muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 18 Декабрь 2017 00:00

Хоразмда янги масжидлар барпо этилди

Декабрь ойида Хивада “Мулла Абдуқодир бобо”, Урганчда “Муоз ибн Жабал” масжиди очилди.

Масжидларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам, Хоразм вилоят вакили Хайрулла Абдуллаевлар иштирок этган.

 

Фото: Хивадаги “Мулла Абдуқодир бобо” жоме масжиди

 

Фото: Урганчдаги “Муоз ибн Жабал” жоме масжиди

 

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ва бошқа оила аъзоларига илтифот кўрсатар, меҳр-муҳаббат билан муомала қилар ва баъзида ҳазиллашиб ҳам турар эдилар. Бошқаларга ҳам аҳли оиласига гўзал муносабатда бўлиш лозимлигини уқтирардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлига муомала қилишда сизларнинг энг яхшингизман» ва «Мўминларнинг иймони комилроғи ва хулқи яхшироғи – аҳлига илтифотлисидир» деган сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда ёлғиз қолганларида қандай бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Табассумли ва хушчақчак бўлар эдилар», деб жавоб бердилар.

Аҳли оилаларига чиройли муносабат масаласига доир яна бир мисолни Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдан билиб олиш мумкин:

Оиша розияллоҳу анҳо қўғирчоқ ўйнаб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Қўғирчоқларнинг орасида от ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, бу нима?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Сулаймоннинг оти», деган эдилар, у зот Оиша розияллоҳу анҳонинг гапларига кулиб қўйдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан югуришда мусобақалашдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бу тўлишишимдан олдин эди. Тўлишганимдан сўнг Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: «Бир-у бир», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларида аҳли оилаларига қарашар, илтифот кўрсатиб, аёлларининг сўзларини берилиб эшитар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўн бир аёл ўз эрларининг яхшию ёмон барча сифатларини бир-бирига рўй-рост айтиб беришга аҳдлашганлари ҳақидаги ҳикояларини эътибор билан эшитган эканлар.

Сут оналари Ҳалима Саъдийя ва эмикдош сингиллари Шаймога ҳам юксак даражада ҳурмат-эътибор билан муомалада бўлганлар. Ана шу ҳурматлари туфайли ҳам уларнинг қабиласи бўлмиш Бану Саъд аҳлига олижаноблик билан муомала қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом олижаноб зот

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан суҳбат қилиб турган ёки савол сўраган кишининг сўзини эътибор билан эшитар, уларни қабул қилар ва илтифот кўрсатар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулоқларига шивирлаганини, яъни махфий гапирганини кўрмаганман. У зот муборак бошларини ундан (сўзловчидан) узоқ тутар, у киши ҳам бошини узоқ қилар эди».[1]

  1. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқи бузуқ кишиларга ҳам гавдалари билан ўгирилиб гапирар эдилар. Бундай йўл тутишлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган кишилар ҳам яхши кўриб қолишарди».[2]
  2. Бирон киши билан кўришсалар, у киши қўлини тортиб олмагунча биринчи бўлиб қўлларини тортмас эдилар.[3]
  3. У зот очиқ юзли ва табассумли киши эдилар. Бирор киши ҳузурларига келса, уни чиройли қабул қилар эдилар. Аммор розияллоҳу анҳу келганда: «Марҳабо, эй ўзи ҳам яхши, яхшиликка ёрдам берувчи одам!» деганлар.[4]
  4. У зотга мусулмон киши салом берса, ундан-да чиройлироқ тарзда жавоб қайтарар эдилар.
  5. У зот ҳузурларига келган кишини гўзал кўринишда қарши олар, саҳобалари келса «Аҳволингиз яхшими?» деган сўзлари билан ҳол-аҳвол сўрар эдилар.
  6. Агар улар «Яхши, Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейишса, унга: «Аллоҳ сени яхшиликда қилсин», дер эдилар.
  7. Бирор қавмнинг улуғлари, ҳурматли кишилари келса, ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, кийимларини уларнинг остига тўшар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирган эдилар, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий деган киши кириб келди. У хонада ўтиришга жой йўқлигидан остонага ўтириб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол кийимларини ечиб, унга узатдилар. Жарир кийимни олиб, юзига сурди, ўпди, йиғлади ва ўзларига қайтариб: «Мени ҳурмат қилибсиз, Аллоҳ сизни ҳурмат қилсин! Сизнинг кийимингизни асло тагимга тўшамайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгга ва чапга қараб: «Ҳузурингизга бир қавмнинг улуғи келса, уни ҳурмат қилинглар», дедилар.[5]  
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзда ва савол сўрашда қавмнинг ёши улуғларини биринчи ўринга қўйиб: «Каттадан бошланглар», дер эдилар.[5]
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари шариатда рухсат берилган сўзларни гаплашиб ўтирсалар ёки мубоҳ бир ҳолатда бўлсалар, ҳамсуҳбатларига монелик қилмасдилар. Гуноҳ бўлмаган ишлар ҳақида сўз очилса, гапга қўшилардилар.

Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар дунё ҳақида гап кетса, биз билан қўшилиб, дунёни зикр қилар эдилар. Охиратни эсласак, биз билан қўшилиб, охиратни эслар эдилар. Таом ҳақида гаплашсак, бизга қўшилиб, таом ҳақида гапирардилар».[5]

  1. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Улар (саҳобалар) жоҳилиятда бўлиб ўтган ишлар ҳақида гаплашар кулишар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам индамай, табассум қилиб қўяр эдилар».[5]
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини хурсанд қилиш учун баъзан ҳазил ҳам қилиб турар эдилар. Бир киши минишга улов сўраб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сени туянинг боласига миндираман», дедилар. Бундай жавобни кутмаган ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, туянинг боласини нима қиламан?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ахир катта туя ҳам туянинг боласи-ку», деб ҳазил қилдилар.[5]
  3. Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умму Айман Ҳабашия деган аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эрим сизни уйга таклиф қиляпти», деди. У зот унга: «Ким у? Кўзида оқи бор кишими?» дедилар ҳазиллашиб. Аёл: «Унинг кўзида оқи йўқ», деди жиддий оҳангда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, кўзида оқи бор», дедилар яна. Аёл: «Аллоҳга қасам, йўқ», деди. У зот: «Ҳар бир кишининг кўзида оқи бўлади», дедилар».

Яна бир куни бир кампир у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин», деди. У зот: «Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди-ку», дедилар. Кампир йиғлаб, қайтиб кетди. У зот: «Унга айтинглар, у жаннатга кампир ҳолида кирмайди. Чунки Аллоҳ таоло (жаннатга кирадиган аёллар ҳақида) «(Улар) жозибали ва тенгқурдирлар», деган», дедилар. Буни эшитган кампир хурсанд бўлиб кетди. (Воқеа сураси, 37-оят)

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан кўришганда кўпинча табассум билан кўришар, уларга нимадир гапирмоқчи бўлсалар, гўзал ифодали иборалар билан сўзлар эдилар.

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Дардо бирор гап гапирса, табассум қилар эди. Мен унга: «Сиз гапирганингизда одамлар сизни аҳмоқ деб ўйламайдими?» дедим. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўз гапирганларини эшитган ёки кўрган бўлсам, албатта табассум қилар эдилар», деди». Абу Дардо розияллоҳу анҳу бирор сўз гапирсалар, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб табассум қилиб қўяр эди.

