muslim.uz

muslim.uz

Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни кўпинча фақат савоб умидида ўқиша­ди. Аслида Қуръони карим тиловатининг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп.

Ҳар ким Қуръони каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар ким ниятига яраша олади...” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим ҳаётимиз дастури, умримиз мазмуни, охиратимиз учун савоблар манбаидир. Шу нуқтаи назардан Қуръон ўқиш арафасида эзгу ният қилиш жуда фа­зилатлидир. .

Қуръон ўқиш ниятида ушбу тавсияларга эътибор қилинг:

1) Қуръонни илм ва амал ниятида ўқинг;

2) Қуръонни Аллоҳдан ўзингизни, зурриётингизни ва аҳли байтингизни ҳидоят этишини ният қилиб ўқинг;

3) Қуръонни Аллоҳ таолога муножот ниятида ўқинг;

4) Қуръонни зоҳирий ва ботиний касаллик­ларга шифо ниятида ўқинг;

5) Қуръонни Аллоҳ таоло зулматдан нурга чиқаришини ният қилган ҳолда ўқинг;

6) Қуръонни қотган қалбларни юмшатувчи, кўнгилларга ором берувчи, васвасаларга қўрғон бўлувчи илоҳий калом эканини ният қилиб ўқинг;

7) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингиздан ҳасадни бартараф этиш, назар-нафасдан паноҳ тилаш мақсадида ўқинг;

8) Қуръонни ғофиллардан эмас, зокирлардан бўлиш ниятида ўқинг;

9) Қуръонни имонда собит, Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида ўқинг;

10) Қуръонни Аллоҳнинг амрларига қатъий риоя қилиш ва бу борада ўрнак бўлиш мақсадида ўқинг.

Т. НИЗОМ тайёрлади.

Пятница, 10 Июнь 2022 00:00

Салафийлик (аудио)

Фатво маркази бош мутахассиси

Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров

Шу йил 9 июнь куни Қоҳира шаҳрида ўтказилган халқаро анжумандан сўнг муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бир гуруҳ ватандошлар ва талабалар билан учрашдилар.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу мулоқотда Муфтий ҳазратлари ватандошлар ва талабалар билан самимий суҳбат қилиб, юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар.


Муфтий ҳазратлари сўзлари аввалида ҳар бир инсоннинг қалбидаги Ватанга бўлган муҳаббати уни доимо юртига талпиниб яшашга чорлаши ҳамда туғилган гўшаси, ота-онаси ва фарзанду аржумандларини соғинишга ундашини таъкидладилар. Расул алайҳиссалом, саҳобаи икромлар ва улуғ зотлар ҳам она юртга ўзгача муносабатда бўлганларини тарихий мисоллар орқали баён этдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлар идораси хорижда яшаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш шунингдек, меҳнат муҳожирлари эътиқодларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар қилинаётганини жонли мисоллар орқали етказдилар. Жумладан:


• ўтган Рамазон ойида 12 нафар ўзбекистонлик уламо АҚШдаги ватандошлар билан муборак ибодатларни бирга адо этиш баробарида маънавий-маърифий суҳбатлар орқали уларнинг руҳий оламини бойитишгани;
• Европа, Россия, МДҲ ва қўшни давлатлардаги ватандошлар билан ўзбекистонлик имом-домлалар доимий учрашувлар ташкил этиб келинаётганлари;
• Мисрда ўтказилган халқаро анжуманда эътироф этилган, Сурия ва Афғонистондаги уруш ўчоқларидан 500 дан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилиши, уларга кўрсатилган эътибор;
• Украинадаги қалтис воқеалардан сўнг 6 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилгани ва уларнинг ишлашлари ҳамда ўқишни давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар берилганини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасида жуда катта хайрли ишлар бўлаётгани, хусусан мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини тўла қондиришга катта саъй-ҳаракат қилинаётганини айтиб, Мисрда таҳсил олаётган аҳли илмлар юртимизда фаолият олиб бораётган Қуръони карим ва тажвид курслари каби йўналишларга керак бўлишини таъкидладилар.


Ўзга юртда яшаш, ишлаш ва ўқиш осон эмаслигини Муфтий ҳазратлари таъкидлаб, ватандошларга ўзлари яшаб турган давлат қонунлари ва тартибларига жиддий риоя қилиш лозимлигини, акс ҳолда турли ташвишли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини тушунтирдилар. Шунингдек, ватандошлар мусофир юртларда туғилиб ўсаётган фарзандларини ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялашлари зарурлигини уқтирдилар.
Мулоқотда ватандошлар вакиллари сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан дин соҳасидаги ўзгаришлардан жуда ҳам саодатли эканларини билдириб, бундай хайрли ишлар бардавом бўлишини тиладилар.
Шунингдек, Қоҳира шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда Муфтий ҳазратларининг соғлом эътиқодни асраш, мўътадиллик ва Ислом маърифатини тўғри етказиш борасидаги чиқишлари ҳамда амалий таклифлари барчага манзур бўлганини билдирди.


Ўз навбатида Мисрда мусофирчиликда бўлган ватандошларимиз ушбу учрашув учун миннатдорлик билдириб, файзли суҳбат Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлгани, айниқса, шу каби ташрифлар улар учун фойдали бўлиши, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошириш йўлида хизмат қилишларини маълум қилдилар.
Муфтий ҳазратлари учрашув якунида Ҳақ таолодан, барча ватандошларга, иш ёки ўқиш билан Мисрда юрганларга сиҳат-саломатлик, омад ва муваффақиятлар тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кўпчилик кишилар "Роббисига йўлиқиш" иборасини нотўғри тушунадилар. Яъни Роббисига йўлиқиш фақат ўлгандан кейин содир бўлади, деб ўйлайдилар.

Аслидачи? Аслида, намоз ўқиш ҳам Парвардигор билан мулоқот ҳисобланади. Унга муножот қилиш ҳам, зикру тасбиҳ айтиш ҳам, Унинг неъматлари устида тафаккур қилиш ҳам, садақа бериш, Қуръон ўқиш, одамларга меҳр улашиш, илм ўқиш, уламолар билан ўтириш, тунда қоим бўлиш, беморни зиёратига бориш ҳам Парвардигорга йўлиқиш, У билан мулоқот қилишнинг кўринишларидан саналади.

Силаи раҳм, ота-онага яхшилик қилиш, мусулмонларнинг оғирини енгил қилиш Парвардигорга йўлиқишнинг энг олий кўринишларидир.
Демак, биз Роббимизга йўлиқиш фурсатларини нақадар кўп эканлигини энди англадикми?

Аллоҳ таоло Каломи Шарифида бундай марҳамат қилади:
فَمَنۡ كَانَ يَرۡجُوۡالِقَآءَ رَبِّهٖ فَلۡيَـعۡمَلۡ عَمَلًا صَالِحًـاوَّلَايُشۡرِكۡ بِعِبَادَةِ رَبِّهٖۤ اَحَدًا
"Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин" (Каҳф сураси, 110-оят).

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Хусниддин ЖЎРАЕВ
Мирзаобод тумани "Занги ота " жоме масжиди имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top