muslim.uz

muslim.uz

Қадимдан устозлик ва мураббийлик қилган кишилар меҳр билан улуғланиб уларга эҳтиром кўрсатиб келинган. Аждодларимиз илмни устозларидан ўрганиб буюклик чўққисига чиқишган.

Аллоҳ таоло илм-маърифат тарқатиш ва эгаллашнинг савобини, устоз-мураббийлар, шогирдлар мартабасини баланд кўтарди. Муқаддас китобимиз – Қуръони каримнинг “Мужодала“ сураси 11-оятидаги мана шу жумла фикримизни яққол ифодалайди: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир”.

Аллоҳ таоло бу ояти каримада илмни, уни тарқатувчи илм аҳлини улуғламоқда. Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳар сафар ушбу оятни ўқисалар: “Эй одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади” деганлар. Уни шарҳламоққа, маъносини мағзини чақмоққа ҳожат йўқдир. Ҳадиси шарифларда илм аҳли аъло даражада таърифланган. Имом ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида икки киши зикр қилинди. Уларнинг бири обид, иккинчиси олим эди. “Олимнинг обидга нисбатан фазли, худди мен билан сизларнинг энг кичикларингиз фазлига ўхшашдир” дедилар. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳли, инидаги чумоли ҳам ва сувдаги балиқ ҳам инсонларга илм ўргатувчи кишига саловот айтади” дея устоз ва олимлик мартабасига эришганларнинг мақомини ва қадрини устун қўйганлар. Яна бир ҳадисларида “Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва илм аҳлини ҳурмат қилмаса, биздан эмасдир” дея устозларга яна бир карра ҳурмат-эҳтиром кўрсатадилар.

Улуғ алломаларимиздан бири Абу Ҳомид Ғаззолий “Эй фарзанд” номли асарида: “Чунки устоз ҳақи ота-она ҳақидан ҳам кўпроқ бўлади. Ота-она фарзандининг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз эса охират биносининг тикланишига асосий сабабчидир” дея ҳайратомуз бир ҳикматни қолдирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадисларида. “Аввало мен инсониятга гўзал ахлоқни ўргатиш учун юборилганман” деб ўзлари муаллим эканликларини баён қилганлар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизнинг ҳаққини билмаган кимса умматимдан эмасдир», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло устозларимизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин! Уларни ҳурмат қилиш ва уларнинг илмидан истифода қилишни бизларга муваффақ айласин!

Абдуқаҳҳор Хўжамуродов, 

Ховос тумани “Ғойиб ота” жоме масжиди имоми

Huquqiy axborot телеграм каналининг хабар беришича, ўғил болаларга Муҳаммад Али исми 19 383 та, қиз болаларга эса Солиҳа исми 18 616 та ном қўйилган.  

Дарҳақиқат, ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак: «Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди» (Имом Бухорий ривоят қилганлар).

«Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш, дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилганлар).

Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар”, деганлар.

Хўш, исломий ва ахлоқий тарбия қай тартибда олиб борилади? Маълумки, оила фақат эр-хотиндан иборат бўлмайди. Балки Аллоҳ фарзанд берса, уларга ўғил-қизлар ҳам қўшилиб, оила катталашиб боради. Натижада ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил – ҳаммаларининг ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар бўлади.

Агар Аллоҳ фарзанд бериб, аёл ҳомиладор бўлса, у яхши ният ва истаклар билан ҳалоллик ва покликни янада кучайтиради. Ибодатлар қилиб, фарзанднинг бахтини сўраб, дуолар қилади.

Фарзанд туғилганда эса ота-она Аллоҳга шукрлар қилади. Агар чақалоқ қиз бўлса, хурсандлигини кўпроқ изҳор қилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўрганда хафа бўлишар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган.

У зот ўз ҳадисларидан бирида:

«Кимки қиз фарзанд кўриб, сабр қилиб, яхши тарбияласа, улар ота-онаси учун қиёмат куни дўзахдан парда бўлади», деганлар.

Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, бола Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанднинг ҳиди жаннатнинг ҳидидандир», деганлар.

