muslim.uz

muslim.uz

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитининг фахрий меҳмони –Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Қуръон оятлари тиловат қилинди.

Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистон Республикаси тараққиёти йўлида амалга оширган хизматлари ёдга олинди.

ЎзА

Шу йилнинг 16–17-сентябрь кунлари Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Ecobozor” савдо мажмуасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар IV Республика савдо ярмаркаси ўтказилади.

Ушбу тадбир ногиронлиги бўлган шахсларнитомонидан 2018-йилдан буён Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.

Ярмаркада турли хил буюм ва маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланадиган, бироқ уларни сотишда қийинчиликларга учраётган ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотлар сотилади.

Барчани ярмаркада фаол иштирок этишга, ўзгалар парваришига муҳтож ва турмушда қийналаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшишга чақирамиз! Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, деганлар.

Бобохон Бобохонов

Тошкент ислом институти Модуль таълим шакли талабаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун бугун Самарқандга келган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ўзбекистонинг Биринчи Президенти ҳақига қуръон тиловат қилинди.

С.Бердимуҳамедовга мазкур мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.

ЎзА

Четверг, 15 Сентябрь 2022 00:00

Дунёнинг нигоҳи Самарқандга қадалди

“Самарқанд сайқали рўйи замин аст, бибинки равзаи ризвон ҳамин аст” (Самарқанд Ер юзининг сайқали, буюкликнинг бешиги шунда, бағрига боқ: ризвон боғларининг эшиги шунда), деган сатрлар бежиз битилмаган. Бу юртнинг мафтункор манзараларидан таъсирланиб, сўнг қаламга олинган.

Ҳақиқатан, бундан олти аср муқаддам, аниқроғи, Амир Темур ҳукдорлиги даврида Самарқанд бутун дуёнинг диққату эътиборида бўлган эди.  Бугун ҳам Шарқ гавҳари Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари, элчилар, дипломатлар, сиёсатшунослар, журналистлар диққат марказида. Жаҳон матбуотининг нигоҳи айнан Самарқандга қаратилган.

14–16 сентябрь кунлари Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон республикалари асосий иштирокчи, Беларус, Мўғулистон ва Эрон кузатувчи давлат мақомида, Туркманистон Озарбайжон ва Туркия давлатлари етакчилари меҳмон сифатида иштирок этаётгани саммитнинг нақадар муҳим тадбир эканини яққол ифода этади.

Тадбир арафасида муҳатарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Бу мақола дунё матбуотида кенг ёритилди.

Давлатимиз раҳбари “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир”, дея таъкидлади мақоласида.

Дарҳақиқат, бугун бутун дунёга тинчлик зарур. Тинчлик эса, табиийки, ўзаро ҳамкорлик, томонлар манфаатларини ҳисобга олиш, ўзаро ҳурмат туфайли юзага келади. Муқаддас динимизда ҳам тинчлик ва ҳамкорликка алоҳида урғу берилган.

Тинчлик Аллоҳ таолонинг шундай тотли неъматики, у бўлмаса, одамлардан ҳузур-ҳаловат, хонадонлардан барака, оилалардан қут, жамиятдан меҳр, юртдан маъмурлик, Ер юзидан файз кўтарилади. Дунё рангсиз, жилосиз, нурсиз ва зиёсиз бўлиб қолади.

Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят), деб марҳамат қилмаган.

Муфассирлар ояти каримадаги “силм” сўзини турлича тафсир қилишган.  Ибн Аббос, Мужоҳид ва Товус раҳимаҳумуллоҳ “силм” сўзига “Ислом” деб маъно беришган. Имом Заҳҳок, Абул Олия ва Рабиъ ибн Анас раҳимаҳумаллоҳ “итоат” эканини таъкидлайди. Зеро, “Ислом”нинг маъноларидан бири итоат, бўйсунишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда нафақат уруш, балки ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш қатъиян ман этилади. Қуръони каримда инсонлар тинчини бузган кимсалар ҳақида бундай дейилади: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11–12-оятлар); «(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят).

Мусулмон киши ҳар доим огоҳ ва ҳушёр бўлиши зарур. Айниқса, бугун дунё кўздаги ҳалқаланган бир томчи ёшдек омонат турган пайтда кўзимизни каттароқ очишимиз, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, ғараз ниятли кишиларнинг тузоғига асло илинмаслигимиз керак.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.

Аллоҳ таоло бандаларига ёппасига тинчликка кириш, бахтли яшаш ва абадий саодатга эришишлари учун зарур бўлган барча йўл-йўриқларни таълим берган. Тинчлик, аввало, ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага кўчади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, у мустаҳкам ҳамда бардавом бўлади. Динимизда оиланинг тинчлиги учун ҳам зарур бўлган барча чора-тадбирлар кўрилган. Оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйга, кейин жамиятга, сўнг давлатга ўтади.

Бутун дунёда тинчлик ўрнашса, қалблар таскин топиб, кишилар ўртасида аҳил-иноқлик, меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Шунда барча инсонлар тинч-тотув ҳаёт кечиради.

Шуларни инобатга олиб, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда тўпланиши ва муҳим масалаларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар чиқариши, албатта, барчага бирдай манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top