Аудио

Намоз сабоқлари: Қазо намозлари ва саждаи саҳв (Аудио)

ҚАЗО НАМОЗЛАРИ

 

Мўмин-мусулмонлар намозларини доимо вақтида ўқиши лозим. Лекин бирор сабаб билан, масалан, ухлаб қолиб вақтини ўтказиб юборган намознинг қазосини ўқиши керак. Фарз ва витр намозлар вақтида ўқилмаса, уларнинг қазосини ўқиш лозим.

Намозни вақтида ўқимаслик катта гуноҳдир. Шунинг учун қазо намози ўқилгач, Аллоҳ таолодан мағфират тилаш ва ҳар намозни ўз вақтида, қазо қилмай ўқишни насиб этишини сўраб дуо қилиш керак.

Намозларни иложи борича ўз вақ­тида адо этишга ғайрат қилиш керак. Инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Ана шу ҳолатлар сабаб намоз қазо бўлиб қолса, уларни адо этиш учун маълум бир вақт белгиланмаган. Аммо куннинг уч вақтида – кун чиқаётган, қуёш тиккага келган ва кун ботаётган вақтларда қазо намозларни ўқиб бўлмайди. Бу уч вақтдан бошқа исталган пайтда қазо намозларни ўқиш жоиз (“Баҳрур роиқ”).

Қазо намозлар бир кунлик, яъни беш вақт намоз бўлса, вақт намози ва улар ўртасида тартибга риоя қилинади. Агар, қазо намозлар олти вақтдан кўпайиб кетса, тартибга риоя қилиш шарт эмас.

 Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт бўлмаса-да, тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Кўп намозлари қазо бўлган киши уларнинг ҳаммасини бир жойда, кетма-кет адо этмоқчи бўлса, битта азон айтиб, ҳар бирини бошлашдан олдин қомат айтиши мумкин, хоҳласа ҳам азон, ҳам қомат айтади (“Ҳидоя”). Аммо қазоларини алоҳида-алоҳида вақтлар ва жойларда адо этса, ҳар бир қазо намоз учун азон ва қомат айтиши шартдир (“Баҳрур роиқ”).

Сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда (ватанда) ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўқилмаган намознинг қазоси сафарда тўлиқ ўқилади.

Кўп йиллик намозларнинг қазосини ўқимоқчи бўлган одам намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа билан бирга замсура ўқийди (“Заҳирия”). Бунга сабаб агар Аллоҳ таоло ўша қазо намозларини бандадан кечиб юборган бўлса, ўтаган намозлари нафл бўлади. Нафл намозларнинг ҳар бир ракатига Фотиҳа ва замсура ўқиши шарт.

 

САЖДАИ САҲВ

 

Намознинг фарз ё вожиб амалларидан бири вақтидан кечиктирилса ёки вожиб амали унутилиб, адо этилмаса, масалан, киши тўрт ракатли намозларда биринчи икки ракатдан сўнг қаъдада ўтирилса ё унда ташаҳҳуддан кейин салавотни ўқиб қўйса, қаъдаи охирада (охирги ўтиришда) «Ташаҳҳуд» ўқиб, намозни ёлғиз ўқиётган бўлса икки томонга, жамоатда бўлса ўнг томонга салом беради ва «Аллоҳу акбар», деб икки марта сажда қилади. Бу икки сажда «саждаи саҳв»  дейилади ва яна чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқиб, ўнг ва чап томонга салом бериб намозни тугаллайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) дуо ибодат эканини айтганлар. Шунинг учун намоз тугагач, дуо қилиш лозим: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин».

 

ЎМИ матбуот хизмати

3311 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top