 

Хуршид Маъруф
тайёрлади

Аёл – моҳир уй бекаси, жонкуяр она, яхши мураббий. Унинг меҳри, тарбияси, таълими билан кўплаб олимлар етишиб чиққан. Қуръони каримнинг 35 та сурасида 102 марта “аёллар” сўзи ишлатилган. Суралардан бири Нисо (Аёллар) деб номлангани ҳам бежиз эмас.

Лекин, шунга қарамай, аёллар орасида ғийбат, жиноят, ўз жонига қасд қилиш каби ёмон иллатлар ҳали ҳам учраб турибди. Динимиз муслималарни бир қанча гуноҳ ишлардан қайтарган. Бу гуноҳлар, асосан, тил орқали содир этилади. Уларни бир сўз билан маънавий жиноятчилик деб атаймиз.

Ояти каримада: «…Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар! Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси, 12-оят), дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Ғийбат нима эканини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, дейишди. Набий алайҳиссалом: “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиздир”, дедилар. Улар: “Агар биродаримизда сиз айтган сифат бўлса-чи?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзал?” деб сўрашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом жавоб бердилар: “Тилидан ҳам, қўлидан ҳам мусулмонлар саломат бўлган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, сизу биз учун оддий ҳол саналадиган ғийбатнинг қанчалар гуноҳ эканига эътибор беринг-а… Овсинлар жанжаллашиб қолган болаларининг ўртасига тушиб, бисотидаги ёмон сўзларни ишлатса, келинлар қайноналарини беҳурмат қилса, опа-сингил бир-бири билан юлишса…

Ахир, биз ҳақиқий мўмин бўлишимиз учун тилимиз ёки қўлимиз билан ҳеч кимга азият етказмаслигимиз керак-ку. Ҳатто баъзан марҳумларни ҳам ғийбат қилаверамиз. Тириклардан кечирим сўрашимиз мумкиндир, лекин ўтганлардан-чи?

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Азиз аёллар, опа-сингиллар! Ҳаётда учрайдиган арзимас қийинчиликларни сабр билан енган инсон кучли саналади. Борига қаноат қилиш, ўзганинг ҳақидан қўрқиш, ўзаро яхшилик қилиш, зарра миқдорича ҳам ёмонлик қилмаслик ҳар бир мўминнинг бурчидир.

Қуръони каримнинг Залзала сураси 7–8-оятларда: “Бас, ким (ҳаёти дунёлик пайтида) зарра мисқолчалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолчалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур”, дейилган.

Мўминлар бир-бирларига ойнадир. Шу ойнага доғ туширмаслик керак. Доғ тушса, кетиши қийин бўлади.

Раҳима ИСКАНДАРОВА,

Сирдарё вилояти бош имомхатибининг хотин-қизлар

масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Вторник, 05 Январь 2021 00:00

Дунё севгиси ва зуҳд

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дабдабали, ҳашаматли, зийнатли, безакли, шоҳона ҳаёт кечирмади. Балки имкони бўла туриб, намунали, оддий, содда бир ҳаёт кечирди.

Имкони бўлмаган кишининг фақирона оддий ҳаёт кечириши табиий ҳолдир. Чунки у шундай яшашга мажбур. Аммо тўкин-сочин яшашга имкони бўла туриб, камтарона, оддий яшаб ўтган кишининг ҳаёти аҳамиятли, ибратли бир ҳодисадир...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай яшадилар.

Овқатланиши, ётиб туриши, ҳаракатлари ҳам одмигина эди. Содда, оддий ҳаёт кечирдилар ва шундай яшашни тавсия этдилар.

