www.muslimuz

www.muslimuz

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.

 Бир куни унга хотини:

 - "Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” - деди.

 У:

 - Нима учун бундай деяпсан?” - деди.

 Хотини:

- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.

Толҳа хотинига қараб:

 - Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.

Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:

 - Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!!!

 

Салаф солиҳлардан бири:

“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, мен сизларнинг олий Роббингизман), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан.” - деган экан. 

 

Уламолар айтадилар:

 “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: 

“Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.

 

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: 

“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» (Мутаффифун, 1–6).

Мадиналиклар орасида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш одати бор эди. Пай­ғам­бар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи ким­салар ҳолига вой!» (Мутаффифун, 1) ояти нозил бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга оятни ўқиб бердилар ва айтдилар: “Беш нарсага беш нарса сабаб бўлади: қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ таоло уларга душманини ҳукмрон қилиб қўяди; қайси бир қавм Аллоҳ таолога бўйинсунмаса, уларда фақирлик кўпаяди; қайси қавмда фоҳишалик пайдо бўлса, уларда ўлим кўпаяди; қайси қавм ўлчов ва тарозидан урадиган бўлса, уларда қурғоқчилик бўлади; қайси қавм закотни бермаса, уларга ёмғир ёғмай қолади”.
«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! ...»
Муфассирлар айтадилар: Вой, яъни вайл, охиратда бўладиган қаттиқ азобдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Вайл дўзахдаги бир водийдир, унда йиринг оқади, унинг аҳли ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилардир...”
«Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир».

Ибн Касир тафсирида бундай дейил­ган: “Инсонлардан молни ўлчаб олганда кўпайтириб оладиган, бошқаларга ўлчаб берганда уриб қолувчи кишилар “мутаф­фиф”, яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи­дир”.
Сотувчининг ўлчов ва тарозидан уриб қолишига индамай рози бўлиб кетиш керак эмас. Балки жамиятда бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш лозим.

Уламолар: “Тарозидан кўп ва оз уриб қолишнинг азоби охиратда бир хил бўлади”, дейишган. Ҳатто баъзи олимлар, тарозидан уриб қолишни ният қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳлардан, деб ҳисоблаганлар.
Имом Мотуридий оят тафсирида айтади: “Киши ўлчанадиган молни сотиб олаётганда сотувчининг тарозидан уриб қолаётганини билиб индамаса, унга рози бўлса ё уни кечириб юборса, сотувчининг гуноҳига шерик бўлади. Чунки тарозидан, ўлчовдан уриб қолиш олувчи ё сотувчидан бирининг зарар кўраётгани учун ҳаром эмас, балки Аллоҳ таоло тарози ва ўлчовдан уриб қолишни ман қилгани учун ҳаромдир”.

Ҳазрат Али (розиял­­лоҳу анҳу) бир куни заъфарон ўлчаб сотаётган кишининг ёнидан ўтиб кетаёт­ганида, сотувчи молни харидорга оғирроқ қилиб берди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга деди: “Олдин тарозида тенг қилиб ўлчаб бер, ана ундан сўнг хоҳлаганингча қўшиб бер”. Демак, сотувчи олдин тарозини тўғри тортиб, зиммасидаги вожибни адо этиши зарур. Сўнг агар истаса, молидан бир миқдорини харидорнинг халтасига солиб, эҳсон қилиши мумкин.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотувчи олдидан ўтганларида бундай дер эканлар: “Аллоҳдан қўрқ, тўғри ўлча, чунки тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни тўхтатилади, уларнинг баданларини тер қоплайди”.
Баъзи олимлар айтишларича, нафақат ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар, балки молнинг айбини айтмай, харидорни алдаб сотувчилар ҳам “мутаффиф” ҳисобланади.

Баъзи олимлар бундай деганлар: “Уриб қолиш ўлчов, вазнда бўлгани каби намоз ва таҳоратда, сўзда ҳам бўлади. Яъни, киши таҳорат ва намоз ёки бошқа ибодатларнинг рукнларини тўла, нуқсонсиз, мукаммал бажариши лозим, акс ҳолда мутаффиф бўлади.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Намоз ҳам тарозидир (яъни, тарози каби меъёрдадир). Ким уни мукаммал адо этса, Аллоҳ унинг ажрини тўла беради, ким уни нуқсонли қилса, сизлар Аллоҳ таолонинг тарозидан уриб қолувчилар ҳақидаги сўзини эшитгансиз (яъни, тарозидан уриб қолувчиларнинг оқибати қандай бўлишини биласиз)”.

«Улар (ўлгандан ке­йин) қайта тирилув­чи эканларини ўйла­майдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) олам­лар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» Яъни, ўлчовдан уриб қолувчилар қиёмат куни қайта тирилиб, барча қилган ишлари ҳақида жавоб беришларини ўйламайдиларми?

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг “Вай­лун­лил мутоффифин” сурасини ўқиб «“Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) олам­лар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда” мазмунли оятига етганда ўқишдан тўхтаб йиғлаганлари ва ҳушдан кетганлари» ривоят қилинган.

