muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 22 Сентябрь 2022 00:00

Экстремизм исломга ёт тушунча

XX-асрнинг охирларига келиб дунёдаги кўплаб халқларнинг истилоҳида экстремизм деган атама пайдо бўлди. Минг афсуски, айниқса бу атамани дин билан, хусусан Ислом дини билан боғлаб тилга олиш одатга айланди. Хўш, экстремизм ўзи нима? Уни Ислом билан боғлашнинг замирида қандай сабаблар ва мақсадлар ётибди?

Маълумки, экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, ундан фойдаланувчи шахслар ёки ташкилотлар ўзларига мансуб бўлган тарафдорларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятидир. Шу каби тажовузкор ҳаракатлар гарчи экстремизм деган ном билан аталмасада, тарихда турли номларда кўп маротаба кузатилган.

Ўтган асрда кўплаб мусулмон халқларнинг исломнинг асл моҳияти ҳақидаги маълумотлардан узоқлашиши унинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларидан бебаҳра қолишига олиб келди. Мустақиллик туфайли диний эркинликка эришган халқимизнинг динга бўлган қизиқиши ортиб борди. Айни шундай паллада соф диний билимларнинг етарли эмаслиги ҳамда турли ташқи кучларнинг ғаразли таъсири туфайли динни нотўғри талқин қилиш, сиёсий мақсадларга динни ниқоб қилган ҳолда интилиш ҳоллари авж олди. Бу ҳаракатлар аксар ҳолда экстремистик ҳарактерда намоён бўлиб бориши “диний экстремизм” тушунчасининг кенг қўлланишига замин бўлди.

Экстремистик кайфиятдаги шахс диндан дунёвий давлатга қарши курашда фойдаланади. Унга кўра, гўё ҳозирги кундаги барча мусулмонлар исломий моҳиятини йўқотганлар ва жоҳилият асрида яшамоқдалар. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиш учун гўёки асос бўлиб хизмат қилади. Ўзидан бошқани “ҳақиқий мусулмон” санамайдиган экстремистлар ҳокимиятга келиш ва “исломий тартиб”ни қарор топтиришнинг ягона йўли кескинликни келтириб чиқариш ва жангарилик йўли билан ҳукуматни босиб олиш лозим деб ҳисоблайди.

Аслида эса экстремизм ғоя тарафдорларининг асосий мақсади диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш ва иқтисодий инқирозни юзага келтиришдир. Бу йўлда улар ҳар қандай разиллик ва жиноятлардан тап тортмайди.

Ҳозирги кунга қадар турли номдаги экстремистик ташкилотлар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоот, мактаб, масжид ёҳуд бошқа бир ижтимоий объект бунёд қилингани ҳақида эшитилмаган. Бунинг акси ўлароқ, улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоотлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлган.

Айни шу каби ҳолатлар, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига, унинг пок номини экстремизм каби разил иллатга билан бирга тилга олинишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Ислом зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 – ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.

Бундан ташқари, экстремистик кайфиятдаги шахс, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан тоқатсиз ва муросасизлигини намоён қилади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким аҳли зиммадан бир кишининг ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар”, деган ва “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” деган ҳадисларининг ўзи бу масалада кифоя қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ақлли ҳар бир инсон динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини яхши билади. Шулардан келиб чиққан ҳолда тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, экстремист ва террорчилар қилаётган ишларининг покиза ислом динига асло алоқаси йўқдир!

Эргашали Рустамов,

Чилонзор туман бош имоми

Четверг, 22 Сентябрь 2022 00:00

Қайноналик ҳам илмдир

Кекса бир онахондан: “Устозингиз ким?”,  деб сўралганида, онахон: “Аллоҳ раҳмат қилсин, қайнона ойимлар”, деб жавоб бердилар.

Ҳар бир аёлга келинларига устозлик қилиш бахти насиб этсин. Бу жуда улкан мартаба. Бунга етишишнинг ўзига яраша машаққатлари борки, унга фақат сабр-қаноат билан эришиш мумкин.

Аммо орамизда “Келинга бошидан қаттиқ туриш керак”, “Келин ҳеч қачон қиз бўлмайди”, “Келин келса, ўғил ҳам айнийди” кабиларни айтадиганлар ҳам бой.

Сиз эса битта болангиз иккита бўлганидан қувонинг. Келинингиз билан бирга  оилангизга зурриётлар қўшилишини тасаввур қилинг. Остонангиздан келин деган номга муносиб бўлишни ният қилиб кириб келган бу нозик хилқатни она бўлиб қабул қилинг.

