www.muslimuz

www.muslimuz

Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган имомлар ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказиб келинади.

 27 август куни Марғилон шаҳридаги “Саиджалолхон тўра” масжидида мазкур танловнинг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг биринчи – шаҳар-туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 19 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари иштирок этдилар.

Иштирокчилар ўзлари танлаган билетларда белгиланган Қуръони карим, тажвид, тафсир, ҳадис, ақоид ва фиқҳ илмига доир саволларга эгаллаган билимларидан келиб чиқиб жавоб бердилар. Иштирокчиларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, Марғилон шаҳридаги “Саиджалолхон тўра” масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасулов 1-ўринни, Қўштепа туманидаги “Сармазор” масжиди имом ноиби Хайруллоҳ Каримов 2-ўринни ҳамда Данғара тумани “Оқтепа” масжиди имом-хатиби Отабек Аҳмедов 3-ўринни қўлга киритдилар.

Биринчи ўрин соҳиби Юнусхон Мамарасулов танлованинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, танловга ҳамоҳанг равишда турли номинациялар бўйича масжидларда фаол хизмат кўрсатиб келаётган ходимлар тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази – ислом оламининг йирик илмий муассасаси

 
Сўз – конференция иштирокчиларига
 
“Ўзбекистон – Буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги доирасида Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Асрлар қаъридан таралаётган нур” мавзуида исломшунос олимларнинг халқаро конференцияси ўтказилди.
 
Марказ матбуот хизмати анжуман иштирокчиларининг таассуротлари билан қизиқди.
 
photo5416089932650359540.jpg
Муҳаммад Илтоф Шайх, 
Консерватив мусулмон форуми президенти (Буюк Британия):
 
– Ўзбекистонни яхши кўраман. Ўзбек халқининг меҳр-муҳаббати, меҳмонновозлиги менга жуда ёқади.
 
Бугун Ўзбекистон дунёга янгича нигоҳ билан боқмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев халқаро анжуман ва конференцияларда фақатгина Ўзбекистонни эмас, балки бутун дунёни ўйлантираётган муаммолар ҳақида гапирмоқда. Шунинг билан бирга уларнинг ечими борасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
 
Хусусан, Президентингизнинг ислом динининг нуфузини ошириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва бунинг учун ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
 
photo5416089932650359543.jpg
 
Мен асли ҳиндистонлик бўлганим учун Ўзбекистон диёридан етишиб чиқиб, Ҳиндистонда 300 йил ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи тарихини чуқур ўрганганман. Ҳиндистонда илм-фан, маданият ва маърифатни ривожлантиришда Бобурийларнинг хизмати беқиёс.
 
Бундан ташқари, темурийлар даври тарихини ҳам жуда кўп ўқиганман.
 
Ҳозир бемалол айтишим мумкин, менинг томиримда ҳам Амир Темурнинг қони оқмоқда.
 
photo5416089932650359541.jpg
Сали Шахсивари, 
“Al-Furqon” исломий мерос фонди директори (Буюк Британия):
 
– “Al-Furqon” исломий мерос фонди Буюк Британиядаги энг нуфузли муассасалардан саналади. Фонд исломий ёзма меросни ҳужжатлаштириш ва асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, асосан тадқиқот, тасвир, каталоглаштириш, таҳрир ва нашр этиш билан шуғулланади.
 
Биз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан анчадан буён ҳамкорлик қиламиз. Марказга кўплаб қўлёзма ва тошбосма асарларнинг катологларини ҳадя қилдик. Келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот йўналишида қандай ташаббус ва таклифлар бўлса, барчасини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
 
photo5416089932650359542.jpg
Шойиста Бедар хоним, 
Худо Бахш Шарқ кутубхонаси директори (Ҳиндистон):
 
– Касбим юзасидан кўплаб мамлакатларда бўлганман, илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти билан танишганман. Шундай эса-да, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим.
 
Кутубхонамизда Шарқ мамлакатларидан етишиб чиққан кўплаб аллома ва мутафаккирларнинг минглаб қўлёзма ва тошбосма асарлари сақланади. Бу мероснинг қанчадан-қанчаси ҳалигача ўрганилмаган. Бугун исломшунос олимлар билан мулоқотда уларга кучимизни бирлаштириб, шу улкан маънавий бойликни тадқиқ этиш бўйича таклифларимни билдирдим.
 