Кундалик турмушда бўладиган савдо-сотиқда ўта эҳтиёт бўлайлик, бир-бири­мизнинг ҳақимизга хиёнат қилмайлик!

Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
имом Замахшарий, Ибн Касир ва
Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Пятница, 22 Март 2019 00:00

ИЙМОННИНГ АЛОМАТИ  

 Ривоят қилинадики: Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламўз саҳобаларига: “Қандай тонг оттирдингиз?” дедилар. Шунда улар: “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”, дейишди. У зот: “Иймонингизнинг аломати нима?” дедилар. Улар: “Балога сабр қиламиз. Мўл-кўлчиликка шукр қиламиз. Қазои қадарга рози бўламиз”, дейишди. Шунда Росулуллоҳ с.а.в.: “Каъбанинг Роббисига қасамки, сизлар ҳақиқий мўминсизлар”, дедилар. (Имом Табароний ривояти)

  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламҳам ва саҳобалар ўрталарида бўлиб ўтган ушбу мўъжаз суҳбатга эътибор беринг азизлар. Қисқа ва лўнда. Бироқ, олинадиган фойдалар бисёр.

   1) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда ўз асҳобларидан ҳол-ахвол сўрадилар:   “Қандай тонг оттирдингиз?”. Демак, эрта тонгда дўсту ёрлардан ҳол-ахвол сўраб қўйишлик бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннат экан. Хоҳ юзма-юз бўлсин, хоҳ қўнғироқ орқали бўлсин, эрта тонгда яқинларидан “Қандай тонг оттирдингиз?”, дея кўнгил сўраган кишига битта суннатни адо этган кишига бериладиган савоб берилади.

   2) Саҳобаларнинг жавобидаги гўзалликни кўринг:  “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”. Уларнинг бу жавоблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қиладиган энг яхши жавоб эди. Чунки Пайғамбаримизнинг асҳоблари ўзлари учун берилган неъматлар ичида иймондан кўра ортиқроқ нематни  билмас эдилар. Улар  бу иймон деган неъматга эга бўлишлари учун астойдил хизмат қилган зот яъни, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга бу неъматнинг хабарини  бериб, у кишининг қалбларига хурсандлик киритишни хоҳладилар. Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом учун уларнинг мўмин деган ном остида бўлишларини билишлари катта бахт эди. Шунинг учун хеч иккиланмасдан, фахр билан, “Аллоҳга иймон келтирган ҳолда тонг оттирдик”, дея жавоб бердилар. Демак, сиздан ҳол-аҳвол сўраган кишига ҳаётдан нолимасдан, энг гўзал сўзларни айтиб, уни хурсанд қиладиган жавобни бериш саҳобаларнинг ахлоқларидан экан.

   3) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймоннинг мукаммал ва тўғри бўлишлиги учун жудаям ҳарис бўлганликларига эътибор беринг. Ваҳоланки, у зот сўралган саволларига жавоб олдилар. Ўз асҳобларининг ёлғон гапирмаслигини ҳам яхши билардилар. Уларнинг мўминлигига шубҳа қилмас эдилар. Бироқ, ўз ишончларини қатъий далиллар билан тасдиқлаб, ҳеч шак-шубҳасиз ишонч билдирмоқ ниятида ҳамда қолган умматларига илм бўлиб қолишлиги учун ушбу саволни бердилар: “Иймонингизнинг аломати нима?”. Ҳар бир нарсанинг аломати бўлади. Уни танишликка, айнан ўша нарса эканлигини тасдиқлашликка сабаб бўладиган омиллар, белгилар бўлади. Худди шунингдек, мўминликни даъво қилган кишининг ҳам, қалбида иймони борлигини билдириб турадиган аломатлари бўлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз саҳобаларидан айнан шу аломатлардан баъзиларини сўрадилар. У зотнинг ушбу ишлари худди боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг ишларига ўхшайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар беради: “Эсла, Иброҳим: “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деганда, У Зот: “Ишонмадингми?” деди. У оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун”, деди. У Зот: “Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, Аллоҳ Азиз ва Ҳакийм зотдир”, деди. ( Бақара,260)  Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Ишонмадингми?”, деб сўраганида: “Оре (ишондим),  лекин қалбим хотиржам бўлиши учун”, дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларида ҳам ишончсизлик эмас, балки, айнан тасдиқни кучайтириш маъноси бор эди.

   Саҳобаларнинг жавобларига эътибор беринг:

1-аломат: “Балога сабр қиламиз”. Аллоҳ таоло нафсимизга ёқмайдиган синов ва мусибатларни юборган вақтда, жазавага тушмаймиз. Роббимиздан бу мусибатимизга ажр ва мукофот беришини сўраб дуо қиламиз ҳамда сабр қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, (Бақара,153) деган. Қолаверса, Аллоҳ таоло бандаларининг қилган ҳар бир амали учун ихлос ва муҳаббатига қараб ўнтадан етти юзтагача савоб беради. Бироқ, сабр шундай сифатки, Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандаларига берадиган ажрларини ҳисобламади. “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур”. (Зумар,10) Роббимизнинг ушбу ваъдаларига мувофиқ биз ҳам бало ва имтиҳонларга сабр қиламиз, дея жавоб бердилар.

