостириб кириш имконияти бор. Хиёнат тўғрисидаги маълумотларни эсланг. Кўзингиз ҳар-хил нарсага тушиб қолиш хавфи бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“Назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир”, деган тавсияларини эсланг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларидан четда қолган бирорта соҳа йўқ азизлар. Менинг соҳам унга тегишли эмас, деган инсоннинг,  Аллоҳ асрасин, иймонида шак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар биримиз ўзимизнинг соҳамизда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк намуна ва буюк ўрнак бўлишини унутмайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳатто бошимизга тушган  мусибатларда ҳам бизга ўрнакдир. Кўпинча бизни олдимизга ана шундай мусибатлар билан шикоят қилиб келадиганлар бор. Энг кўп шикоятлардан бири оилавий мажоролар тўғрисида. Келиб: қори ака! аёлининг инжиқлигидан, қайсарлигидан, бетарбиялигидан шикоят қилади. Тарбиялаб бир нарсани ўргатиб бўлмаяпти. Нима қилай? дейди. Уларга нима деймиз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилиги бўйича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Уни синдиришинг, талоқ қилишингдир», дейилган (Икки шайх, Термизий ривоят қилган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша онамиз, Ҳафса оналаримиз  ва бошқалари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга инжиқлик қилиб, ҳаттоки  Расулуллоҳ салоллоҳу  алайҳи  васалламни  қасам ичишга  ҳам  мажбурлаган-ку. Аллоҳнинг Ҳабиби, икки оламнинг сарвари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг розилиги учун Аллоҳ ҳалол қилган асални истеъмол қилмайман, деб қасам ичганлар-ку. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло танбеҳ бериб, кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:

“Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қиласан! Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир” деб оят нозил қилган. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларики Аллоҳнинг Ҳабибига шундай талабларни қўйиб тургандан кейин сиз билан бизнинг аёлимиз қайсарлик қилмайдими? инжиқлик қилмайдими?..

Мана азизлар, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ибрат бўлганлар.

Гоҳо инсоннинг бошига мусибат тушади. Лекин кимлар учундир бу мусибатдан кўра ҳам улканроқ мусибатлар бўлиши мумкин. Инсонлар турли-туман бўлганларидек мусибатлар ҳам ҳар хил бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон учун ўзи дунёда энг яхши кўрган нарсасидан айрилиши энг катта мусибатдир. Кимлар учун энг катта мусибат мол-дунёдан айрилиши, мансабидан айрилиши, сиҳат-саломатлигидан айрилиши ва яна кимлар учун ота-онасидан айрилиши бўлса, кимлар учун фарзандидан айрилиши энг катта мусибатдир. Умумий олганда халқимизнинг ичида бой бўлсин, камбағал бўлсин, ёш бўлсин, қари бўлсин энг катта мусибат нима? деган саволга  фарзанд доғи деб жавоб беради. Бир тарафдан олиб қараганимизда, бу ҳам тўғри. Чунки ҳеч қайси инсон ўзидан аввал фарзандининг вафот этишини кўз олдига келтира олмайди. Бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқади. Балки фарзандини ўз қўли билан тупроққа қўйишини тасаввур ҳам қилолмайди. Мана шунинг учун фарзанддан айрилиш энг катта мусибатлардан бири деб эътироф қилинади. Лекин тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди. Кимларнидир бошига ана шундай мусибат етса, кўпинча ўзларини йўқотиб қўяди. Мана шундай пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олишимиз керак. У зоти бобаракот бир эмас, олтита фарзандини муборак қўллари билан тупроққа қўйганлар. Биргина жигарбанди Фотима розияллоҳу анҳо онамиз эса  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин олти ой яшадилар, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ўғил ёки фақат қизларини эмас, балки уч ўғил, уч қизни тупроққа қўйдилар.  Келинг, шулардан бири Мория Қибтия онамиздан туғилган ўғилларининг вафот этиш ҳодисасини ёдга олайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим қаттиқ безгак тутиб ётганида ўн саккиз ойлик эди.