Ҳамма оналар ҳам “Ўғлимни бошини иккита қиламан, келин тушираман” деб, ўзи киймаса ҳам,  сандиққа сарполар йиғади. Минг бир розилик билан сандиққа сарполар солганда юраги бир энтикиб, бўлғуси келинини ширин орзулар билан тасаввур қилади.

Аммо қайноналикка етиб, баъзи оналаримиз ширин орзуларини четга суриб, фарзандлари бахтига раҳна солаётганларини сезишмайди. Баъзи оналаримиз ўғилларини келинга меҳрибонлигини кўриб ичлари титрайди. Гўё келини боласини тортиб олаётгандек, ўғли билан келинини суҳбатини пойлайдиган оналар ҳам бор. Буни қандай тушуниш мумкин?!

Янги оила – бу янги ўтқазилган кўчат демакдир. Ниҳолни бўй чўзиб,  кўкариб кетиши учун зийрак боғбоннинг парвариши лозим. Сиз билан биз зийрак боғбон бўлайликки, биз тутган йўллар оқибатида боғларимиз пайҳон бўлмасин.

Келинингиз эрталаб тура олмапти, дарров хулоса чиқаришга шошилманг. Қизингиз ухлаб қолса, “Чарчагандир, бир оз дам олсин” дейсиз-у,  келинингиз барвақт турмаса, “Яна ухлаб қолипти”, деб жаҳл отига минасиз.

Илгари қайноналар Аллоҳдан қўрққанлари учун ҳам келиннинг ишидан айб топмасдан, аксинча, тарбиялаб олижаноб келинга айлантиришга ҳаракат қилишган. Келиннинг онаси ҳам қизим бировнинг хонадонига борганда қийналмасин, деб рўзғорнинг икир-чикиригача ўргатишган. Ҳозирда эса оналаримиз “Қизим ўқишдан келди, ишлаб келди” деб, ҳамма юмушни ўзлари бажаришади. Оқибатда қиз бошқа хонадонга келин бўлиб борганида турмушнинг илк  кунлариданоқ уқувсизлиги билиниб қолади.  Агар келиннинг қайнонаси диёнатли бўлса, қаноат билан тарбиялаб йўриғига солиб олади, аммо диёнатсиз қайнона бўлса, 2-3 ойда кўч-кўрони билан онасиникига қайтариб юборади.

Келинини мақтаган қайнонанинг келини эмас, аввало ўзи яхшидир. Янги жой, янги рўзғор, янги феълли инсонлар. Келин ўрганиб кетгунича албатта, камчилиги бўлади. Қайнона келиннинг хатосини яшириб, яхшисини оширяптими, албатта келин қиз ўрнида бўлғуси, иншааллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Ҳар бир амал ниятга боғлиқ”, деганлар. Яхши қайнона бўлиш  учун ёш ёки кекса бўлиши, ўқиган ёки кўп туққан бўлиши шарт эмас. У аёлнинг аслига, имонига, феълига ва албатта ниятига боғлиқ бўлади.

Келинини доим мақтайдиган бир онахон билан ҳаёт тажрибалари ҳақида суҳатлашганимда: “Мен ният қилганман, келинимни қиздек кўраман, деб. Мен келинимга она бўлолсам, у ҳам менга қиз бўлади”.  Тўйдан олдин, келиним билан учрашиб, оилада кўпчилик эканимизни тушунтириб, хонадонимизнинг азалий урфлари ҳақида суҳбатлашганман. Ҳозирги вақтда келиним нафақат менинг, балки барчанинг меҳрини қозонган. Келиним хасталаниб қолса, албатта қизимга қандай қарасам, шундай парвариш қилишга харакат қиламан. Бир-икки кун уй юмушларини ўзим қиламан. Бу мен учун саломатлик бўлса, келинимга соғлигини тиклаш олиш учун бир оз ҳордиқ бўлади. Буни ҳамма қилиши мумкин. Бунинг учун бир инсоннинг қалбини оғритиш гуноҳ эканлигини, қилаётган амалларимизни эса савоб деб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8 оят).

Аллоҳ таоло ато этган ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми – сўраласиз. Каттаю-кичик ҳар бир неъмат тўғрисида сўралиш ҳисси ҳар бир имонли инсонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина масъулият ҳисси ортади. Қайнона учун ҳам келин Яратганннинг неъмати. Келин келиб бағримиз тўлса, қўлимиздан ишимизни олиб, оғиримизни енгил қилиб турибдими, албатта келинимиз ҳаққига дуоларимизни дариғ тутмайлик.