2-аломат: “Мўл-кўлчиликка шукр қиламиз”. Чунки, Аллоҳ таоло: “...Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз”. (Бақара,172) Бошқа бир оятда эса: “...Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта сизга зиёда қилурман”, (Иброҳим,7) деган. Роббимиз бандаларига берган сон-саноқсиз неъматлари эвазига улардан ҳеч нарса сўрамаган. Муборак Каломининг жудаям кўп жойларида фақатгина “Шоядки, шукр қилсаларингиз...” дея ўз неъматларини эслатган холос. Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз неъматларини эътироф қилган ҳолда У Зотга шукр қиламиз, дейишди.

3-аломат: “Қазои қадарга рози бўламиз”. Яъни, Аллоҳ таоло бизга мусибат берган пайтда ҳам, неъмат берган пайтда ҳам, ҳаётимизда қандай ҳодисаларга дуч келишимиздан қатъий назар Роббимизга ношукрлик қилмаймиз, У Зотнинг тақсимотига норозилик билдирмаймиз. Бизга берган ҳар бир кунини ё жазо ва ё мукофот, ё бало ва ё синов дея қабул қиламиз, дедилар.

   Саҳобаларидан ушбу жавобларни эшитгандан сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъбанинг Роббисига қасамки, сизлар ҳақиқий мўминсизлар”,  дедилар. Ҳар бир сўзи рост бўлган, ҳар бир тасдиғи ҳужжат бўлган зот Аллоҳни номига қасам ичиб, ушбу саҳобаларнинг ҳақиқий мўмин эканлигини тасдиқламоқдалар.

   Ҳа, азизлар, бу бежиз эмас, албатта. Саҳобалар ҳужжат қилган бу уч сифат иймоннинг энг катта аломатлари эди. Чунки, бу дунёдаги жамики разиллик ва жиноятлар, Аллоҳ таолога қилинадиган маъсият ва гуноҳлар, инсонларнинг ўртасида келиб чиқадиган барча зиддиятлар айнан мана шу уч сифатнинг йўқолиб кетаётганидан келиб чиқмоқда.

   Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз мўминликни даъво қиламиз. Демак, биз ҳам иймонимиз борлигини мана шу уч гўзал сифат орқали исботлаб қўяйлик.

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек.

Уйланамиз, аммо севмаймиз.

Фарзанд кўриб кўпайишамиз, аммо уларни тарбия қилмаймиз.

Мактаб, олийгоҳ қурамиз, аммо илм олмаймиз.

Намоз ўқиймиз, аммо тақво қилмаймиз.

Меҳнат қиламиз, аммо ишимизни пухта қилиб бажармаймиз.

Гапирамиз, бироқ доим ҳам рост гап айтавермаймиз.

*****

Биз жоҳилликни йўқотмоқчимиз, жоҳилни эмас.

Биз аҳмоқликни йўқотмоқчимиз, аҳмоқни эмас.

Биз бидъат-хурофотларни йўқотмоқчимиз, унга ишонувчиларни эмас.

Биз хато ишларни йўқотмоқчимиз, хатокорларни эмас.

Биз касалликларни йўқотмоқчимиз, касални эмас.

*****

Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бойликларидан ажралиб, фақир бўлиб қолганларида, одамлар “Аҳволингиз шундай бўлишининг сабаби нима деб ўйлайсиз?” деб сўрашганда, у киши: “Бунинг сабаби гуноҳ. Бир кишини “Ҳой фақир” деб чақиргандим. Шу гуноҳимнинг уқубатини қирқ йилдан бери кутаётгандим” деб жавоб бердилар.

*****

Қачон сен ҳақиқий эркак бўлсанг, шунда аёлинг ҳам чинакам аёл бўлади.

Қачон сен подшоҳ бўлсанг, шунда аёлинг малика бўлади.

Қачон сен мадраса бўлсанг, шунда аёлинг иқтидорли ўқувчинг бўлади.

Қачон сен ҳамиятли, рашкли бўлсанг, шунда аёлинг иффатли ва ҳаёли бўлади.

Ўзинг ҳеч нарса бўла туриб, аёлингдан ҳамма нарса бўлишини талаб қилма!

Аёл шундай хилқатки, унга инфоқ қилганингда, қорни тўйиб, сени дуо қилади.

Аёл шундай хилқатки, агар йиғласанг, бошингни кўксига қўйиб, сенга тасалли беради.

Аёл шундай хилқатки, агар уни севсанг, унинг қалбидан жой оласан.

Аёл омонат бўлиб, эъзоз ва ҳимоя учун яратилгандир.

Аёл инсон шахсияти шаклланадиган илк мадрасадир.

*****

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан бугун, 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим амал қилади.

Иш юзасидан келадиган БАА фуқароларига бир йиллик кўп марталик визалар Ўзбекистоннинг чет элдаги муассасаларида 3 иш кунида расмийлаштирилади. Бунда Ўзбекистондаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиш талаби бекор қилинган.

Ушбу Фармондан сўнг фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кира олиши мумкин бўлган мамлакатлар сони 46 тага етди.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев март ойи охирида БААга расмий ташриф билан бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top