У Зот унинг олдига кирганларида титраб, қақшаб ётар эди. Бир оздан кейин эса жон таслим қилди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёш оқа бошлади.

Ёнларида турган Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Сиз-а, Ё Расулуллоҳ!” дедилар (Яъни бизни йиғлашдан қайтарар эдингиз, энди эса ўзингиз йиғлаяпсизми?) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: кўз ёш оқизади, қалб маҳзун бўлади, лекин биз Аллоҳ норози бўладиган ишни қилмаймиз, деб яна йиғладилар, ўғиллари Иброҳимни ҳам тупроққа топширдилар.

Баъзилар келиб,  “Қори ака! Мен фарзанд доғига учрадим, бутун дунё кўзимга қоронғу бўлиб, ҳеч нарсани қизиғи қолмади”. дейди. “Ота-онангиз ҳаётми?” деб сўрасак, “Ҳа, ота-онам ҳаёт алҳамдулиллаҳ”, дейди. “Ота-онангиз ҳам кўзингизга кўринмаяптими?” десак, “Фарзанд доғи ёмон экан, ота-онам ҳам кўзимга кўринмай қолди”, дейди.

Сиз ҳато қиласиз. Ҳақиқий мўмин-мусулмон инсон бундай бўлмайди. Фарзандидан айрилса, ота-онаси ҳаёт бўлса “Алҳамдулиллаҳ! Бошимда соябон, дуогўйим ота-онам бор. Аллоҳ ўзингга ҳамду саноларим бўлсин” дейиш керак. Отасини олса, Аллоҳим, алҳамдулиллаҳ! отамни олдинг, дуогўйим волидаи меҳрибоним қолди. Фарзандларим сиҳат-саломат, шунисига ҳам шукр дейишимиз керак. Онасини олса, Ё Роббим дуогўйим бўлмиш ота-онамни олдинг, ўзинг раҳматингга олгин. Фарзандларимни тирик сақлаб қолдин-ку, шунинг учун Сенга ҳамду санолар бўлсин дейишимиз керак.

Ана шундай ҳолда энг катта мусибат фарзанд доғига йўлиққан ота-оналар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини ўқинглар. Сиз, битта фарзанд ерга қўйдингиз, иккитани қўйдингиз, боринг ана учтани қўйдингиз. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Аллоҳнинг Ҳабиби бўла туриб олтита фарзандни тупроққа топширдилар. Айтингчи, биз шундай катта мусибатни кўтара олармидик?

 Аллоҳнинг ҳабиби бўлсалар, У зотнинг фарзандлари орқали насл-насаблари дунёга тарқалиши керак эди-ку. Зурриётларидан битта ўғил бола фарзанд қолмаса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай катта мусибатларни кўтариб, мардонавор енгиб ўтдилар-ку. Мана Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга қандай ўрнак қилиб яратиб қўйди. Ана шу зотдан ибрат олишимиз керак. Ана шу зотнинг ҳаётини яхшилаб ўрганишимиз керак. Шундагина ҳар қандай синовларга чидаб, уни мардонавор енгиб ўта оламиз. Акс ҳолда ҳаётнинг синовлари олдида, унинг мусибатлари, кулфатлари, балолари олдида, тиз чўкиб, синиб қоламиз, парча-парча бўлиб кетамиз. Ҳаттоки баъзи бирлар иймонидан ҳам айрилиб қоладилар. Оддийгина мол-дунёнинг синовига сабр қилолмасдан  иймонидан айрилаётганлар бор. Фарзанд доғига чидолмасдан, “Эй Аллоҳ ўзи биттаю битта фарзандим бўлса, шунга ҳам муҳтожмидинг! Унинг ўрнига менинг жонимни олсанг бўлмасмиди ? деб дод-фарёд, оҳ-воҳ қилаётганлар йўқ эмасми? Албатта бор.

Ҳа, ким унга битта фарзанд кўргин деди. Аллоҳ берган тўтта-бешта фарзандни ҳали ҳомилалигида олдириб ташлаб, ўлдириб юборди. Энди эса биттагина фарзандим бор эди, шуни ҳам Аллоҳ тортиб олди. Шу керакмиди, керак бўлса мени жонимни олмайдими деяётган “мард”лар бор.

