muslim.uz
“Бағрикенглик”нинг икки кўриниши
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Олмония шарқшунос олималаридан бўлмиш Сигрид Ҳунке ўзининг “Аллоҳ таолонинг ғарбга порлаган қуёши” асарида арабларнинг фазилати борасида шундай дейди: “Салоҳиддин Айюбий Байтул Мақдисни милодий 1187 йилда эгаллаб олади (қайтариб олади). Ундан аввал 1099 йилда салбчилар у ерни мисли кўрилмаган ваҳшийликлар, қон тўкишлар билан эгаллашган эди. Аммо ваҳшийларча тўкилган мусулмонлар қони интиқоми учун Салоҳиддин Айюбий бу ердаги насронийларнинг қонини тўкмади. Балки, уларга ўзининг одамийлигини, сахийлигини ва меҳрибонлигини кўрсатди ҳамда олий саркардалик руҳи билан хулқланишда зарбул масал ва ўрнак бўлди. Лекин, мусулмонлардан фарқли ўлароқ, насроний саркардалар улуғ калима ва асирлар қаршисида ҳеч қандай олийжаноб хулққа эга эмасликларини мамоён этдилар. Масалан, уларнинг бошлиғи бўлмиш “Шер юрак” лақаби билан танилган Ричард мусулмонлардан 3000 асирни омон қолдиришга ўзининг улуғлиги билан қасам ичади. Лекин тўсатдан кайфияти ўзгариб, уларнинг барчасини ўлдиришга буюради.
БАЙТУЛ МАҚДИСДА
Байтул Мақдисдаги аҳли зиммалардан бири ўз хўжайинига мусулмонларнинг Салоҳиддин Айюбий бошчилигида Байтул Мақдисга кираётган пайтдаги ҳодисани шундай ривоят қилади: Масжиддаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ва эшитган гувоҳ келиб айтди: “Мен масжидга кирганимда мени ҳеч ким тўсмади ва суриштирмади. Натижада мусулмонлар билан аралашиб кетдим. Улар бир ерда жамланиб ўтиришар, барчаларининг ўтирган ерлари бир хил, ҳатто бошлиқларини ҳам ажратишнинг иложи йўқ эди. Уларнинг аъзолари ва ҳаракатлари сукунатда, Аллоҳ таолога тоатда эди. Мен улардан ажабландим: қандай қилиб уруш майдонида душманлару шайтонларни ақлдан оздирадилар-у бу ерда бўйсунган диндорга айланадилар?! У ерда воизни кўрдим. У минбарга чиқиб хутба қилди. Агар ушбу мавъизани чўлдаги қумларга қилинганда, албатта, улар ҳаракатга келар, отлиқларга айланар, шу ҳол давом этиб, ҳатто ер юзаси очилиб қоларди. Агар шуни ҳеч нарсани эшитмайдиган тош эшитганда, унда ҳаёт пайдо бўлиб, руҳ ҳосил бўлар эди!
Мен уларни, модомики, мусулмон эканлар, агар-чи уларга қарши бутун дунё давлатлари жамланса ҳам, ҳеч қачон мағлуб бўлмасликларини билдим. Чунки улардаги иймон қуввати ўзларидаги ҳар қандай қувватдан кучлидир. Аксар инсонлар ўлимдан қўрқадилар. Лекин уларни бирор нарса чўчита олмайди. Чунки улар ўлимни яхши кўрадилар ва унга интиладилар, яъни Роббиларининг висоли томон ошиқадилар.
Йўқ! Бизнинг қавмимиз бу диёрни ҳаргиз умид қилмасин. Мен сизларга айтяпман. Дарҳақиқат, мен у қавм борасида жуда яхши маълумотга эга бўлдим, улар билан аралашиб, ўзаро суҳбат қурдим ҳамда диёнатлари ва гўзал хислатларидан воқиф бўлдим. Йўқ! Биз учун у ерда насиба йўқ”.
Батаҳқиқ, шу куни салбчилар юз йил муқимликдан сўнг бу ердан кетишди ва ҳеч қачон қайтишмади. Бу қуббада насронийларнинг ҳам, яҳудийларнинг ҳам эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шиорлари олий бўлди. Албатта, бу ердаги ҳар бир маскан ўзгарди ва бу ердаги ҳар бир туғилажак бола Салоҳиддинга айланди. Бизнинг қавмимиз қонларни бекорга тўкмади ва инсонларни бекорга ўлдирмади.
Али Тантовийнинг “Тарихдан қиссалар” китобидан
Фарҳодбек АСАТУЛЛАЕВ таржимаси
Islom.uz сайтидан олинди
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Беш фарзнинг таъдоди (Олтинчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
НАЗМ
* * *
Беш фарзнинг таъдоди
Уламо аксари деди бу мақол,
Чиҳл фарз ўлди мубтадии аъмол.
Илми фарз элга мисли қарздурур,
Талаби барча элга фарздурур.
Кимки аввал бўлса болиғу оқил,
Анга беш фарздур, муни билгил.
Бири иймондуру икинчи салот,
Бу икидин кейин учунчи – закот.
Рамазон рўзасию ҳаж ўтамак,
Фарзи айн ўлди ушбу беш, бешак.