Саҳобаи киром ҳам шундай яшадилар. Баъзилари ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифа, давлат бошлиғи бўлдилар. Ўзларига белгиланган маошга қаноат қилиб, байтулмолга – давлат хазинасига қўл урмасдан, керакли жойга уни ҳисоб-китоб билан харажатлар эдилар. Имконлари бўла туриб оддий, камтарона ҳаётларини ўзгартирмадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари, ҳазрати пайғамбаримизнинг завжалари – Ҳафса онамиз, амирул мўъминин бўлган халифа оталарининг дастурхондан жуда ғариб, жуда қуруқ, маза-матрасиз овқатлар еяётганларини кўриб:

“– Отажоним, иқтисодимиз яхшиланди. Ҳар кимнинг ўзига яраша маоши бор... Бироз ўзингга қарасанг, аҳволингни яхшиласанг. Ошқозонингга ёқадиган, мазали таомлардан истеъмол қилсанг!”, – деб отасига ичи ачиганидан шундай сўзларни айтибди. (Албатта, давлат қудратли бўлгандан кейин, тижорат ривожланади. Ҳар томондан турли хил моллар кириб чиқади. Иқтисоди бақувват бўлганлар ҳам бу вазиятдан фойдаланиб, бойиб кетадилар).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳу аччиғланиб:

– Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинисан, у зотнинг қандай яшаганини биласан; шундай экан, нега менга бошқачароқ яшашни таклиф қиласан?.. Мен у кишининг йўлидан чиқмайман!”, – деб рад жавобини берибдилар.

Бошқа асҳоби киромлар ҳам шундай яшаганлар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ва бошқаларнинг ҳам ҳаётлари, таржимаи ҳоллари билан танишганимизда бунинг гувоҳи бўламиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмони Форсий розияллоҳу анҳум ҳам шаҳар ҳокими бўлганлар. Аммо яшаш тарзларини ўзгартирмаганлар. Ҳокимлик хонасида ётмаганлар, ранг-баранг, дабдабали либослар киймаганлар...

Буларнинг асосида бир туйғу бор эди. Дунёни кўзга илмаслик, аҳамият бермаслик... Унинг мол-мулкига, роҳат-фароғатига асир бўлиб қолмаслик... Охиратни исташ ва унга рағбат қилиш... Аллоҳнинг ризоси ҳақида ўйлаш ва ризосини қозониш учун ҳаракат қилиш... Тунларни ибодат ва кўз ёшлари билан ўтказиш, кундузлари елиб-югуриб халқ хизматини қилиш, бошқаларнинг дуосини олмоқ аммо мол-мулкини олмаслик... Қўл остида бошқаларнинг ҳақ ва ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари бўла туриб, ўз манфаати учун фойдаланмаслик ва содда ҳаётни давом эттиришни зуҳд, зоҳидлик дейдилар.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Таълим муасссаларида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада кучайтириш борасида фан ўқитувчиларининг ўз устида доимий ишлаши, тажриба орттириши, машғулотларда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратиш мақсадида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида жорий йилнинг 5 январь кунидан ихтисослик фан ўқитувчилари учун 3 кунлик ўқув-семинари бошланди.

Ўтказилаётган ўқув-семинарида Қорақалпоқ давлат университети, Педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси Ю.Пурханов ўз маърузаси билан иштирок этди.

Ўқув семинари бошланишида тажрибали педагог ходимлар томонидан таълим технологиялари, ҳар хил турдаги метод машғулоти, дарс ўтиш жараёнларига тегишли бошқа касбий маслаҳатларга, “жуфтликда ишланг”, “фикр улашинг” каби услубларнинг мазмун-моҳияти, амалиётда қўлланиш тартиби ва кутилган натижага эришиш йўллари кенг тушунтирилди.

Семинарда тажрибали мутахассислар томонидан берилган саволларга жавоб бериш орқали ҳар битта ўқитувчи ўзларини билим олишга талпиниб турган талабалардек тутиб, ҳар битта берилган саволларга зукколиб билан тезда жавоб бериб, ўзларининг билимларини янада оширишга эришдилар. Бундан ташқари дарс жараёнида ўтказиладиган ҳар битта методлар “key board” тахтаси ва слайдлар ёрдамида алоҳида тушунчалар бериб тушунтирилди.

Семинар якунида ҳар бир ўқитувчи ўзларининг семинарда олган таасуротларини, ўз фани билан боғлаган ҳолда умумлаштириб, таълим соҳасидаги бор билимларини янада кенгайтиришга мувофиқ бўлдилар.  

 

Даўранбек АЙТЖАНОВ

 Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

ўрта-махсус ислом билим юрти

ўқув-услубий бўлими услубчиси

Видеолавҳалар

Top