Аллоҳ берган шундай фарзандлардан юз ўгириб, улар ҳали дунё юзини кўрмасиданоқ “шифокор”нинг қўли орқали ўлдиртириб, ахлатхонага ташлаттирворган эмасмиди? Энди эса мутлақо фарзандсиз қолгани сабабли дод-дарёд қилиб ўзини болажон ота-онага ўхшатади.

Инсон  шундай ношукр-да. Аллоҳ иккита-учта фарзанд берса бўлди, қолгани керак эмас, дейишни бошлайди. Аллоҳ Ўзи берган нарсани олаётганда эса кўзига фарзанд кўриниб дод деб юборади. Ваҳоланки, Аллоҳ берган ўша омонатни. Ўзи хоҳлаган пайтда олади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бандага мусибат етганда «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» деса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим.  (Бешовларидан, фақат Бухорий ривоят қилмаган).

 

Азизлар, буни қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун ҳаётлари биз учун ҳар тарафлама ўрнак, ҳаттоки вафотлари ҳам энг катта ўрнак бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари ҳам оддий вафот эмас, оддий ўлим эмас, балки  У зотнинг вафот этишлари, барча умматлар учун катта дарслик ва ибрат бўлди. Чунки мўмин-мусулмонлар учун дунёда бундан катта мусибат йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни  ўзлари: “Умматим мен вафот этганда учраганчалик катта мусибатга учрамайди”, деганлар. Агар кимики энг катта мусибатга учрадим деса хато қилган бўлади. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати бўлмаган бўлади. Юзта фарзандимиз бўлса, юзтаси вафот этсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганчалик катта мусибатга дучор бўлолмаймиз. Чунки биз мўмин-мусулмонмиз.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деганлар.

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундай бўлса, бўлмапти. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак», деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол:

«Ўзимдан кўра ҳам!», деганларида у зот алайҳиссалом:

«Ана энди бўлди, эй Умар», деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.

Демак, инсон учун дунёда энг катта мусибат ўзи энг яхши кўрган нарсасидан ёки кишисидан айрилиш бўлади. Шундай экан, биз мўмин-мусулмонлар, дунёда энг яхши кўрган кишимиз ким?, албатта Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Агар У зотдан кўра бирортасини яхшироқ кўраман десангиз, сизнинг имонингиз комил эмас.  Ана шу зотнинг вафот этганларидан кўра ҳам каттароқ мусибат бор десангиз, бу ҳам сизнинг иймонингиз заиф эканига далолатдир. Тезроқ уни қувватлаштиринг. Зотан, ота–онангиз, фарзандингиз ва дунёдаги барча нарсадан кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ севмагунингизча ҳақиқий комил мўмин-мусулмон бўлолмайсиз. Демак, биз умматлар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари айтганларидек, энг катта мусибат – у зотнинг вафот этган кундир. Ҳақиқатан, бу буюк бир мусибат  эди. Биз ҳозир  шу мусибатни ҳис қилганимизда, чидай олмай қоламиз, дод деб юборамиз. Саҳобаи киромлар қандай ҳолатга тушган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаххоралари қандай ҳолатга тушган эканлар. У зотнинг набиралари имом Ҳасан, имом Ҳусайинлар-чи? У зотнинг доимо ёнида юрган ҳақиқий сиддиқ дўстлари Абу Бакр қандай ҳолатда бўлган эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаттоки тупуглари, таҳорат сувлари ерга тушмасин деб, табаррукона олиб юзларига суртган Ҳазрати Умар бошчиликларидаги саҳобаи киромлар қандай ҳолатга тушган эканлар. Буни биз тасаввур қилиб кўра оламизми? Бунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганларини вужудимизда ҳис қилишимиз ва у зотни ота-онамиз ва фарзандларимиздан кўра ҳам яхшироқ танишимиз керак.

