muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 20 Февраль 2017 00:00

Билим юртида очиқ эшиклар куни

Ўсиб келаётган ёш авлодга ҳар томонлама маънан ва жисмонан чуқур ақлий билимга эга бўлишлари учун юртимиздаги барча таълим муассасаларида қулай имкониятлар эшиги очиб берилган. Келажагимиз давомчилари бўлган ёшларимиз эса ушбу яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, устозлари берган билимларни тўлиқ ўзлаштиришлар лозим.

Жорий йилнинг 18 февраль куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирга талабаларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ота-оналарга талабаларга яратилган имкониятлар, таълим соҳасидаги ютуқлар, талабаларнинг тартиб-интизоми 2016–2017 ўқув йили 1-семестр рейтинг натижалари  ва устоз, ота-она ва талаба биргаликда ишлашини таъминлашдан иборат. 

Ушбу тадбирни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Ш. Бауатдинов кириш сўзи билан очиб, мусқтақиллик йилларида диний соҳада эришилган ютуқлар ва яратилган имкониятлар ҳақидаги маърузаси ва билим юрти мудир ўринбосарларининг маърузалари тингланди. Сўнгра билим юртида ўзининг одоб-ахлоқи, тартиб-интизоми, билими, зукколиги, интилувчанлиги, озодалиги каби номинациялар бўйича талабалар ва уларнинг ота-оналарига ҳамда 2016–2017 ўқув йили биринчи семестр натижаларига мувофиқ махсус стипендиянтларга ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.

Тадбирдан сўнг ота-оналар ўз фарзандларининг синф хоналари билан танишиб, гуруҳ раҳбарлари билан алоҳида суҳбат ўтказдилар ва ота-оналар учун билим юрти бўйлаб кичик саёҳат ташкил этилди.

      

Саламат КУДАЙБЕРГЕНОВ,

Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси   

Понедельник, 20 Февраль 2017 00:00

Умра-2017: Саудия сари дастлабки парвоз

Истиқлолимизнинг ўтган йиллари мобайнида, муборак Умра сафарини ташкил этиш борасида, катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда бу ишлар янада такомиллашиб, зиёратчиларга кўплаб қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу йилнинг 20 февраль куни, эрта тонгда, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Тошкент шаҳри зиёратчиларидан иборат дастлабки гуруҳи, Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида, Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Эрта тонгда, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирокида, жами 230 нафардан иборат: зиёратчилар, ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазлар Саудия Арабистонига кузатилди.

Зиёратчиларимизга Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Нур ал-Мавадда” меҳмонхоналарига жойлашадилар. Уларга Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади.

Зиёратчиларни Жидда шаҳри аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Атташе З.Абдуллаев бошчилигида, ишчи гуруҳи ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда, уюшган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатадилар.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги баҳорги умра мавсумида, 5500 нафар ва Рамазон мавсумида, 670 нафар фуқароларимизнинг умра зиёратига бориши режалаштирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга кўра, “Умра-2017” баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 1 апрелга  қадар давом этади.

Аллоҳ таолодан, умра амалларини адо этиш учун сафарга чиққан азиз юртдошларимизга, амалларни мукаммал бажариб, жонажон Ватанимизга, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Халқаро алоқалар бўлими

Понедельник, 20 Февраль 2017 00:00

Узоқ умр кўрувчилар қаерда яшайди?

Соғлиқни сақлаш Умумжаҳон ташкилоти қайси араб мамлакатида инсонлар узоқ умр кечиришларини эълон қилди.

Тўпланган маълумотларга кўра, Қатарда ўртача умр кўриш ёши – 82 ёшни ташкил этар экан. Иккинчи ўринда эса Қувайт бўлиб – 80 ёш экан. Учинчи ўринда – 79 ёш билан Баҳрайн, Иордания ва Ливан. Ундан кейин Тунис ва БАА (76 ёш), Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Сурия (75 ёш), Жазоир ва Миср (73 ёш), Ўмон ва Марокаш (72 ёш) ҳамда Ироқ ва Ливия (65–69 ёшлар) мамлакатлари ўрин олган.

 Соғлиқни сақлаш Умумжаҳон ташкилоти берган хабарга кўра, охирги йилларда араб мамлакатларида сурункали касалликлар билан хасталанганлар сони анча камайган. Эрта ўлимнинг асосий сабабларидан бири юрак касалликлари ва тромбоз бўлган. 

Моҳира ЗУФАРОВА

тайёрлади.

Понедельник, 20 Февраль 2017 00:00

Марсда шаҳар барпо этилади

БАА 2117 йилда Марс сайёрасида мини шаҳарча барпо этади. Бу ҳақида Дубайда бўлиб ўтган Умумҳукумат саммитида хабар берилди. Келажакдаги шаҳар макети ва режаси намойишида БАА вазир ўринбосари ва Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад ибн Рошид ал-Мактум иштирок этди. Дастурда “Қизил сайёра”га озиқ-овқат, керакли хом ашё ва мутахассисларни етказиб бериш ҳам киритилган. “Марс-2117” иккита халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қурилади.

Видеолавҳалар

Top