Биздаги илмий-тадқиқотчилар орасида ўзбекистонлик ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Улар тадқиқот ишларида кутубхонада мавжуд адабиётлардан кенг фойдаланмоқда. Ҳиндистонликлар ҳам Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яхши билади. Лекин кутубхонамизда уларнинг ҳали ўрганилмаган кўплаб асарлари эътибордан фаромуш ҳолда ётибди. Келгусида ўзбекистонлик илмий-тадқиқотчилар билан уларни таржима қилиш ва замонавий китоб ҳолида кенг жамоатчиликка етказишни режалаштирмоқдамиз.
 
photo5416089932650359539.jpg
Жавод Аббосий, 
Фирдавсий номидаги Машҳад университети доктори (Эрон):
 
– 3 йил аввал Тошкент шаҳрида бўлган эдим. Бу сафар маданий мерос ҳафталиги доирасида Тошкент билан бирга, Бухоро ҳамда қадим ва навқирон Самарқандни зиёрат қилдим. Конференция иштирокчилари қаторида бу шаҳарлардаги маданий мерос объектлари, меъморий обидаларни, муқаддас қадамжоларни кўриш бахтига муяссар бўлганимдан жуда хурсандман.
 
Уч йил олдинги Ўзбекистон бугун умуман бошқача қиёфа касб этган. Хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази ривожланган мамлакатлардаги муассасалардан ҳам аъло даражада бунёд этилибди. Бу ерда тадқиқотчилар учун яратилган шароит фақат ҳавас уйғотади. Марказдаги таржимонлик ишлари билан ҳам танишдим.
 
Ўйлайманки, яқин йилларда бу меҳнат маҳсули бутун дунё мусулмон олами учун улкан маънавий ва маърифий асос вазифасини ўтайди.
 

 

ЎзА

МУҲАРРАМ ОЙИ

Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни анг­латади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам  тавбасини қабул қилади», деганлар.

 АШУРО КУНИ

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар.

Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир.

Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.

Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар.

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир.

Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

 

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан 65 нафар маҳкумга нисбатан афв эълон қилиш ҳақидаги Фармонга имзо чекди.

Фармонга биноан, 17 нафар шахснинг жазоси тўлиқ бекор қилинди, 13 нафари жазони ўташдан шартли равишда озод этилди, 20 нафар шахснинг жазоси енгилроғига алмаштирилди, 14 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо муддати қисқартирилди, 1 нафар шахс эса озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасидан озод этилди.

Афв этилганларнинг 39 нафари тақиқланган ташкилотлардаги фаолияти учун жавобгарликка тортилган эди.

Афв этилганларнинг 1 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 4 нафари аёллар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  1. Аввало, ижтимоий тармоқларга киришдан мақсадингиз шунчаки вақт ўтказиш, эрмак эмас, балки бошқаларга манфаат улашиш, улардан манфаат олиш, илмингизни ошириш, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш бўлсин!
  2. Ҳақни ёйинг!
  3. Ботилни ёйманг!
  4. Фаҳш, ҳаром, очиқ-сочиқ эркагу аёлларнинг расм ва видеоларини тарқатишдан, кўришдан тийилинг!
  5. Динни, уламоларни, шахсларни, халқларни камситадиган, обрў тўкишга қаратилган мақола, расм ва видеоларни пост қилиб қўйишдан, уларни тарқатишдан эҳтиёт бўлинг!
  6. Фойдасиз тортишувларга киришманг!
  7. Миш-миш айтувчи, тарқатувчи бўлманг! Маълумотларни тарқатишдан олдин текшириб, аниқлаштиринг!
  8. Пост қилиб қўяётган ҳадислар, ривоятлар ва қиссаларнинг саҳиҳлигига эътибор қилинг!
  9. Постларингиз билан одамларга илм-маърифат, яхшилик улашишга интилинг ва бу ишларнинг барчасини Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинг!
  10. Ёзаётган, юбораётган, улашаётган ҳар бир сўзингиз охиратда сизнинг зарарингизга эмас, фойдангизга гувоҳлик берадиган сўз бўлишига диққат қилинг!
  11. Яхшиликларга калит, ёмонликларга қулф бўлинг!
  12. Кўзингиз фаҳш, беҳаёлик каби қараш ҳаром бўлган расмлар ва видеоларга тушиб қолса, дарҳол истиғфор айтинг!
  13. Ижтимоий тармоқлардан меъёрида фойдаланинг! Ибодатни адо этиш, оиланинг нафақаси, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш каби зиммангиздаги масъулиятларингизни унутиб қўйманг!
  14. Постларга “ёқди” тугмасидан босишдан олдин бу иш иймонингизга футур етказадими ёки йўқми, аниқлаб олинг! Гуноҳ бўлган постларга “ёқди” тугмасини босиш иймонга салбий таъсир этади.
  15. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизни охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида хижолат бўлиб қолмайдиган тарзда юритинг!

Аллоҳ таоло бизни Динимизда кўрсатилган барча одоблар қатори интернетдан фойдаланиш одобларига ҳам амал қилувчи бандаларидан қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Видеолавҳалар

Top