Маълумотларни тўлиқ ўрганиб, бутун борлиғимизга у зотнинг муҳаббатини сингдирсак, ана шунда у зотнинг вафот этиш тарихлари, воқеаларини ўқиганимизда кўзимиздан тинмасдан ёш оқади. Ишонмасангиз, ҳар куни ўқиб кўринг, ҳар куни йиғлайсиз. Саҳобаи киромларнинг ҳолатини кўз олдингизга келтирасиз. Метиндек иродали, кимсан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этмайдилар”. Худди Мусо Аллоҳ билан сўзлашгани Тур тоғига кетганларидек, Роббиси билан учрашгани кетдилар. Яқин орада қайтиб келадилар. Ким ўлди деса оёқ-қўлларини кесаман” дея қиличларини яланғочлаган ҳолда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларида у ёқдан бу ёққа югуриб юрар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинаи мунавваранинг четидаги сулҳ деган бир жойда эканлар. Бу шум хабарни эшитдилар-у отга миниб тезлик билан етиб келиб, тўғри қизлари Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига кирдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳужрада ётган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кириб келдилар-да, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини силаб туриб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Аллоҳимнинг тақдир этган ўлимини тотибсиз. Аммо бундан кейин энди абадий ҳаётдасиз! Ҳаётлигингизда ҳам кўркам эдингиз, ўлимингизда ҳам кўркамсиз!” дедилар ва такрор ўпиб юзларини ёпиб қўйдилар. Аҳли байтга тасалли ва сабр тилаб Ҳужраи саодатдан ташқарига чиқиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта ўлим шарбатини тотмайдилар. У зот бир марта тортдилар. Яъни бир марта вафот этдилар, қайтиб келиб яна вафот  этмайдилар. Ўзларингни ўнглаб олинглар. Барча пайғамбарлар вафот этганлари каби, Расулуллоҳ алайҳи солату вассаллам ҳам вафот этдилар деган маънода ваъз-иршод қилдилар.

Ҳа азизлар, ана шундай катта мусибатни саҳобаи киромлар бошларидан ўтказдилар. Азизлар, шу мусибат тўғрисидаги китобларни бир ўқинг, маълумотларни ўрганинг ва ибрат  олинг.

Исҳоқжон  домла  БЕГМАТОВ,

ЎМИ масжидлар  бўлими  ходими

 

Среда, 29 Ноябрь 2017 00:00

Юксак фазилатли амаллар сари

Аллоҳ азза ва жалла белгилаган вақтда ва мавсумда ҳажга бориш ҳамда ота-онага яхшилик қилиш санаб адоғига етолмайдиган фазилатларга тўладир. Бунга доир бир неча ибратли воқеалар бор.  

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтадики: Биз Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу билан у кишини халифалигининг илк  даврида бирга ҳаж қилдик. Мўминлар амири  Байтуллоҳга кирганида тавоф вақтида Ҳажар ал-асвадни ўпар экан, бундай деди: “Сени ўпаяпман, ҳолбуки, сен оддий тошсан. Сен на фойда ва на зарар ҳам етказа оласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпгани учун ўпмоқдаман. Агар бундай бўлмаганида эди, сени ҳаргиз ўпмаган бўлардим!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади: “Ибн Умар Маккага қараб йўлга чиққанда туяга минишдан малолланиб қолса ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагида кетаётган эди, бир аъробий ўтиб қолди.

–   Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради Ибн Умар.

–   Ҳа шундай, – деб жавоб берди аъробий.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга эшагини бериб:

–   Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб:

– Буни бошингга ўраб олгин, – деди.

Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари:

–   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Нега бу аъробийга миниб келаётган эшагингизни ва бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз – деб сўрашди.
У киши:

–   Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхшиликларнинг  энг эзгуси кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан  яхши муносабатда бўлишидир”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар ибн ал-Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) дўсти эди, –  деди (Имoм Муслим ривoяти).

Мазкур икки қиссадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотнинг суннатларига амал қилиш қандай бўлиши ва вафот этган ота-онасига фарзанднинг яхшилик  қилиши  қай ҳолатда бўлишини англаб олишимиз мумкин. Бу ўрнак олишга арзигулик  ибратли дарслардандир.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Ривоят қилинишича бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирибди.