Элдин ўлди бориға тоъат шарт,
Лек икида бор иститоъат шарт.
Ул ики, ҳажнию закотни дер,
Бўлса гар иститоъатинг бор, бер.
Эмди бир-бир қилай борин таҳрир,
Ҳақ таъолодин ўлса гар тақдир.
НАСРИЙ БАЁН
* * *
Беш фарзнинг саноғи баёни
Уламоларнинг кўпчилиги шу сўзни айтдиларки, амалларнинг бошланиши қирқ фарз(ни билиш)дан иборатдир. Фарз илмини, яъни буюрилган амалларнинг илмларини билиш эса халқ учун мисли қарздир, уни талаб қилиш ҳамма инсонларга фарздир. (Чунки ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: “Илм талаб қилмоқ ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, деганлар.)
Шуни билгинки, аввало кимки балоғатга етган ва ақлини таниган бўлса, унга беш нарса фарздир:
биринчиси иймондир, яъни Аллоҳ бир, Расул барҳақ деб гувоҳлик бермоқдир; Аллоҳга, Раулуллоҳга ва Аллоҳдан келган нарсаларга ишонмоқдир;
иккинчиси беш вақт намоздир.
Бу иккисидан кейин учинчиси (моли нисобга етганда) закот бермоқдир.
Тўртинчиси, (йилда бир ой) рамазон ойи рўзасини тутмоқдир.
Бешинчиси (умрида бир бор) ҳажни адо этмоқдир. Бу беш нарса фарзи айндир.
ИЗОҲ. Фарзи айн – эътиқодда иймон билан куфрни, осийлик билан ҳидоятни ажратадиган миқдорда билиш зарур бўлган, ибодатда эса намоз, рўза, закот ва ҳажни адо этадиган миқдорда билиш зарур бўлган илм.
Халққа буларнинг барчасига бўйсуниш, яъни бу диний амрларни бажариш шарт бўлди, лекин иккитасида иститоъат, яъни қуввати, қудрати, имкони етиши шарт қилинди.
Бу икки нарса ҳаж ва закотдир, бу икки фарзни бажаришда иститоъатинг бўлса – кучинг-қудратинг етса, адо қил. (Яъни, озуқа, маблағ, жиҳатидан йўлга қодир бўлсанг, ҳажга бор, ҳожати аслингдан ташқари молинг нисобга етган бўлса, закотини ҳақдорларга бер.)
Энди Ҳақ таъоло тақдир этган бўлса, буларнинг ҳаммасини ёзиб баён қилайин.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Шавкат Мирзиёев: Менга энг катта куч, қувонч бергани одамларнинг кайфияти бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни сирдарёлик фаоллар, сув тошқинидан жабрланган одамлар билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳли билан шундай ободликда, ёруғ юз билан кўришиб турганидан хурсандлигини билдирди.
- Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик. Ҳамжиҳат бўлиб, матонат, меҳнат билан шароитни тикладик, янги уйлар, йўллар қурилди. Бугун бу ишларни кўриб, албатта хурсанд бўлдим. Лекин менга энг катта куч, қувонч берган нарса одамларнинг кайфияти бўлди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Сардоба сув омбори тўғони уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказган эди. Ҳукумат комиссияси тузилиб, унинг оқибатларини бартараф этишга барча куч ва воситалар жалб қилинди. Сув босган маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиб, турмуш шароитлари қисқа муддатда тикланди.
Учта янги мавзе барпо этилди. Боғча ва мактаблар, коллежлар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сув босган ҳудудлар бугун аввалгиданда яхшиланиб, янги қиёфага эга бўлди.
- Халқимиз розилигини биринчи кундан асосий мақсадимиз, шиоримиз этиб танлаганмиз. Қийин, лекин шунинг учун ишлаяпмиз. Сирдарёдаги қурилишлар, ўзгаришлар шу билан чекланиб қолмайди, яна давом этади. Бунинг учун катта марралар белгилаганмиз, - деди Президент.
Шу билан давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига сафари якунланди.
ЎзА
Намозни қандай ўқийсиз?
Исом ибн Юсуф бир куни Ҳотам ал-Асомнинг мажлисига кириб, «Эй Ҳотам, намозни яхши адо қиласизми?» деб сўради. «Ҳа», деди Ҳотам. «Намозни қандай ўқийсиз?» сўради у яна. Ҳотам ал-Асом шундай деди: «Ўрнимдан тураман, қўрқув билан намозга юриб бораман, ният билан киришаман, улуғворлик билан такбир айтаман, тартил ва тафаккур билан қироат қиламан, хушуъ билан рукуъга бораман, тавозе билан сажда қиламан, тугатиш учун ташаҳҳудга ўтираман, ният билан салом бераман, Аллоҳ азза ва жалла учун ихлос билан тугатаман, яна хавф билан намоздан қайтаман, чунки Аллоҳ мендан буни қабул қилмай қолишидан қўрқаман ва ўлгунимча бор кучим билан намозимни муҳофаза қиламан».
Исом ибн Юсуф: «Намозни жуда яхши адо қилар экансиз», деди.
«Солиҳлар гулшани» китобидан