muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 15 Январь 2021 00:00

Ватан ҳимояси – ажри улуғ амал

Ислом динида шариатга зид бўлмаган ҳар қандай касб-ҳунар, ҳар қандай соҳа вакили қадрланади.  Жамият ривожи, аҳоли фаровонлиги учун қилинган зарра амал ҳам эътирофсиз, мукофотсиз қолмайди. Балки ҳар қандай яхши амал рағбатлантирилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бндай дейилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур…” (Анъом сураси, 160-оят).

Оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ким қайси соҳа ва қайси йўналишда бўлишидан қатъи назар, бир яхши амал қилган кишини ўн баробар мукофот билан тақдирлаши нафақат хизматни тақдирлаш, балки  рағбатлантириш ҳамдир. Бундай мисоллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп учрайди.

Мукофоти улуғ ва эътиборга сазовор амаллардан бири бу – Ватанни қўриқлаш, уни турли  ғаразли кимсаларнинг юрт ва кишилар хотиржамлигига солмоқчи бўлган рахналаридан огоҳ бўлиб туришдир. Бу ҳақда Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч (тоифа кишиларнинг) кўзлари жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз, (Аллоҳдан) қўрққани туфайли йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар (яъни, номаҳрамларга назар солиш)дан тийилган кўз” (Имом Табароний ривояти).

Бу уч тоифа инсонга Аллоҳ таоло тарафидан энг катта мукофот ва тақдир берилади. Улардан дастлабкиси Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз…” дея хоҳ чегарада, хоҳ юрт ичида бўлсин Ватанни ва ушбу диёрда яшаётган инсонлар хотиржамлиги йўлида бедор бўлган киши зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳнинг розилиги учун ватан ҳимоясида қўриқчилик қилиш ниҳоятда хайрли амалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайигми?” дедилар. Улар: “Албатта, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун “муробитлик”дир”,  дедилар»  (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривояти).

Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегарани қўриқлаб турган одам “муробит” дейилади. Ҳадисда мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан “муробит” деб аталмоқда. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.

Демак, “муробит”, яъни, мўминларни ҳимояси учун чегарада турган кишиларнинг хатолари кечирилади ва даражалари кўтарилади. Қолаверса, бу амалнинг қиймати ва фазилати улуғлигидан “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш”нинг савоби ҳам айнан ушбу амалга бериладиган ажрларга тенглаштирилмоқда.

Ҳар бир мусулмон киши ўзи яшаб турган юрт ҳимояси учун, мўминларнинг хотиржамлиги учун ҳисса қўшиши лозим.

Сўзимиз сўнгида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз сарҳадларида йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган аскарларимиз, чегарачиларимиз ва фидойи ўғлоларимизни самимий табриклаймиз. Машаққатли ва шарафли хизматлари учун Аллоҳ таоло уларга битмас ажрлар, мукофотлар ато этсин.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

Пятница, 15 Январь 2021 00:00

Соғлом турмуш тарзида ҳикмат кўп

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Зарар бериш ва зарарланиш (исломда) йўқ дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Шу боис ҳар бир мусулмон киши зарарланишнинг олдини олиш мақсадида бадантарбия билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига ўтиши лозим бўлади.

Саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз йўлда юриб борардик. Ансорийлардан мусобақаларда ҳеч енгилмаган бир киши: Мадинагача мусобақалашувчи борми? Ким мусобақа қила олади?”, деди. “Ҳурматли кишининг ҳурмати, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?”, дедим. “Фақатгина Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни”, деди. “Ё Аллоҳнинг расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, дедим. “Ҳоҳишинг бўлса, майли”, дедилар у зот. Мадинига ундан аввал етиб бордим”. Ушбу ривоятда бадантарбияга, жисмоний мусобақаларга қизиқтириш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига чақириқ бор.

 Машҳур табиб Абу Али Ибн Сино: “Бадантарбия билан мунтазам шуғулланган инсон ҳеч қандай дори-дармонга муҳтож бўлмайди”, деган.

Шу йил 30 октябрь куни Юртбошимиз “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бундан жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсад қилинган.

Пандемия даврида кўпчилигикнинг жисмоний саломатлиги, соғлом ҳаёт даражамиз заиф эканлиги сезилди. Айни даврда ушбу фармон кучга киргани муҳим аҳамият касб этди. Азиз юртдошларимизни ҳозирда мамлакатимизда оммавий тарзда ўтказилаётган юриш, югуриш, велоспорт машғулотларида фаол иштирок этишга чақириб қоламан.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни ҳифзи ҳимоясида асрасин, ўзимизни ислоҳ қилиб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишимизда куч-қувват ато этсин! 

Абдуллахон МИРЗАЕВ,

Денов туманидаги
“Муҳаммадқул” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги ўрта мактабни олтин медалга битирган Марям тиббиёт мактабига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинади. 27 ёшли Марямнинг мутахассислиги нейрохирург.

«IslamNews»нинг хабар беришича, Марям Ҳиндистоннинг юқори жарроҳлик малакасига эга бўлган энг ёш мутахассиси бўлди.

Марям ёшлигидан Ислом сабоқларидан таълим олган ҳолда вояга етди. У бўш вақтида хаттотлик билан ҳам шуғулланиб туради. Ёлғиз қизини тарбиялаган Марямнинг онаси Ислом асослари ўқитувчиси бўлиб, унга диний билим олишида катта ёрдам берган. «Мен у билан фахрланаман», дейди Марямнинг онаси.

манба

azon.uz

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғида тунаган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғида микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлади ва ривожланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғининг ювилиши, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайишини кеткизади”.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Васэда университети тадқиқотчиси Танада Хирофумининг сўзларига кўра, Японияда мусулмонлар сони ўтган 10 йил ичида икки баробардан зиёд кўпайди.
2010 йилда, статистика Японияда мусулмонларнинг сони 110 000 нафар эканлигини кўрсатди. 2019 охирига келиб, уларнинг сони 230 000 нафаргача ошди. Мусулмонлар сонининг ортиб бориши мамлакат бўйлаб масжидлар, намозхоналар ва ҳалол озиқ-овқат ресторанларининг қурилишига олиб келди.
Бугунги кунда Японияда 110 та масжид мавжуд бўлиб, бу ёқимли ўзгариш, дейди маҳаллий мусулмонлар уюшмаси раҳбари Муҳаммад Тоҳир Аббос Хон.
Японияда мусулмонлар жамоавий ибодатларни бажариш учун кўпроқ имкониятга эга бўлса-да, марҳумни дафн этиш учун жой топишлари ҳамон қийин. Япон халқининг 99% га яқини кремация қилинади, бу эса исломда таъқиқланади. "Бугун ўлсам, қаерга кўмилишимни билмайман", - дея ҳасрат қилади Хон.
Islam.ru маълумотларига кўра, Япония мусулмонлар уюшмаси ўн йил олдин янги қабристон учун жой излай бошлади. 70 миллион иен (700 минг АҚШ доллари) йиғишса ҳам яқин атрофдаги қишлоқ аҳолисининг норозилиги сабабли ерни сотиб олишга эриша олишмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top