Тавофни тугатгач, бу амалини она учун қилинган катта хизмат, беқиёс хайру эҳсон деб, ўйлаган ўғил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми? – деб сўрабди.

Расулуллоҳ унга:  

– Йўқ! Сен бир маротаба оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг, – дедилар (Яъни, онасини кўтариб тавоф қилдириши унинг ҳомиладорлик вақтидаги қийинчилик лаҳзаларидан бирига ҳам тенг эмаслигини айтдилар).

Агар биз Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини топиш учун бор кучимизни ота-онамизнинг хизматига сарфласак, нақадар бахтли инсон бўлар эдик!.

Ҳотам бин ал-Асам фарзандларини чақириб, шундай деди: “Мен бу йил ҳажга боришни истайман”. Унинг болалари йиғладилар ва айтдиларки: “Эй отажон, сиз ҳаж сафарига бормоқчи бўлсангиз, бизларни кимга қолдириб кетмоқчисиз?”

Шунда Ҳотам бин ал-Асамнинг қизларидан бири: “Йиғидан тўхтанглар, отамизни ҳажга боришлари учун уни ўз ҳолига қўйинглар. Аллоҳ азза ва жалланинг ризқ берувчи зот эканини билмайсизларми, бу хусусда Қуръони каримда шундай дейилган-ку:      

إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ

Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи), қувватли ва Матин (қудратли)дир.

Шундан сўнг болалар опасини койиб оч ҳолида ухлагани ётишди. Кунларнинг бирида бу уй ёнидан ўша мамлакатнинг амири ўтиб қолди. Амир чанқоғини бостириш учун яқиндаги уйлардан биридан сув сўради. Унга Ҳотам бин ал-Асам уйидан янги кўзада сув келтиришди, у сувдан ичиб олди ва сўрадики: Бу кимнинг уйи?. Шунда унга аёнлари: “Бу Ҳотам бин ал-Асамнинг уйи”, деб жавоб бердилар. Шунда амир бу уйга бир тилла танга ташлади ва дедики: Агар ким мени ҳурмат қилса мен қилган ишни бажаради. Сўнгра амирнинг аъёнлари Ҳотам бин ал-Асамнинг уйига бир неча тилла танга отдилар. Буни кўриб Ҳотам бин ал-Асамнинг қизи йиғлаб юборди. Унинг онаси: “Нимага йиғлаяпсан, қизим?” деб сўради. Шунда у: “Аллоҳ азза ва жалла ризқимизни мўл қилди. Онажон, бизга Аллоҳнинг бандаси назарини қаратди, бизни беҳожат қилди ва бизга ташаккур айтди. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бизга назар солса нима бўлишини тасаввур қилинг!”

 Илёс Аҳмедов тайёрлади

Кеча, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум бошлангани ҳақида хабар берилди. 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, ЮНЕСКО ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дунёдаги етакчи музей, кутубхона, илмий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этган. 

Медиа-форумнинг очилишида Ўзбекстон ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар сўзга чиқдилар. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди ҳамда ушбу қарор ижросиюзасидан кўплаб ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. 

Халқаро форум доирасида лойиҳанинг “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” номли янги туркуми тақдимоти ўтказилди. 

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Девони Ҳусайн Бойқаро”, “Равзатус-Сафо” (Поклик боғи) қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга топширилиши тадбирнинг муҳим воқеаси бўлди. Ушбу нусхалар қўлёзмаларнинг аслига жуда яқин, олтин қопламали қоғозда битилган. 

– Ушбу асарлар Шарқ уйғониш даврининг бебаҳо намуналаридир, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Комилжон Раҳимов. – “Катта Лангар Қуръони” VIII аср охирларида куфий-ҳижозий хатида битилган, дунёга машҳур “Усмон Мусҳафи”нинг нодир нусхаларидан. Темурийлар сулоласи вакили Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб “Девони Ҳусайн Бойқаро” нафис миниатюралар билан безатилган. Тарихчи Мирхонднинг “Равзатус-Сафо” асарида пайғамбарлар, Шарқда ҳукмронлик қилган сулолалар тарихи ҳикоя қилинади. Ушбу лойиҳа Президентимизнинг ноёб тарихий-маданий меросимиз намуналарини Ватанимизга қайтариш борасидаги хайрли ташаббуслари доирасида амалга оширилаётгани қувонарли.