Доим ёдимизда сақлашимиз керак бўлган ҳақиқат. Сиз  келинингизни кўнглига қараб, қилган хизматлари учун  дуо қиляпсизми, билингки бошқа бир хонадонда сизнинг ҳам қизингиз дуоларга кўмилиб юрибди.

“Она  бўламан” деб, ният қилдингизми, Аллоҳ ниятингизга яраша шафқат, меҳр эшигини очади. Келинингизга ёққанингиз ўз фарзандингизга ёққанингиздан кўра гаштлироқ.

Дугонажон, яна бир  истагим, зинҳор-базинҳор келинингизданми, ўғлингизданми ранжиб “Болангдан қайтсин” деб юборманг. Халқимизда  мақол бор - “Шохига урсанг, туёғи зирқирайди”. Набирангиз бадфеъл бўлса, ота-онасига қўшилиб сиз ҳам сиқиласиз. Феълимизни кенгроқ қилайлик, кечиримли бўлайлик. Келинингизни суйганингиз сари Аллоҳ таоло  қувончли кунларингизни  кўпайтираверади. Аллоҳ  барчамизни ҳидоят йўлида қилсин! 

Мунира Абубакирова

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

10 йил олдин зилзила оқибатида деярли вайрон қилинган япон шаҳрида маҳаллий балиқ овлаш саноатида ишлайдиган йирик мусулмон жамоаси учун масжид қурилди, дея хабар беради Asahi нашри.
Мияги префектурасидаги Исиномаки шаҳри 2011 йилда зилзила натижасида деярли бутунлай вайрон бўлган. Йиллар ўтиб, ҳаёт аста-секин ўз ҳолига қайтмоқда ва минтақада ривожланаётган балиқ овлаш саноати Индонезия ва Бангладеш каби мусулмон мамлакатларидан ишчиларни жалб қилмоқда.
Масжиднинг қурилиши июль ойида якунланди ва энди юзлаб хорижий ишчилар жума кунлари Аллоҳнинг янги уйида жамоавий ибодат қилиш учун келишади.
Масжид ўз маблағлари ҳисобига қурилиш бизнесига эга бўлган бангладешлик тадбиркор томонидан қурилган. Тадбиркорга кўра, у японияликларнинг мусулмонларга нисбатан нохолис муносабатидан хавотирда бўлган, бироқ шаҳар маъмурияти ва аҳоли билан мулоқот қилгач, лойиҳани амалга ошира олишига ишонч ҳосил қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 22 Сентябрь 2022 00:00

Мутаассиблар жинояти

"Мулоҳаза қилиб кўрсам ҳиндлар доҳийси Гандини ҳинду динидаги мутаассиб ўлдирган экан.

1967 йил ўз миллатига буюк ғалаба тақдим қилиб, Фаластин ери ҳисобидан Исроил чегарасини икки баробар кенгайтирган Исҳоқ Рабинни яҳудий динидаги мутаассиб қатл қилган экан.

Исломий курашлар баҳодири Али ибн Абу Толиб розиёллоҳу анҳуни мутаассиб хавориж мусулмон ўлдирган экан.

Дунёда диннинг руҳини йўқотиб қўйганлар бор. Улар кўпроқ диннинг кийимларига, белги-аломатларига эътибор беришади. Сўнгра уни жамият томонга тортишади. Улар поклашни эмас, айблашни жойига қўйишади. Қуришни эмас, бузишни ўрнига қўйишади.

Динни биладиганлар ва унга даъват қиладиганлардан уни чиройли тушунтириш ва тарбияни чиройли қилиш талаб қилинади. Юзага эмас, ботинга эътибор беришимиз керак. Либосга эмас, қалбга аҳамият қаратишимиз лозим!".

Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳнинг "Аччиқ ҳақиқат" китобидан.

Н. Имамов.

Ўтган мавзуларда ҳадисларни сақлаш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари томонидан йўлга қўйилган турли услубларни ўрганиб чиқдик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳадисларни ёзиб олиш уларни сақлашнинг ягона усули бўлмаса-да, аммо бу жараён ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган.

Ҳадисларни тўплаш борасида саҳобаларнинг уринишларига назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг тўрт улуғ халифалари вақтларида минглаб ҳадисларнинг ёзилганини кўришимиз мумкин.

