Аудио

Намоз сабоқлари: Масжид одоблари (Аудио)

МАСЖИД ОДОБЛАРИ

 

Масжидга бормоқчи бўлган киши, аввало мукаммал таҳорат олиб, покиза либосларни кийиб, иложи бўлса, ёқимли хушбўйликлардан суриб бориши талаб қилинади. У ерга борганида нохуш ҳиди билан мусулмонларга озор беришдан сақланиши лозим. Мисол учун, хом пиёз, саримсоқ пиёз каби нарсаларни истеъмол қилиб, масжидга бориш макруҳдир. Чунки одамларга озор берадиган нохуш ҳидлар фаришталарга ҳам озор бериши ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳ этганлар. Ювилмаган, ҳидланиб қолган кийимларда бориш масжид одобига хилоф ҳамда мусулмонларга нисбатан ҳурматсизликдир. Аллоҳ таоло: «Эй одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!..» (Аъроф, 31), деб огоҳлантирди. Демак, масжидга покланиб, озода либосларни кийиб бориш Раббимизнинг талабидир.

Масжид томон тасбеҳ, зикрларни айтиб борса, катта ажрга эга бўлади. Масжидга кираётганда: “Парвардигорим, гуноҳларимни кечир ва менга раҳмат эшикларингни очгин”, деб дуо қилиб, ўнг оёқда кириш ва чап оёқда чиқиш суннатдир (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Масжидга кирганда нафл намоз макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат таҳийятул масжид намозини ўқиш суннатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирор киши масжидга кирса, ўтирмасдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Масжидларда дунёвий сўзларни сўзлаш, жанжаллашиш, баҳслашиш, баланд овозда гаплашиб, беҳуда сўзлар билан одамларга озор бериш, фитна-фасод, иғво қилиш қатъиян ман этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Замон охирлашганда умматларимдан бир қанчалари масжидларга йиғилиб, дунё сўзлари билан машғул бўлишади. Зинҳор улар билан ўтирманг. Чунки уларнинг Аллоҳга ҳожатлари йўқдир”, деб огоҳлантирганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Шунингдек, қуйидаги одобларга риоя қилиш лозим: Масжидда олди-сотди қилмаслик; йўқолган нарсани эълон қилмаслик; одамларнинг устидан хатлаб ўтмаслик; масжидда жой талашмаслик; сафда бирон кишини қаттиқ сиқиб қўймаслик; намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмаслик; масжидга туфламаслик; бармоқларни қисирлатмаслик.

 

ЎМИ матбуот хизмати

2821 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top