Шу йил май ойида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзуидаги халқаро илмий-маданий конгрессида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг илк тақдимоти ўтказилган эди. 

Анжуманда ушбу туркумга кирувчи навбатдаги бешта китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тўпламлар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси дурдоналари ҳақида ҳикоя қилади. Хусусан, VI жилд Россиянинг М.Глинка номидаги музейида сақланаётган юртимизнинг ноёб мусиқа асбоблари ва нота ёзувларига бағишланган бўлса, VII жилд Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти ёзма мероси тўпламларидан жой олган қимматбаҳо ёдгорликларимизга оид маълумотларни тақдим этади. Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи, Давлат тарихи ҳамда Бутунроссия амалий безак ва халқ санъати музейларидаги халқимиз маданияти ва тарихи билан боғлиқ экспонатлар тўпламнинг VIII ва X жилдларидан ўрин эгаллаган. И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейидаги маданий меросга бағишланган альбом (IX жилд) илк бор чоп этилди. Китоб Туркистон авангардининг ноёб асарлари ҳақида гувоҳлик беради. 

Тадбирда ушбу тўпламлар 49 мамлакатдан келган 136 музей ва кутубхона вакилларига топширилди. 

АҚШнинг Hofstra университети профессори А.Наймаркнинг қайд этишича, мазкур йирик медиа-лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини дунёга кенг ёйиш, халқаро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, лойиҳа қамровини янада кенгайтириш, янги нашрлар тайёрлаш устидаги ҳамкорликни давом эттириш зарур. 

Тадбирда 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилган китоб-альбомлар ва фильмлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Китоблар Ўзбекистон, Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия ва Япониядаги фондларда сақланаётган, юртимизнинг нодир осори-атиқаларига бағишланади. 

Медиа-форумнинг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, жаҳон коллекцияларида Ўзбекистон санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди. Япониялик олимларнинг музей экспонатлари ёшини аниқлаш бўйича янги технологиялар ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. 

Россиянинг “Культура” телеканали томонидан тақдим этилган “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильми қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Ўтган асрнинг 20-йилларида мамлакатимизда ёзиб олинган ноёб аудиоёзувлар илк бор эшиттирилди. Улар Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербург шаҳри Рус адабиёти институти (Пушкин уйи) фондларида сақлаб келинмоқда..

ЎМИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

“Theislamicinformation.com” нашри тарқатган хабарга кўра, Саудия Арабистони ҳукумати Икки муқаддас масжидларда фото ва видео тасвирни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. 

Мазкур қарор охирги пайтларда ҳаж ва умрага келганларнинг ибодатларни мукаммал бажариш ўрнига нафсга берилган ҳолда фото ва видеога тушиш ҳамда уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга берилиб кетгани билан изоҳланди. Натижада Ҳарами Шариф ва Масжид ан Набавий ихтиёрсиз равишда шоу майдонига айланиб қолмоқда. 

Бундан ташқари, Аллоҳга ибодат қилиш учун келган, бу кунни бир умр кутган одамлар ўзлари истамаган ҳолда бошқаларнинг шоуси иштирокчисига айланиб қолаётганлари айтилмоқда.

Сабаблар асносида олимлар муқаддас шаҳарларда селфига тушишни ҳаром деб ҳисобламоқдалар. Таъқиқ тўғрисидаги қарор 12 ноябрда қабул қилинган бўлсада, омма эътиборига 27 ноябрда маълум қилинган.

Саудия Арабистони ҳукумати ушбу қарорни қабул қилишига бошқа бир сабаб ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Бу асли россиялик бўлган яҳудийнинг Каъба олдида тушган суратининг тарқалишидир.

ЎМИ матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top