  1. Абдуллоҳ деган бир саҳобий бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турарди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёғ (ёки асал) солинган бир идиш совға қилди. Бироз вақт ўтиб, Абдуллоҳ идишнинг эгасини олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Идишнинг пулини беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг атрофларидаги саҳобалар узоқ кулишди.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига чиройли муомала қилганлари ҳақида яна бир ҳадисда шундай ривоят қилинади: «Бир гуруҳ ҳабашийлар масжидда найза ўйнатиб машқ қилаётганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога томоша қилишга рухсат бердилар. Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг елкаларига суяниб туриб, томоша қилдилар.[5] Бир ривоятда: «Ҳабашийлар рақсга тушар ва: «Муҳаммад – солиҳ банда», дейишарди», дейилган.[5]
  3. Ривоятларда келишича, катта саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида рақсга[5] тушишар эди. Ул зот уларни кузатиб турардилар.
  4. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфарга: «Хилқатимга ҳам, хулқимга ҳам ўхшайсан», дедилар. Жаъфар хурсандлигидан ўрнидан туриб, у зотнинг атрофларида айланиб ўйнай бошлади». Бошқа бир ривоятда Али розияллоҳу анҳуга: «Сен мендансан, мен сенданман», дедилар. Зайд розияллоҳу анҳуга эса: «Сен бизнинг биродаримизсан, мавлойимизсан», деганлар. Учовлари, яъни Жаъфар, Али ва Зайд розияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ўйинга тушиб кетишди. Абу Довуднинг ривоятида: «Жаъфар туриб ўйнади, Зайд туриб ўйнади», деган лафз келтирилган.[5] Ҳофиз Суютий айтади: «Ўйинга тушиб кетганлари кўпроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар ҳақида айтган гапларидан суюнганлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни бундан қайтармаганлар».
  5. Имом Ҳоким Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: «(Тўйда) ўйин-кулги ҳам бўлдими? Ансорлар ўйин-кулгини яхши кўради-ку», дейилган. Бу ҳадисда нафс малолланиб, қийналиб қолганда унга бироз дам бериш ва уни роҳатлантириш кераклигига ҳужжат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари табассум ва жилмайиб қўйишдан иборат бўлган.
  6. У зот ёш болаларни кўрганда уларга илтифот кўрсатар, салом берар ва эркалатиб, бошларини силаб қўяр эдилар. Уларни Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси), Убайдуллоҳ (Аллоҳнинг ёш бандаси) деб чақирардилар. Баъзи вақтларда у зот: «Олдимга ким биринчи бўлиб келса, фалон-фалон нарса бераман», деб уларни мусобақалашишга тарғиб қилардилар. Ёш болаларни – Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва Аббос розияллоҳу анҳуларнинг фарзандларини бир сафга тортиб, «Ким биринчи келса, фалон нарсани бераман», дер эдилар. Ёш болалар бир-биридан ўзиб, у зот томон интилар ҳеч тортинмасдан елкалари ва бағрларига ўзларини отишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қучоқлаб, ўпар эдилар.
  7. Сафардан қайтиб келсалар, оилаларидаги ёш болалар чиқиб, у зотни кутиб олишарди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга жуда мурувватли ва меҳрибон бўлиб, бирини қўлларига, яна бирини опичлаб кўтариб олар эдилар.
  8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг виқорлари, одоблари ва ҳайбатлари ҳақида Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ мажлисларда виқорли инсонга ярашмайдиган ишлар билан машғул бўлмасдилар, яъни оғизларидан тупук сачратиш, бурунларини қоқиш ёки тирноқ олиш каби ҳолатлар асло кузатилмаган».

 

 

Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчсиси

Баратов Ғиёсиддин таржима қилди.

 

 

[1] Абу Довуд ривояти.

[2] Табароний ривояти.

[3] Баззор ва Табаронийлар ривояти.

[4] Имом Термизий ривояти.

 [5] Аскарий ривояти.

 

 

 

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибида:

Кенгашда иштирок этаётган давлатлардаги диний идоралар қошидаги фатво бўлимларининг фаолият усули;

тиббиётга тааллуқли замонавий фатволар (сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар мисолида) масалалари кўрилди.

Европа, Россия ва Марказий Осиёдан жами 40 га яқин давлат вакиллари иштирок этган ушбу йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков ҳам қатнашди.

Йиғилишда Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, ЎМИ ва Фатво бўлими фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шу жумладан, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган илмий мактаблар, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Ислом академияси ҳақида маълумот бериб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон халқини бу хурсандчилик билан муборакбод этдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 18 Декабрь 2017 00:00

Масжид қошида китоб дўкони очилди

Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида  Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжиди қошида китоб дўкони фаолият бошлади.

 

Дўконда китобсевар аҳоли талабларини қондиришга хизмат қилувчи диний-маърифий, тарбиявий ва бадиий адабиётлар мавжуд.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов домла китоб дўконининг очилиш маросимида иштирок этиб, китоб инсоннинг чин дўсти, ҳаёт йўлини ёритувчи шамчироғи эканини айтди ва ушбу дўкон халқ учун манфаатли ва баракотли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар бирортангиз масжидга кирса:

“Аллоҳумма ифтаҳ лий абвава роҳматик”,

(Аллоҳим менга раҳматинг эшикларини оч)

Чиққанида эса:

“Аллоҳумма инний асъалука мин фазлик”,

(Аллоҳим, Сенинг фазлингни сўрайман) деб айтсин.

Видеолавҳалар

Top