Навбатдаги мавзуларда айнан шу эрта даврда энг машҳур бўлган ҳадис тўпламларининг тавсифи ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Бу маълумотлар ҳеч бўлмаганда ҳадислар дастлабки уч аср мобайнида тўпланмаган деган нотўғри тасаввурни рад этади.

 

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ БУЙРУҚЛАРИГА БИНОАН ЁЗИЛГАН ҲАДИСЛАР

Аввало шу ҳақиқатни англаб олишим керакки, кўпгина ҳадислар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан ёздирилган ва ёзилган ҳолатда сақланилишига буюрилган. Уни қуйидагилар орқали билиш мумкин:

Садақа (закот) китоби

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам закот борасидаги шаръий ҳукмларни ўзида жамлаган, закот чиқарилиши керак бўлган турли мол-мулклар билан боғлиқ бўлган закот нисоби ва унинг закот чиқариш миқдорларини белгилаб берган мукаммал ҳужжатлар ёздирдилар. Бу ҳужжат “Китобу-с-садақа” (Садақа китоби) дея номланган.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар бундай дейди: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Садақа (закот) китобини ёздирдилар ва уни вафот этадиган вақтларида волийларга юбордилар. У Зот буларни қиличига осиб қўйган эди. У зотнинг вафотларидан зўнг Абу Бакр ҳам вафотларига қадар бунга амал қилди. Сўнгра Умар ҳам ўлимига қадар бунга кўра иш тутди. Бу китобда қуйидагилар қайт этилган эди: Беш туядан бир эчки олинади…. ”

Бу ҳужжатнинг матни “Сунан Абу Довуд” китобида келтирилган. Машҳур муҳадддис Имом Зуҳрий бу ҳужжатни ўқувчиларига ўргатар эди. У бундай ёзади: “Бу закот аҳкомлари ҳақидаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ёздирилган ҳужжат матни бўлиб, Ҳазрат Умарнинг фарзандларидан топилган асл қўлёзмадир. Бу матнни менга Ҳазрат Умарнинг набираси Салим таълим берди ва мен уни ўргандим. Умар ибн Абдулазиз бу матннинг бир нусхасини Ҳазрат Умарнинг набиралари Салим ва Абдуллоҳдан олган эди. Худди шу матннинг бир нусхасидан менда ҳам бор”.

Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳунинг нусхаси. Ҳижрий 10 йили Нажрон мусулмонлар томонидан фатҳ қилингандан сўнг, Амр ибн Ҳазм Яман вилоятининг волийси этиб тайинланди. Шу вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга муфассал бир мактуб ёздириб, уни Амр ибн Ҳазмга бердилар. Бу мактуб баъзи бир умумий тавсиялар билан бирга таҳорат, намоз, закот, ушр, ҳаж, умра, жиҳод, ўлжалар, солиқлар, ҳун (қон) ҳаққи, бошқарув, таълим-тарбия каби мавзулардаги шаръий ҳукмларни ўз ичига олган эди.

Амр ибн Ҳазм Яман волийси сифатидаги ўз вазифаларини ушбу мактуб асосида бажарди. Унинг вафотидан сўнг ушбу ҳужжат унинг набираси Абу Бакрда қолди. Имом Зуҳрий ундан ўрганиб, бир нусха кўчириб олди, талабаларига ундан таълим берди.

 

БОШҚА ҲУКМДОРЛАРГА ЁЗМА КЎРСАТМАЛАР

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини турли вилоятларга волий ёки қози қилиб тайинлаганларида, уларга ўз вазифаларини адо этишда бажарилиши керак бўлган кўрсатмалари акс этган ҳужжатларни ёздириб берардилар.

Абу Ҳурайра ва Аъла ибн Ҳазрамийни Ҳажар зардуштийларига элчи этиб тайинлаганларида, уларга закот ва ушр ҳақидаги шаръий ҳукмларни ўз ичига олган кўрсатмалар ёздириб берганлар.

Худди шунингдек, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу (ваф.18/639) ва Молик ибн Мурараҳларни Яманга юбораётганларида уларга ҳам шаръий ҳукмларни ўз ичига олган ҳужжат ёздириб берганлар.

