Аудио

Намоз сабоқлари: Таяммум (Аудио)

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бордию, бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у, (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир» (Нисо сураси, 43-оят).

Таяммум қилишда таҳоратга ёки ғуслга ният қилинади. Ҳар иккисини қўшиб ният қилиш ҳам мумкин.

Таяммум олиш тартиби қуйидагичадир:

  1. Енгларни тирсакларигача шимариб, «Покланиб намоз ўқиш учун таяммум қилишга ният қилдим», деб кўнгилдан ўтказилади.
  2. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дейилади ва қўллар, бармоқлари ораси очиқ ҳолда, тупроқ ёки тупроқ жинсидан бўлган бирор нарсага бир марта урилади.
  3. Қўлларнинг ичи (кафт) билан юзнинг ювиладиган қисми масҳ қилинади.
  4. Қўлларни иккинчи бор тупроқ ёки тупроқ жинсидан бўлган нарсага уриб, чап қўлнинг кафти ва бармоқлари билан ўнг қўл тирсаги билан қўшиб, ўнг қўл кафти ва бармоқлари билан чап қўл тирсаги билан қўшиб масҳ қилинади.

Таяммумда тўртта фарз бор:

  1. Ният;
  2. Пок тупроқ ё унинг жинсидан бўлган нарсага таяммум қилиш;
  3. Икки қўлни пок тупроққа ё бошқа нарсага уриб юзга суриш;
  4. Қўлларни яна тупроққа уриб, тирсаклари билан қўшиб қўлларга суриш.

Таяммумни бузадиган ҳоллар:

  1. Таҳоратга етарли сув топилиши;
  2. Бадандаги яра ёки (бошқа) узр туфайли таяммум олган кишидан узрнинг кетиши;
  3. Таҳоратни бузадиган барча ҳоллар таяммумни ҳам бузади.

ЎМИ матбуот хизмати

3792 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top