muslim.uz

muslim.uz

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан маърифий тадбир ўтказилди. Унда матбуот, телевидение, радио, интернет сайтлари ходимлари, блогерлар ҳамда Диний идоранинг ҳудудий вакиллари Матбуот хизмати ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.

Йиғилган ҳамкор ОАВ ходимлари, журналистлар, интернет сайтлари муҳаррирларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг қутловлари етказилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Фатво маркази уламоси Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов сўз олиб, ижод аҳлини муборакбод этиб, Ҳақ таолодан барча йиғилганларга шарафли ва масъулиятли ишда муваффақиятлар, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва файзу барака тилади.

Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори ОАВ вакилларини байрам билан қутлаб, мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти таҳсинга лойиқ эканини билдириб, муборак динимизни кенг ёйиш, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда ижод аҳлининг жуда ҳам катта ўрни борлигини алоҳида қайд этди.

Йиғилганлар эътибор ва эҳтиром учун ташаккур изҳор этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди хайрия, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишида кўплаб хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хусусан, фонд Форс кўрфазида ўз ўрнига эга, иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган Кувайт давлати билан ҳам дўстона алоқаларни яхши йўлга қўйган. Бугун мазкур давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонасида Кувайт давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид ал-Жийрон жаноблари ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон Абдуллаев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хайрия ишларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Исохон Абдуллаев қабул учун элчи жанобларига миннадорчилик билдириб, фонднинг вазифалари, бугунги кунда амалга оширилаётган хайрли ишлар, жумладан, кам таъминланганларга қуриб берилаётган уйлар, сув танқис ҳудудларда сув чиқариш ишларининг қай тартибда олиб борилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди.
Ўз навбатида Аҳмад Холид ал-Жийрон Кувайт давлатида ҳам бир қатор хайрия фондлари, халқаро ташкилотлар фаолият кўрсатаётганини, “Вақф” фонди билан ҳамкорликда хайрли ишларга ҳисса қўшишга, эҳтиёжмандлар, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, Кувайт Халқаро Ислом хайрия ташкилоти шу кунгача кўплаб давлатларда бир қатор хайрия лойиҳаларида муваффақиятли қатнашиб келаётганлигини айтди.

Элчи жаноблари мазкур фондлар эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, соғлиги сабабли кўмакка муҳтож инсонларнинг жарроҳлик амалиётини ўтказишда яхши тажрибага эга эканлигини қайд этиб, бу каби хайрия ташкилотларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайр-саҳоват ишларига таклиф қилишда хайриҳоҳ эканлигини айтиб ўтди.

Учрашувда Кувайт давлати ишбилармонларини “Вақф” билан ҳамкорлик қилиб келаётган ўзбек тадбиркорлари билан бирга ишлашга таклиф этиш борасида фикрлар билдирилди. Бу борада икки томонлама ўзаро учрашув ташкил қилиш ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда инвестициялар жалб қилишга келишиб олинди.

Тадбир сўнгида икки томон бир-бирига эсдалик совғаларини топширишди.

"Вақф" фонди
Матбуот хизмати

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, ўз истеъдоди ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, миллий журналистикамиз жонкуярларини, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келмоқда. Мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Айниқса, кейинги йилларда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда.

Бугунги кунда жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз тобора ортиб бораётганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Шу ўринда газета ва журналларимиз, теле ва радио каналлар, ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги долзарб чиқишлар, муаммоли масалалар юзасидан мутахассис ва экспертлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий шарҳлар, баҳс-мунозаралар сезиларли равишда кўпайганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда.

Мухтасар айтганда, куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси миллий медиа воситаларимиз “тўртинчи ҳокимият” даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бундай юксак маррага етиш осон эмаслиги, бу йўлда тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиийдир.

Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бу борадаги ишларимизни қатъият билан давом эттирамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда.

Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда.

Ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Шу билан бирга, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир.

Шу боис, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим, деб ўйлайман.

Шунингдек, бугунги кунда ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиа саводхонлигини оширишни олдимизга кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб қўймоқда. Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт.

Сиз, ҳурматли медиа тармоқлари вакиллари ана шундай масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этасиз, деб ишонаман.

Албатта, соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Ушбу қувончли айёмда сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган оммавий ахборот воситалари ходимларини чин дилдан қутлайман.

Изланиш ва илҳом завқи, янги ижодий ютуқлар сизларга ҳамиша ёр бўлсин, азизлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда тадбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлари, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлари Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.

Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”— деган. “Уфф” сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, — деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади: «Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади. Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.

Фарқан Сабахий айтади: “Бази китобларда ўқидим, фарзанд учун ота-онасиниг ҳузурида иккаласининг изнисиз гапиришлик ва икковидан олдин юришлик ўнгда ҳам, чапда ҳам лозим бўлмайди, магарам уни икковлари чақиришса,  жавоб бериб, сўнгра изидан юради….”  

Хулоса ўрнида айтамизки: Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзандни дунёга келишига сабаб бўлганликлари, уларни ўстириш, вояга етказиш, илм бериш, вақти келганда оилали қилиш каби бурчларини адо этишда чеккан машаққатлари туфайли, уларга буюк мукофотлар ато этиб, ўзининг розилигини  ота-онанинг розилиги билан боғлаган. Шундай экан, азизлар, ота-онамизнинг хизматини қилишликда сусткашликка йўл қўймайлик.

Отабек Содиқов,
Давлатобод тумани “Муҳаммад ал – Амин” жоме
масжиди имом ноиби

Вторник, 25 Июнь 2024 00:00

ГИЁҲВАНДЛИК-АСР ВАБОСИ

Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандлик.

  Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 26 июн Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

   Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

 Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

 Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:

“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)

Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.

Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара. 195)

“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”. (Нисо. 29)

Динимиз таълимотларида инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай гиёҳванд модда у қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, зарарли деб ҳисобланади.

Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида тўхталганда қуйидагиларга эътибор қилиш лозим:

Биринчидан: гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.

Иккинчидан: ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.

Учинчидан: ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир.

Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.

Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.


Муҳаммад Ибрагимов,
Наманган шаҳар Исмоил Махдум жоме
масжиди имом хатиби

Страница 15 из 1683

Видеолавҳалар

Top