 

ҚАБИЛА ВАКИЛЛАРИГА ЁЗМА КЎРСАТМА

Мадинадан олис масофаларда жойлашган ўлкаларда яшовчи машҳур араб қабилалари Ислом дини қабул қилгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз вакилларини юборишар эди. Бу вакиллар Мадинада бир муддат қолиб, Ислом таълимотларини, Қуръон тиловатини ўрганишар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тинглашарди. Қавмларига қайтаётган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари ва қабилалари учун баъзи таълимотларни ёзиб беришларини илтимос қилишарди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам уларга энг муҳим бўлган шаръий ҳукумларни ёздириб берар эдилар.

  1. Воил ибн Ҳужр Ямандан келган ва ўз қавмига қайтишдан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

اكتب لي إلى قومي كتابا

“Менга қавмим учун бир мактуб ёзиб беринг”, деб илтимос қилди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовия розияллоҳу анҳуга уч дона ҳужжат ёздирдилар. Уларнинг биттаси Воил ибн Ҳужрнинг шахсий муаммоларига бағишланган эди, қолган иккитаси эса намоз, закот, ҳаром қилинган ичимликлар ичиш, судхўрлик ва бошқа айрим масалалар билан боғлиқ умумий қоидаларни қамраб олганди.

  1. Абдулқайс қабиласидан бўлган Мункиз ибн Ҳайян Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Исломни қабул қилди. Қабиласига қайтаётганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир ҳужжат бердилар. Уйига қайтганида уни хеч кимга кўрсатмади. Унинг даъвати билан қайнотаси мусулмон бўлгандан сўнг, бу ҳужжатларни унга берди ва уларни қабиласига ўқиб бергач инсонлар Исломни қабул қила бошлашди.

Ушбу ҳадиснинг батафсил тафсилотларини Имом Буҳорий ва Имом Муслим китобларидан топиш мумкин.

  1. Ғомид қабиласидан бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуларига келиб Исломни қабул қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон таълим бериш учун Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни юбордилар. Убай розияллоҳу анҳу айтади:

و كتب لهم رسول الله ﷺ كتابا فيه شرائع الإسلام

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Исломнинг шаърий ҳукмларини ифода этган бир мактуб ёздириб бердилар"[1].

  1. Хасьам қабиласи вакиллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келишди. Бу ҳақда Ибн Саъд турли ишончли ровийларга асосланиб бундай маълум қилади:

فقالوا آمنا بالله و رسوله و ما جاء من عند الله فاكتب لنا كتابا نتبع ما فيه فكتب لهم كتابا شهد فيه جرير بن عبد الله و من حضر

“Улар: “Биз Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамда Аллоҳдан келган (нарса)ларга иймон келдирдик. Бир ҳужжат ёзиб берсангиз, ундаги ёзилган нарсаларга эргашар эдик, дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун бир ҳужжат ёздирдилар. Бунга Жарир ибн Абдуллоҳ ва ўша ерда ҳозир бўлганлар гувоҳ бўлишди”.

  1. Сумала ва Ҳуддан қабилалари вакиллари Макка фатҳидан сўнг келдилар. Исломни қабул қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун закот билан боғлиқ бўлган таълимотларни ўз ичига олган бир ҳужжат ёздириб бердилар. Ҳужжатни Собит ибн Қайс ёзди ва Саъд ибн Убода билан Муҳаммад ибн Муслим гувоҳ бўлдилар.
  2. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Эслам қабиласи вакиллари учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб турган ҳужжатни ёзди. Бунга Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Умар ибн Ҳаттоб гувоҳ бўлдилар.

Албатта, бу айрим қисқа мисоллардир, холос. Бунга ўхшаш мисолларга бағишланган алоҳида (Ибн Саъднинг "Табоқат" номли китоби сингари) китоблар ёзилган.

Юқоридаги мисоллардан Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина исломнинг умумий ҳукмлари баён этилган ҳужжатларни ёздирганларини кўриш мумкин. У зот бошқа ҳолатлар билан боғлиқ ҳужжатлар ҳам ёздирганлар. Бу мавзудаги ҳужжатларнинг кўплиги сабабли уларнинг барчасини қисқа бир бобда ёритишнинг имкони йўқ. Бу ҳужжатларнинг ҳаммаси Суннатнинг бир қисмини ташкил қилади ва улардан Исломнинг аксарият ҳукмлари олинган.

Қисқача қилиб айтганда, биз фақат доктор Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг "Ал-Васаиқ ас-Сиёсийя" номли тадқиқотига мурожаат қилдик, унда жуда кўп сонли ҳужжатлар тўплаган.

 

[1] Ибн Саъд. Табақот. Ж.1. – Б. 34.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм, 15-қисм, Давоми бор...

Видеолавҳалар

Top